Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
«Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида
Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил 5 августда қабул қилинган
Сенат томонидан 2016 йил 24 августда маъқулланган
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 26 декабрда қабул қилинган «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги 543-I-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 йил, № 1, 12-модда; 2000 йил, № 5-6, 153-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2011 йил № 1, 1-модда; 2013 йил, № 4, 98-модда; 2014 йил, № 9, 244-модда) ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, унинг янги таҳрири тасдиқлансин (илова қилинади).
2-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
3-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ушбу Қонун «Халқ сўзи» газетасининг 2016 йил 22 сентябрдаги 187 (6622)-сонида эълон қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2016 йил 21 сентябрь,
ЎРҚ-409-сон
Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида
(янги таҳрири)
1-боб. Умумий қоидалар
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2-модда. Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
3-модда. Асосий тушунчалар
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
ботаника коллекцияси илмий, маданий-маърифий, ўқув-тарбиявий ва эстетик аҳамиятга эга бўлган,ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар яшаш фаолияти маҳсулотларининг тизимлаштирилган тўплами(гербарийлар, уруғлар) ҳамда сунъий яратилган шароитларда (ботаника боғларида, дендрология боғларида, питомникларда, плантацияларда ва бошқаларда) етиштириладиган ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар;
ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар — маданийлаштирилмаган дарахтлар, буталар, ўтсимонлар, қирққулоқсимонлар, йўсинсимонлар, сувўтлар, лишайниклар ва замбуруғлар;
ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг яшаш фаолияти маҳсулотлари — ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг яшаш фаолияти натижасида ҳосил бўлган илдизлар, пиёзбошлар, таналар, поялар, новдалар, пўстлоқ, барглар, ғунчалар, гуллар, уруғлар, мевалар, шарбат (елим) ва бошқа маҳсулотлар;
ўсимлик дунёси — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида табиий муҳитда ўсадиган ёки сунъий яратилган шароитларда етиштириладиган барча турдаги ёввойи ўсимликлар мажмуи;
ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш — ўсимлик дунёсининг яшаш фаолияти учун қулай шароитларни таъминлашга, унинг йўқ қилиб юборилишининг ёки унга бошқача зарарли таъсир кўрсатилишининг олдини олишга қаратилган фаолият;
ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш бўйича биотехник тадбирлар — ўсимлик дунёсини сақлаб қолиш, тиклаш,такрор кўпайтириш ва ундан оқилона фойдаланишга, у ўсадиган муҳитни сақлаб қолишга қаратилган, илмий асосланган тадбирлар мажмуи.
4-модда. Ўсимлик дунёсига нисбатан мулкчилик
Ўсимлик дунёси умуммиллий бойлик бўлиб, ундан оқилона фойдаланиш лозим ва у давлат томонидан муҳофаза қилинади.
Табиий муҳитда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар давлат мулкидир.
Сунъий яратилган шароитларда етиштириладиган ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар юридик ёки жисмоний шахснинг мулки бўлиши мумкин.
5-модда. Ўсимлик дунёси объектлари
Ўсимлик дунёси объектлари қуйидагилардан иборат:
ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар;
ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг яшаш фаолияти маҳсулотлари;
ботаника коллекциялари.
6-модда. Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланувчилар
Юридик ва жисмоний шахслар ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланувчилар бўлиши мумкин.
Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланувчилар ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш борасида ўзларига тегишли бўлган ҳуқуқни қонун ҳужжатларида белгиланган шартларда ва тартибда амалга оширади.
2-боб. Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасини тартибга солиш
7-модда. Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари
Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги давлат дастурларини, шунингдек бошқа чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;
ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги нормаларни давлат томонидан белгилаш;
ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида давлат назоратини амалга ошириш;
ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш;
ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.
8-модда. Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида давлат бошқаруви
Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида давлат бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан уларнинг ваколатлари доирасида амалга оширилади.
