Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини экспорт қилишни рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й., 38-сон, 447-модда)
Экспорт салоҳиятини кенгайтириш, ташқи бозорларда талаб юқори бўлган мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини экспортга етказиб бериш ҳажмларини кўпайтириш ва турларини кенгайтириш мақсадида:
1. 2016 йил 20 сентябрдан бошлаб:
ташкилий-ҳуқуқий шаклидан ва идоравий мансублигидан қатъи назар, экспорт қилувчи корхоналар ва ташкилотлар, шу жумладан микрофирмалар, кичик корхоналар, фермер ва деҳқон хўжаликлари янги мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини экспорт қилишдан тушадиган валюта тушумининг 25 фоизини белгиланган тартибда мажбурий сотишни амалга оширадилар;
янги, қуритилган ва қайта ишланган мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини экспортга етказиб бериш юклаб жўнатиладиган маҳсулот қийматининг камида 30 фоизини олдиндан тўлаш шартларида амалга оширилади, қолган қисми учун тасдиқланган банк аккредитиви очилади ёхуд биринчи классли хорижий банк кафолати расмийлаштирилади.
2. 2016 йил 20 сентябрдан бошлаб «Ўзагроэкспорт» акциядорлик жамияти ихтисослаштирилган ташқи савдо компаниясига янги, қуритилган ва қайта ишланган мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини тўғридан-тўғри экспорт контрактлари асосида, шунингдек фермер ва деҳқон хўжаликлари, агрофирмалар ва қайта ишловчи корхоналар билан тузилган комиссия шартномалари бўйича олдиндан тўловсиз, тасдиқланган банк аккредитиви очмасдан ёхуд биринчи классли хорижий банк кафолатини расмийлаштирмасдан:
«Ўзагроэкспорт» акциядорлик жамиятнинг чет элда очилган қўшма корхоналари ва савдо уйлари;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланадиган рўйхат бўйича ишончли ва узоқ муддатли шериклар бўлган етакчи хорижий ташкилотлар — импорт қилувчилар манзилига чиқариш ва сотиш ҳуқуқи берилсин.
3. 2016 йил 20 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг иловага мувофиқ айрим ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилсин.
4. «Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқувчи ўзгартиришлар ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда таклифлар киритсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2016 йил 19 сентябрь,
ПҚ-2603-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 19 сентябрдаги ПҚ-2603-сон қарорига
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 2016 йил 20 сентябрдан бошлаб киритилаётган ўзгартиришлар
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчи ихтисослаштирилган «Ўзагроэкспорт» ташқи савдо компаниясини ташкил этиш тўғрисида» 2016 йил 7 апрелдаги ПҚ-2515-сон қарорининг 6-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2016 йил 12 апрелдаги ПҚ-2520-сон қарорининг 3-бандида:
олтинчи хатбоши қуйидаги таҳрирдаги олтинчи — тўққизинчи хатбошилар билан алмаштирилсин:
«янги, қуритилган ва қайта ишланган мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини экспортга етказиб бериш юклаб жўнатилаётган маҳсулот қийматининг камида 30 фоизини олдиндан тўлаш шарти билан амалга оширилади, қолган қисмига эса тасдиқланган банк аккредитиви очилади ёхуд биринчи классли хорижий банк кафолати расмийлаштирилади.
Бунда «Ўзагроэкспорт» АЖ ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси янги, қуритилган ва қайта ишланган мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини тўғридан-тўғри экспорт контрактлари асосида, шунингдек фермер ва деҳқон хўжаликлари, агрофирмалар ва қайта ишловчи корхоналар билан тузилган комиссия шартномалари бўйича, олдиндан тўловсиз, тасдиқланган банк аккредитиви очмасдан ёхуд биринчи классли хорижий банк кафолатини расмийлаштирмасдан ва ҳисоб-китоблар тўғрисида маълумотнома тақдим этмасдан:
«Ўзагроэкспорт» АЖнинг чет элда очилган қўшма корхоналари ва савдо уйлари;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланадиган рўйхат бўйича ишончли ва узоқ муддатли шериклар ҳисобланадиган етакчи хорижий ташкилотлар — импорт қилувчилар манзилига чиқариш ва сотиш ҳуқуқига эга»;
еттинчи — тўққизинчи хатбошилар тегишли равишда ўнинчи — ўн иккинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.