ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ТАБИАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИНИНГ
Қарори
«Ўзбекистон Республикасининг Қизил китоби» тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й., 30-сон, 367-модда)
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил 26 июлда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2817]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 9 мартдаги 109-сон «Ўзбекистон Республикасининг Қизил китоби» тўғрисида»ги қарорига асосан, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси қарор қилади:
1. «Ўзбекистон Республикасининг Қизил китоби» тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Раис Б. АБДУСАМАТОВ
Тошкент ш.,
2016 йил 14 июль,
20-сон
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2016 йил 14 июлдаги 20-сон қарорига
ИЛОВА
«Ўзбекистон Республикасининг Қизил китоби» тўғрисидаги
НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 9 мартдаги 109-сонли «Ўзбекистон Республикасининг Қизил китоби» тўғрисидаги қарорига асосан «Ўзбекистон Республикасининг Қизил китоби»нинг (бундан буён матнда Қизил китоб деб юритилади) тузилиши ҳамда уни юритиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Қизил китоб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимо ёки вақтинча, қуруқликда, сувда, атмосферада ёки тупроқда табиий эркинлик ҳолатида яшайдиган ҳайвонлар (умуртқали ва умуртқасиз ҳайвонлар) ҳамда табиий муҳитда ўсадиган ўсимликлар (юқори ва тубан ўсимликлар), шунингдек қўзиқоринларнинг (бундан буён матнда ҳайвонлар ва ўсимликлар деб юритилади) камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги турлари (кенжа турлари) рўйхати, уларнинг ҳолати ва уларни муҳофаза қилиш чора-тадбирлари тўғрисидаги маълумотлар мажмуи ҳисобланади.
2. Қизил китобга киритилган ҳайвонлар ва ўсимликлар турларининг (кенжа турлари) нобуд бўлиши, миқдори камайиб кетиши ёки уларнинг яшаш муҳити бузилишига олиб келиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатларга йўл қўйилмайди.
3. Қизил китоб унга киритилган ҳайвон ва ўсимликларнинг камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги турларини (кенжа турларини) муҳофаза қилиш, сақлаш, тиклаш ва такрор етиштиришга қаратилган дастурлар (ҳаракат режалар)ни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун асос бўлиб ҳисобланади.
4. Қизил китобни юритиш бўйича ишлар Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш республика давлат инспекциясининг бюджетдан ташқари жамғарма маблағлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузуридаги Табиатни муҳофаза қилиш республика жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
2-боб. Қизил китобнинг тузилиши
5. Қизил китоб икки томдан иборат бўлади.
6. Биринчи том «Ўсимликлар ва қўзиқоринлар» деб номланиб, икки бўлимдан — томирли ўсимликларга оид ҳамда қўзиқоринларга оид бўлимлардан иборат бўлади.
7. Иккинчи том «Ҳайвонлар» деб номланиб, олтита бўлимдан — умуртқасизлар, балиқлар, қуруқлик, ҳамда сувда яшайдиганлар ва судралиб юрувчилар, қушлар ҳамда сут эмизувчилар бўлимларидан иборат бўлади.
Бўлимлар Қизил китобга киритилган ҳайвонлар ва ўсимликлар турлари (кенжа турлари) сонига қараб, уларнинг синфлари, туркумлари, оилалари ва зотлари бўйича кичик бўлимларга бўлиниши мумкин.
8. Ҳар бир бўлимда (кичик бўлимда) Қизил китобга киритилган ҳайвонлар ва ўсимликлар турининг (кенжа турининг) таърифи ҳамда тавсифи кўрсатилиб, турлар бўйича алоҳида-алоҳида тизимли тартибда жойлаштирилади.
Бўлимда (кичик бўлимда) ҳайвонлар ва ўсимликлар турининг (кенжа турининг):
номи (лотин, ўзбек, инглиз ва рус тилларида);
мақоми (йўқолиб кетиш хавфи тоифаси);
тасвири;
Ўзбекистон Республикасида ва дунёда тарқалганлиги ҳақида маълумотлар;
яшаш (ўсиш) жойи ва тарзи, асосий лимитлаштирувчи омиллари ҳамда ареалининг (яшаш ҳудуди) ўзгариши сабаблари;
сони ва унинг ўзгаришга мойиллиги;
муҳофаза қилинишига доир қабул қилинган ва зарурий чора-тадбирлар;
сунъий кўпайтирилиши имкониятлари ҳақида маълумотлар кўрсатилади.
9. Қизил китобга унинг мазмун-моҳиятини ёритувчи қўшимча материаллар унинг иловаси сифатида расмийлаштирилиш мумкин.
3-боб. Қизил китобни юритиш
10. Қизил китобни юритиш Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон миллий университети, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги бош бошқармаси иштирокида Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан амалга оширилади.
11. Қизил китоб вақти-вақти билан янгилаб бориладиган маълумотлар базаси сифатида электрон шаклда юритилади ва кейинчалик илмий-оммабоп нашр сифатида чоп этилади.
Қизил китобнинг электрон шакли Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.
12. Қизил китобни юритиш қуйидаги асосий чора-тадбирларни ўз ичига олади:
ҳайвонот дунёсини ҳамда ўсимлик дунёси объектларининг давлат кадастри ва давлат ҳисоби;
ҳайвонлар ва ўсимликлар ҳолатининг давлат мониторинги;
ҳайвонлар ва ўсимликларнинг камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги турлари (кенжа турлари) бўйича маълумотлар базасини юритиш;
ҳайвонлар ва ўсимликларнинг камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги турларининг (кенжа турларининг) ҳолатини таҳлил қилиш;
ҳайвонлар ва ўсимликларнинг камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги турларининг (кенжа турларининг) мақомини баҳолаш;
ҳайвонлар ва ўсимликларнинг камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги турларини (кенжа турларини) Қизил китобга киритиш;
ҳайвонлар ва ўсимликларнинг камёб ёки йўқолиб кетиш хавфи остида бўлмаган турларни (кенжа турларини) Қизил китобдан чиқариш;
Қизил китобнинг нашр этилишини таъминлаш.