9-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;
ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги давлат дастурларини тасдиқлайди ҳамда амалга оширади;
давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятини ўз ваколатлари доирасида мувофиқлаштиради;
умумдавлат аҳамиятига молик муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
10-модда. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси:
ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги давлат дастурларини ҳамда бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;
ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этади;
ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги қоидаларни, ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш нормалари ҳамда нормативларини ишлаб чиқишни ташкил этади ва тасдиқлайди;
ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида давлат назоратини амалга оширади;
ўсимлик дунёси объектларининг давлат ҳисобини ва улардан фойдаланиш ҳажмларининг ҳисобини белгиланган тартибда юритади;
ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар етиштириладиган питомниклар ва плантацияларнинг давлат ҳисобини юритади;
ўсимлик дунёси объектларининг давлат кадастрини юритади;
Ўзбекистон Республикаси Қизил китобини юритади ва унинг нашр этилишини таъминлайди;
ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида давлат экологик экспертизасини ўтказади;
юридик ва жисмоний шахсларга ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланиш учун ушбу Қонунга мувофиқ рухсатнома беради;
бириктирилган муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш бўйича биотехник тадбирларни амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
11-модда. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги:
ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги давлат дастурларини ҳамда бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;
ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этади;
давлат ўрмон фонди ерларидаги ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги қоидаларни, ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш нормалари ҳамда нормативларини ишлаб чиқишда иштирок этади ва тасдиқлайди;
давлат ўрмон фонди ерларидаги ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида идоравий назоратни амалга оширади;
давлат ўрмон фонди ерларидаги ўсимлик дунёси объектларининг давлат ҳисобини ва улардан фойдаланиш ҳажмларининг ҳисобини белгиланган тартибда юритади;
Ўзбекистон Республикаси Қизил китобини юритишда иштирок этади;
юридик ва жисмоний шахсларга давлат ўрмон фонди ерларида ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланиш учун рухсатнома беради;
давлат ўрмон фонди ерларидаги ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш бўйича биотехник тадбирларни амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
12-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги ваколатлари
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:
ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги давлат дастурларини ҳамда бошқа дастурларни ишлаб чиқишда ва амалга оширишда иштирок этади;
ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги ҳудудий дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ҳамда амалга оширади;
табиий пичанзорларда ва яйлов жойларда пичан ўриш ҳамда чорва молларни ўтлатиш нормаларини тасдиқлайди;
тегишли ҳудудда ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида давлат назоратини амалга оширади;
юридик ва жисмоний шахсларга ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланиш учун ушбу Қонунга мувофиқ рухсатнома беради;
маҳаллий аҳамиятга молик муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ташкил этиш тўғрисидаги масалаларни белгиланган тартибда кўриб чиқади.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
13-модда. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланишни таъминлашда иштирок этиши
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси:
ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги давлат дастурларини ҳамда бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;
ўсимлик дунёси объектларининг давлат ҳисобини ва улардан фойдаланиш ҳажмларининг ҳисобини белгиланган тартибда юритади;
ўсимлик дунёси объектларининг давлат кадастри ва Ўзбекистон Республикаси Қизил китоби юритилишини илмий жиҳатдан таъминлашни амалга оширади;
ушбу Қонунда назарда тутилган ҳолларда ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида хулосалар беради;
ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги илмий йўналишларни белгилайди, илмий тадқиқотлар дастурларини ишлаб чиқади ва амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси қонун ҳужжатларига мувофиқ ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланишни таъминлаш бўйича бошқа тадбирларда ҳам иштирок этиши мумкин.
14-модда. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамда фуқароларнинг ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланишни таъминлашда иштирок этиши
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролар:
ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги давлат дастурларини, ҳудудий ва бошқа дастурларни амалга оширишда иштирок этади;
ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида жамоатчилик назоратини амалга оширади.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролар қонун ҳужжатларига мувофиқ ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланишни таъминлаш бўйича бошқа тадбирларда ҳам иштирок этиши мумкин.
3-боб. Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш
15-модда. Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилишга доир чора-тадбирлар
Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш:
ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги қоидаларни, ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш нормалари ва нормативларини белгилаш;
ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланишда чекловлар ва тақиқлар белгилаш;
ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланиш ҳуқуқини тўхтатиб туриш, тугатиш, бекор қилиш;
ўсимлик дунёси объектларидан ўзбошимчалик билан фойдаланишнинг ва улардан фойдаланиш борасида белгиланган тартибнинг бошқа бузилишларининг олдини олиш;
ўсимлик дунёси ўсадиган муҳитнинг муҳофаза қилинишини ташкил этиш;
камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар турларини Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритиш;
хўжалик фаолиятини ва бошқа фаолиятни амалга ошириш чоғида ўсимлик дунёсига зарарли таъсир кўрсатилишининг ёки унинг йўқ қилиб юборилишининг олдини олиш;
муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ташкил этиш ва ривожлантириш;
ботаника боғларини ва дендрология боғларини ташкил этиш;
ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни сунъий яратилган шароитларда етиштириш;
ўсимлик дунёсини ҳимоя қилиш, карантиндаги ва бошқа хавфли зараркунандаларни, ўсимликлар касалликларини ва бегона ўтларни ўз вақтида аниқлаш ҳамда йўқ қилиш бўйича карантин тадбирларини ўтказиш;
ўсимлик дунёси объектларини давлат ҳисобига олиш ва улардан фойдаланиш ҳажмларини ҳисобга олиш;
ўсимлик дунёси объектларининг давлат кадастрини юритиш ҳамда ўсимлик дунёси мониторингини амалга ошириш;
ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида назоратни амалга ошириш;
ўсимлик дунёси объектларини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқишни тартибга солиш;
ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида илмий тадқиқотларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш;
ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида давлат экологик экспертизасини ўтказиш;
ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш бўйича биотехник ва бошқа тадбирлар ўтказиш йўли билан амалга оширилади.
16-модда. Ўсимлик дунёси объектларини давлат ҳисобига олиш ва улардан фойдаланиш ҳажмларини ҳисобга олиш,ўсимлик дунёси объектларининг давлат кадастри
Ўсимлик дунёсининг муҳофаза қилинишини ва ундан оқилона фойдаланилишини таъминлаш учун ўсимлик дунёси объектларини давлат ҳисобига олиш ҳамда улардан фойдаланиш ҳажмларини ҳисобга олиш амалга оширилади.
Ўсимлик дунёси объектларининг давлат ҳисобини ва улардан фойдаланиш ҳажмларининг ҳисобини юритувчи вазирликлар,идоралар ҳамда ташкилотлар Ўсимлик дунёси объектларининг давлат кадастри бўйича зарур ахборотни Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига текин тақдим этади. Ўсимлик дунёси объектларининг давлат кадастри бўйича зарур ахборотнинг турлари, ҳажмлари ва уни тақдим этиш муддатлари Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан белгиланади.
Ўсимлик дунёсининг муҳофаза қилинишини ва ундан оқилона фойдаланилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан биргаликда ўсимлик дунёси объектларининг давлат кадастрини юритади.
Ўсимлик дунёси объектларининг давлат ҳисобини ва улардан фойдаланиш ҳажмларининг ҳисобини, ўсимлик дунёси объектларининг давлат кадастрини юритиш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
Ўсимлик дунёси объектларининг давлат ҳисобини ва улардан фойдаланиш ҳажмларининг ҳисобини, ўсимлик дунёси объектларининг давлат кадастрини юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
17-модда. Камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар турларини муҳофаза қилиш
Камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар турлари Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилади.
Камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар турларининг сони камайиб кетишига ёки уларнинг ўсадиган муҳити бузилишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларга (ҳаракатсизликка) йўл қўйилмайди.
18-модда. Ботаника боғлари
Ўсимлик дунёсини ва унинг генетик фондини сақлаб қолиш, камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг турларини сунъий яратилган шароитларда ўрганиш, иқлимга мослаш ва такрор кўпайтириш, илмий, ўқув ҳамда таълим ишларини олиб бориш, ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш бўйича билимларни тарғиб қилиш мақсадида ботаника боғлари ташкил этилиши мумкин.
Ботаника боғлари тегишинча Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори билан ташкил этиладиган умумдавлат аҳамиятига молик ботаника боғлари ва маҳаллий аҳамиятга молик ботаника боғларига бўлинади.
Ботаника боғлари ҳудудида ушбу боғларни ташкил этиш мақсадларига мувофиқ бўлмаган ва ўсимлик дунёсининг сақланиб қолишига таҳдид солувчи фаолият тақиқланади.
19-модда. Дендрология боғлари
Сунъий яратилган шароитларда ўсимликларнинг хилма-хил турларини сақлаб қолиш ҳамда уларни ўрганиш, улардан маданий-маърифий, ўқув-тарбиявий,рекреация ва эстетик мақсадларда фойдаланиш бўйича илмий фаолият юритиш учун дендрология боғлари ташкил этилиши мумкин.
Дендрология боғлари тегишинча Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори билан ташкил этиладиган умумдавлат аҳамиятига молик дендрология боғлари ва маҳаллий аҳамиятга молик дендрология боғларига бўлинади.
Дендрология боғлари ҳудудида ушбу боғларни ташкил этиш мақсадларига мувофиқ бўлмаган ва ўсимлик дунёсининг сақланиб қолишига таҳдид солувчи фаолият тақиқланади.
20-модда. Ўсимлик дунёсини такрор кўпайтириш
Ўсимлик дунёсини такрор кўпайтириш ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар турларининг табиий муҳитда ўсиши учун қулай шароитлар яратиш ёки уларни сунъий яратилган шароитларда етиштириш мақсадида амалга оширилади.
Ўсимлик дунёсини такрор кўпайтириш ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланувчилар томонидан қуйидагилар орқали таъминланади:
ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш бўйича биотехник тадбирлар ўтказиш;
ўсимлик дунёсининг табиий равишда такрор кўпайиши ва тикланиши учун қулай шароитлар яратиш;
ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида илмий тадқиқотлар ўтказиш;
ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар турларини сунъий яратилган шароитларда етиштириш ва уларни экиш.
Ўсимлик дунёсини такрор кўпайтириш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа йўллар билан ҳам таъминланиши мумкин.
21-модда. Ўсимлик дунёси ўсадиган муҳитни муҳофаза қилиш
Юридик ва жисмоний шахсларнинг ўсимлик дунёси ўсадиган муҳитга таъсир кўрсатадиган фаолияти ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланишга оид талабларга риоя этилган ҳолда амалга оширилиши керак.
Ўсимлик дунёси ўсадиган муҳитга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ишлаб чиқариш объектларини жойлаштириш ва улардан фойдаланиш, янги технологияларни жорий этиш, геология-қидирув ишларини ўтказиш, фойдали қазилмаларни қазиб олиш, чорва моллар ўтлатиладиган ҳамда қишлоқ хўжалик ҳайвонлари ҳайдаб ўтиладиган жойларни белгилаш тегишинча Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги билан келишиб олиниши лозим.
Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланишга оид талабларга жавоб бермайдиган ишлаб чиқариш объектларини ишга тушириш ҳамда технологияларни қўллаш тақиқланади.
Ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини, уларнинг ўсиш стимуляторларини, минерал ўғитларни ва бошқа препаратларни қўллаш чоғида ўсимлик дунёси ўсадиган муҳитни муҳофаза қилишга доир талаблар ҳисобга олиниши керак. Ўсимлик дунёси ўсадиган муҳит ёмонлашишининг олдини олиш мақсадида юридик ва жисмоний шахслар мазкур препаратларни ташиш, сақлаш ва қўллаш қоидаларига риоя этиши шарт.
Ўсимликларни улар ўсадиган муҳитда ўзбошимчалик билан йўқ қилиб юбориш, шу жумладан ёқиб юбориш тақиқланади.
22-модда. Ўсимлик дунёси объектларини олиб кириш ва олиб чиқиш
Ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни, шунингдек уларнинг қисмларини, яшаш фаолияти маҳсулотларини ва ботаника коллекцияларини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш табиатни муҳофаза қилиш органлари берадиган рухсатномалар асосида,Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикасига ғайриқонуний равишда олиб киришга ёки Ўзбекистон Республикасидан ғайриқонуний равишда олиб чиқишга уриниш чоғида ушлаб қолинган ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар, шунингдек уларнинг қисмлари, яшаш фаолияти маҳсулотлари ва ботаника коллекциялари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда олиб қўйилиши лозим.
23-модда. Ўсимлик дунёси мониторинги
Ўсимлик дунёси мониторинги Атроф табиий муҳит давлат мониторингининг таркибий қисми бўлиб, ўсимлик дунёси ва у ўсадиган муҳит ҳолатининг махсус ташкил этилган мунтазам кузатувларидан, ундаги ўзгаришларни аниқлаш, уни баҳолаш ҳамда прогноз қилишдан иборатдир.
Ўсимлик дунёси мониторинги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
24-модда. Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги назорат
Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги назорат давлат, идоравий, ишлаб чиқариш ҳамда жамоатчилик назорати тарзида амалга оширилади.
Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги давлат назорати Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилади.
Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги идоравий назорат давлат ўрмон фонди ерларида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан, давлат бошқаруви органларига қарашли ташкилотларда, шунингдек хўжалик бошқаруви органлари таркибига кирувчи ташкилотларда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан амалга оширилади.
Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги ишлаб чиқариш назорати хўжалик юритувчи субъектлар томонидан уларга бириктирилган ҳудудларда амалга оширилади.
Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги жамоатчилик назорати фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар томонидан амалга оширилади.
Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги назоратни амалга ошириш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
25-модда. Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланишни рағбатлантириш
Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланишни, шунингдек у ўсадиган муҳитнинг муҳофаза қилинишини ҳамда ҳолати яхшиланишини таъминлаётган юридик ва жисмоний шахсларга қонун ҳужжатларига мувофиқ имтиёзлар берилиши мумкин.
4-боб. Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланишга оид талаблар
26-модда. Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланишга оид асосий талаблар
Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланишга оид асосий талаблар қуйидагилардан иборат:
ўсимлик дунёсининг турлари хилма-хиллигини ва генетик фондини табиий шароитларда сақлаб қолиш;
ўсимлик дунёси ўсадиган муҳитни сақлаб қолиш;
ўсимлик дунёсидан оқилона фойдаланиш, уни тиклаш ва такрор кўпайтириш;
ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг тарқалишини ва сонини тартибга солиш.
27-модда. Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш бўйича биотехник тадбирларни келишиб олиш
Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланувчилар томонидан ишлаб чиқиладиган ҳамда тасдиқланадиган ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш бўйича биотехник тадбирлар табиатни муҳофаза қилиш органлари билан келишиб олиниши лозим.
28-модда. Ўсимлик дунёсининг ҳолатига таъсир кўрсатадиган фаолиятга доир талаблар
Ўсимлик дунёсининг ҳолатига таъсир кўрсатадиган фаолият ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланишга оид талабларга риоя этган ҳолда амалга оширилиши керак.
29-модда. Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида давлат экологик экспертизасини ўтказиш
Қуйидагилар давлат экологик экспертизасидан ўтказилиши лозим:
барча турдаги қурилишлар учун ер участкаларини танлаш материаллари, амалга оширилиши ўсимлик дунёсининг ҳолатига ёки унинг ўсадиган муҳитига зарарли таъсир кўрсатиши мумкин бўлган режадан олдинги, лойиҳадан олдинги ва лойиҳа ҳужжатлари;
ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни бошқа жойга кўчириш ва дурагайлаш ишларига доир лойиҳалар;
ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари, уларнинг ўсиш стимуляторлари, минерал ўғитлар ва бошқа препаратлар.
Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги давлат экологик экспертизаси экологик экспертиза тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтказилади.
5-боб. Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш. Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш турлари
30-модда. Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш
Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш умумий ва махсус фойдаланиш тартибида амалга оширилади.
Ўсимлик дунёси объектларидан умумий фойдаланиш жисмоний шахслар томонидан бепул, ҳаётий зарур эҳтиёжларни қаноатлантириш учун чекланган ҳажмларда ушбу Қонун 33-моддаси биринчи қисмининг бешинчи, олтинчи, еттинчи ва ўнинчи хатбошиларида назарда тутилган ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш турлари бўйича амалга оширилади.
Ўсимлик дунёси объектларидан умумий фойдаланиш нормалари ва тартиби табиатни муҳофаза қилиш органлари билан келишилган ҳолда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланади.
Ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланиш рухсатномалар асосида ҳақ эвазига амалга оширилади.
Ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланиш учун рухсатнома ушбу Қонунда белгиланган тартибда,тасдиқланган квоталар доирасида берилади.
Ўсимлик дунёси объектлари доимий ёки вақтинча (узоқ муддатли ва қисқа муддатли) фойдаланишга берилиши мумкин.
31-модда. Камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимлик турларини табиий муҳитдан ажратиб олиш
Камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимлик турларини табиий муҳитдан ажратиб олишга Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг хулосаси инобатга олинган ҳолда ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан бериладиган рухсатнома бўйича йўл қўйилади.
32-модда. Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланувчилар:
ўсимлик дунёси объектларидан ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ фойдаланиш;
ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш борасидаги бузилган ҳуқуқларининг тикланиши ва ўзларига етказилган зарарнинг ўрни қопланиши;
ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларга ва уларнинг яшаш фаолияти маҳсулотларига нисбатан мулк ҳуқуқига эгадир.
Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланувчилар:
ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида белгиланган қоидаларга, ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш нормалари ва нормативларига риоя этиши;
фойдаланишга бериб қўйилган ўсимлик дунёси объектларидан оқилона фойдаланиши;
ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва такрор кўпайтириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириши, шунингдек бириктирилган ҳудудларда ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида идоравий ва (ёки) ишлаб чиқариш назоратини амалга ошириши;
ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш жойларида ёнғин хавфсизлигига риоя этиши ва ёнғинга қарши тадбирларни амалга ошириши, ёнғинлар чиққан ҳолларда эса уларни ўчириш чораларини кўриши;
ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланганлик учун ҳақни ўз вақтида киритиши;
карантиндаги ва бошқа хавфли зараркунандаларни, ўсимликлар касалликларини ва бегона ўтларни ўз вақтида аниқлаш мақсадида ўсимлик дунёси ҳолати устидан мунтазам равишда кузатувлар ўтказиши, улар аниқланганда эса топилган ўчоқларни тугатиш чораларини кўриши;
ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш бўйича биотехник тадбирларни амалга ошириши;
бошқа ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқларини бузмаслиги;
ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузган ҳолда етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ ҳажмда қоплаши шарт.
Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланувчилар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва уларнинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
33-модда. Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш турлари
Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш турлари қуйидагилардан иборат:
ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни чорвачилик эҳтиёжлари учун тайёрлаш;
чорва молларни ўтлатиш;
ўсимлик дунёси объектларидан овчилик ва (ёки) балиқ овлаш хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланиш;
ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар техник хомашёсини йиғиш ва тайёрлаш;
ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар доривор хомашёсини йиғиш ва тайёрлаш;
ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни озиқ-овқат мақсадлари учун йиғиш ва тайёрлаш;
дарахтлар ва буталарни кесиш;
ўсимлик дунёси объектларидан илмий ва назорат ишларини ўтказиш учун фойдаланиш;
ўсимлик дунёси объектларидан маданий-маърифий, ўқув-тарбиявий, соғломлаштириш, рекреация ва эстетик мақсадларда фойдаланиш;
ўсимлик дунёси объектларидан табиатни муҳофаза қилиш мақсадларида фойдаланиш;
ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар айрим турларининг тарқалишини ва сонини тартибга солиш;
ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни бошқа жойларга кўчириш ва дурагайлаш;
ботаника коллекцияларини яратиш ва тўлдириб бориш.
Қонун ҳужжатларида ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланишнинг бошқа турлари ҳам назарда тутилиши мумкин.
34-модда. Ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни чорвачилик эҳтиёжлари учун тайёрлаш ва чорва молларни ўтлатиш
Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланувчилар томонидан ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни чорвачилик эҳтиёжлари учун тайёрлаш ва чорва молларни ўтлатиш ушбу мақсадлар учун уларга махсус бериб қўйилган табиий пичанзор ва яйлов жойларда амалга оширилади.
Ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни чорвачилик эҳтиёжлари учун тайёрлашга ва чорва молларни ўтлатишга:
давлат ўрмон фондининг табиий пичанзор ва яйлов жойларида — ўрмон билетлари бўйича;
ер эгаларининг, ердан фойдаланувчиларнинг, ижарачиларнинг ва ер участкалари мулкдорларининг ер участкаларида — уларнинг розилиги бўйича;
аҳоли пунктларининг (шаҳарларнинг, шаҳарчаларнинг ва қишлоқ аҳоли пунктларининг) ерларида ва захирадаги ерларда — маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари асосида йўл қўйилади.
35-модда. Ўсимлик дунёси объектларидан овчилик ва (ёки) балиқ овлаш хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланиш
Юридик ва жисмоний шахслар томонидан ўсимлик дунёси объектларидан овчилик ва (ёки) балиқ овлаш хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланиш уларга бириктирилган ов қилиш ва (ёки) балиқ овлаш жойларида ўсимлик дунёси объектларини улар ўсадиган муҳитдан ажратиб олмаган, ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланишга оид талабларга риоя этган ҳолда амалга оширилади.
36-модда. Ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг техник ва доривор хомашёсини, озиқ-овқат мақсадлари учун ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни йиғиш ва тайёрлаш
Ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг техник ва доривор хомашёсини, озиқ-овқат мақсадлари учун ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни жисмоний шахслар томонидан шахсий истеъмол учун йиғиш ва тайёрлашга умумий фойдаланиш тартибида йўл қўйилади.
Ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг техник ва доривор хомашёсини, озиқ-овқат мақсадлари учун ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланувчилар томонидан йиғиш ва тайёрлашга ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланиш ҳуқуқини берувчи рухсатномалар асосида йўл қўйилади.
Ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг техник ва доривор хомашёсини, озиқ-овқат мақсадлари учун ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни йиғиш ва тайёрлаш тартиби, бундай фойдаланиш учун тақиқланган ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар турларининг, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар турларининг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
37-модда. Дарахтлар ва буталарни кесиш
Давлат ўрмон фонди ерларидаги дарахтлар ва буталарни кесиш ўрмонни парвариш қилиш учун кесиш қоидаларига мувофиқ,ўрмонларнинг қўриқланиш тоифалари ҳисобга олинган ҳолда берилган ўрмон билетлари бўйича амалга оширилади.
Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесишга фақат санитария мақсадларида кесиш ҳамда биноларни, иншоотларни ва коммуникацияларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш билан боғлиқ ҳолда кесиш тартибида, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг табиатни муҳофаза қилиш органлари билан келишилган қарорига кўра йўл қўйилади.
Табиий омиллар ёки ўсимликлар зараркунандалари, касалликлари таъсирида зарарланган, қуриётган ёки қуриб қолган, шунингдек инсоннинг ҳаёти ва соғлиғи, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулки хавфсизлигига таҳдид солаётган дарахтлар ва буталарни кесиш маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг табиатни муҳофаза қилиш органлари билан келишилган қарорига кўра ҳақ тўламасдан амалга оширилади.
38-модда. Ўсимлик дунёси объектларидан илмий ва назорат ишларини ўтказиш учун фойдаланиш
Ўсимлик дунёси объектларидан илмий ва назорат ишларини ўтказиш учун фойдаланишга ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни уларнинг ўсадиган муҳитидан ажратиб олмаган ёки ажратиб олган ҳолда йўл қўйилади.
Илмий ва назорат ишларини ўтказиш учун ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланувчига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда махсус ер участкалари ажратилиши мумкин, бу ер участкаларида ўсимлик дунёси объектларидан бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг фойдаланиши, агар бу илмий ва назорат ишларини ўтказиш мақсадларига мувофиқ бўлмаса, чекланади ёки тақиқланади.
Ўсимлик дунёси объектларидан илмий ва назорат ишларини ўтказиш учун фойдаланишга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда йўл қўйилади.
39-модда. Ўсимлик дунёси объектларидан маданий-маърифий, ўқув-тарбиявий, соғломлаштириш, рекреация ва эстетик мақсадларда фойдаланиш
Ўсимлик дунёси объектларидан маданий-маърифий, ўқув-тарбиявий, соғломлаштириш, рекреация ва эстетик мақсадларда фойдаланишга ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни уларнинг ўсадиган муҳитидан ажратиб олмаган ёки ажратиб олган ҳолда йўл қўйилади.
Экологик, илмий, маданий ва эстетик жиҳатдан аҳамиятли, шунингдек шифобахш ва соғломлаштириш хусусиятига эга бўлган ўсимлик дунёси объектларидан маданий-маърифий, ўқув-тарбиявий, соғломлаштириш, рекреация ва эстетик мақсадларда фойдаланишга йўл қўйилади.
Ўсимлик дунёси объектларидан маданий-маърифий, ўқув-тарбиявий, соғломлаштириш, рекреация ва эстетик мақсадларда фойдаланиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
40-модда. Ўсимлик дунёси объектларидан табиатни муҳофаза қилиш мақсадларида фойдаланиш
Ўсимлик дунёси объектларидан табиатни муҳофаза қилиш мақсадларида фойдаланишга ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш бўйича ушбу Қонунда назарда тутилган талабларга риоя этган ҳолда йўл қўйилади.
41-модда. Ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар айрим турларининг тарқалишини ва сонини тартибга солиш
Ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар айрим турларининг (шудгорлар, пичанзорлар ва яйловларни табиий равишда босиб кетадиган заҳарли, гиёҳванд моддали, карантиндаги ўсимликлар, бегона ўтлар ҳамда бошқа ўсимликларнинг) тарқалишини ва сонини тартибга солиш ёввойи ҳолда ўсувчи бошқа ўсимликларга, уларнинг ўсадиган муҳитига ва ўзга табиатни муҳофаза қилиш объектларига зарар етказилишини истисно этадиган усуллар билан амалга оширилади.
Тарқалиши ва сони тартибга солиниши лозим бўлган ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг айрим турлари, шунингдек ушбу тартибга солиш қоидалари Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг хулосалари инобатга олинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан белгиланади.
42-модда. Ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни бошқа жойларга кўчириш ва дурагайлаш
Ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни бошқа жойларга кўчиришга, шунингдек уларни дурагайлашга белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг хулосалари инобатга олинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг қарорига кўра илмий ва хўжалик мақсадларида йўл қўйилади.
43-модда. Ботаника коллекцияларини яратиш ва тўлдириб бориш
Юридик ва жисмоний шахслар томонидан ботаника коллекцияларини яратиш ҳамда тўлдириб боришга Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан бериладиган рухсатномалар бўйича йўл қўйилади.
Илмий, маданий-маърифий, ўқув-тарбиявий ёки эстетик аҳамиятга молик ботаника коллекциялари давлат ҳисобига олиниши лозим. Ботаника коллекцияларининг давлат ҳисобига қўйилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан берилади.
Ботаника коллекцияларини яратувчи ҳамда тўлдириб борувчи юридик ва жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан тасдиқланган ботаника коллекцияларини ҳисобга олиш, тўлдириб бориш, шунингдек Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш қоидаларига риоя этиши шарт.
44-модда. Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш нормалари ва нормативлари
Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш нормалари ва нормативлари қуйидагилардан иборат:
ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг техник ва доривор хомашёсини,озиқ-овқат мақсадлари учун ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни йиғиш ва тайёрлаш учун Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг хулосаси инобатга олинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан тасдиқланган квоталар;
табиий пичанзорларда ва яйлов жойларда пичан ўриш ҳамда чорва молларни ўтлатишнинг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланган нормалари.
Қонун ҳужжатларида ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланишнинг бошқа нормалари ва нормативлари ҳам белгиланиши мумкин.
45-модда. Ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланиш учун рухсатнома бериш тартиби
Ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланиш учун рухсатнома:
давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерлардаги (ушбу модда биринчи қисмининг тўртинчи хатбошиси бундан мустасно) Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилмаган ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг барча турлари бўйича, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудидаги Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган турлари бўйича — Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан;
давлат ўрмон фонди ерларидаги Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилмаган ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг барча турлари бўйича — Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан;
давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерлардаги дарахтлар ва буталарни кесиш, ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни чорвачилик эҳтиёжлари учун тайёрлаш ва чорва молларни ўтлатиш учун табиатни муҳофаза қилиш органлари билан келишилган ҳолда — маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан берилади.
Ёғоч олиш ва мевалар етиштириш учун махсус экилган, юридик ёки жисмоний шахснинг мулки бўлган дарахтлар ва буталарни (тераклар ва бошқа тез ўсадиган турлар, тутзорлар, мевали дарахтлар ва буталар) кесиш учун рухсатнома талаб қилинмайди.
46-модда. Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланишни чеклаш ва тақиқлаш
Ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг айрим турларини муҳофаза қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бу ўсимлик турларидан фойдаланишга ёки фойдаланишнинг айрим турларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг хулосаларини инобатга олган ҳолда чекловлар ёки тақиқлар белгилаши мумкин.
Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш манфаатларини кўзлаб, ер эгаларининг, ердан фойдаланувчиларнинг, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорларининг, шунингдек ўрмонлардан, сувдан фойдаланувчиларнинг, сув истеъмолчиларининг ҳамда ер қаъридан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чекланиши ва уларнинг зиммасига тегишли мажбуриятлар юклатилиши мумкин.
47-модда. Ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланиш ҳуқуқини тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш
Ўсимлик дунёси муҳофаза қилинишини таъминлаш учун ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланиш ҳуқуқи тўхтатиб турилиши, тугатилиши ёки бекор қилиниши мумкин.
Ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланиш ҳуқуқи қуйидаги ҳолларда тўхтатиб турилиши мумкин:
рухсат беришга доир талаблар ва шартлар бузилганлиги аниқланганда;
махсус ваколатли давлат органининг аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисидаги қарори ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланувчилар томонидан бажарилмаганда.
Ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланиш ҳуқуқи қуйидаги ҳолларда тугатилади:
фойдаланиш зарурати қолмаганда ёки ундан воз кечилганда;
фойдаланишнинг белгиланган муддати ўтганда;
ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганда;
ўсимлик дунёсининг яшаш фаолияти учун қайтариб бўлмайдиган ўзгаришлар ва шароитларининг ёмонлашуви таҳдиди юзага келганда, ўсимлик дунёси йўқ қилиб юборилганда ёки унга бошқа зарарли таъсир кўрсатилганда;
ер участкалари давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилганда;
фойдаланиш ҳуқуқи берилган жисмоний шахс вафот этганда ёки фаолияти тугатилганда ёхуд юридик шахс тугатилганда.
Қонун ҳужжатларида ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланиш ҳуқуқини тўхтатиб туриш ёки тугатиш учун бошқа ҳоллар ҳам назарда тутилиши мумкин.
Ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланиш ҳуқуқи қуйидагилар асосида бекор қилиниши мумкин:
ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланувчининг рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бекор қилиш тўғрисидаги аризасига кўра;
рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганлиги факти аниқланганда.
Ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланиш ҳуқуқи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўхтатиб турилади, тугатилади ёки бекор қилинади.
48-модда. Ғайриқонуний равишда йиғилган ва тайёрланган ўсимлик дунёси объектларини олиб қўйиш
Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган ҳолда йиғилган ҳамда тайёрланган ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар ва уларнинг яшаш фаолияти маҳсулотлари, шунингдек яратилган ҳамда тўлдирилган ботаника коллекциялари олиб қўйилиши лозим, уларни олиб қўйиш имкони бўлмаган тақдирда эса уларнинг қиймати айбдор шахслардан қонун ҳужжатларида назарда тутилган миқдорда ва тартибда ундирилади.
6-боб. Якунловчи қоидалар
49-модда. Зарарнинг ўрнини қоплаш
Юридик ва жисмоний шахслар ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қоплаши шарт.
Зарарнинг ўрнини қоплаш айбдор шахсларни қонунга мувофиқ жавобгарликдан озод этмайди.
50-модда. Низоларни ҳал этиш
Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
51-модда. Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик
Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.