13. Ҳайвонот дунёси ҳамда ўсимлик дунёси объектларининг давлат кадастри ва уларнинг ҳисоби Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 5 сентябрдаги 343-сон билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ўсимлик дунёси объектларининг давлат кадастрини юритиш тартиби тўғрисидаги низом ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳайвонот дунёсининг давлат кадастрини юритиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.
14. Ҳайвонлар ва ўсимликлар ҳолатининг давлат мониторинги Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 3 апрелдаги 111-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида атроф табиий муҳитнинг давлат мониторинги тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.
15. Ҳайвонлар ва ўсимликларнинг камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги турлари (кенжа турлари) бўйича маълумотлар базаси Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг маълумотлари асосида Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан юритилади.
16. Ҳайвонлар ва ўсимликлар турларининг (кенжа турларининг) ҳолатини таҳлил қилиш ва уларни Қизил китобга киритиш ёки ундан чиқариш ҳақидаги тавсияларни ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 9 мартдаги 109-сон «Ўзбекистон Республикасининг Қизил китоби» тўғрисида»ги қарорига асосан тузилган Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузуридаги «Ўзбекистон Республикасининг Қизил китоби»ни юритиш бўйича идоралараро комиссия томонидан амалга оширилади.
«Ўзбекистон Республикасининг Қизил китоби»ни юритиш бўйича идоралараро комиссияси тақдими бўйича ҳайвонлар ва ўсимликларни Қизил китобга киритиш ёки ундан чиқариш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси томонидан бошқа манфаатдор ташкилотлар билан келишилган ҳолда қабул қилинади.
17. Қизил китобга ҳайвонлар ва ўсимликларнинг (акклиматизантлар (иқлимлаштирилганлар) бундан мустасно) камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги турлари (кенжа турлари) киритилади.
18. Ҳайвонлар ва ўсимликларнинг турлари (кенжа турлари):
тарқалиши чекланганда ёки сони камлигида;
10 йил ёки давомийлиги бўйича 10 йилдан кўпроқ бўлганда уч авлод давомида ҳар йили уларнинг сони ва (ёки) ареали (ўсимлик ёки ҳайвонларнинг бирор бир тури тарқалган жойлар) қисқарганда;
Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқининг (International Union for Conservation of Nature) Қизил рўйхатига киритилганда улар камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги ҳайвонлар ва ўсимликлар турлари (кенжа турлари) деб эътироф этилади.
19. Ҳайвонлар ва ўсимликлар турлари (кенжа турлари ва популяциялари) уларнинг сони қайта тикланганда ва генофонди сақланишига хавф туғдирмайдиган даражагача кўпайганда, яшаш ҳамда ўсиш шароити тикланганда, улар Қизил китобдан чиқарилади.
20. Зарурат бўлганда, Қизил китобга киритиладиган ҳайвонлар ва ўсимликларнинг ҳар бир тури (кенжа тури) «тур» таксономик (турлар тизими) даражасидан қуйи даражаси ҳам белгиланиши мумкин.
21. Қизил китобга киритилаётган ҳайвонлар ва ўсимликлар турларининг (кенжа турларининг) мақоми Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқининг (International Union for Conservation of Nature) Қизил рўйхатида назарда тутилган тоифалар ва мезонларига асосан уларнинг йўқолиб кетиш хавфи даражасига қараб қуйидагича тоифаланади:
йўқ бўлиб кетган;
табиатда йўқ бўлиб кетган;
бутунлай йўқ бўлиб кетиш арафасида турган;
йўқ бўлиб кетаётган;
заиф, қисқариб бораётган;
заифга яқин;
хавотир туғдирмайдиган;
маълумотлар (етарли бўлмаганлар) етишмаслик.
22. Ҳайвонлар ва ўсимликлар турларининг (кенжа турларининг) популяцияси сони, камайиш динамикаси, тарқалиши ва ўсиш (яшаш) муҳити шароитларининг ўзгариши ҳақидаги ҳамда уларни муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлигини кўрсатувчи маълумотлар уларни Қизил китобга киритиш учун асос бўлиб ҳисобланади.
23. Қизил китобга ҳайвонлар ва ўсимликларнинг турларини (кенжа турларини) киритиш ва ундан чиқариш Қизил китобга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали амалга оширилади.
24. Қизил китобга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилиши Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан амалга оширилади.
25. Қизил китобга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг расмий веб-сайтида жойлаштирилиши лозим.
26. Қизил китобга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг барча ҳайвонот ва ўсимлик дунёсидан фойдаланувчилар ҳамда ҳайвонот ва ўсимлик дунёсидан фойдаланиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи ташкилотлар эътиборига етказилиши Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан таъминланади.
27. Қизил китоб 10 йилда камида бир марта илмий-оммабоп нашр сифатида чоп этилади.
28. Қизил китобни нашр этишга тайёрлаш Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан амалга оширилади.
29. Қизил китобнинг илмий-оммабоп нашри макети ҳамда матни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан тасдиқланади.
30. Илмий-оммабоп нашрнинг тиражи ҳамда уни тарқатиш шартлари Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан белгиланади.
31. Илмий-оммабоп нашр сифатида чоп этилган Қизил китобнинг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилиши Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан амалга оширилади.
4-боб. Якуний қоидалар
32. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.
33. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Фанлар академияси билан келишилган.
Молия вазири Р. АЗИМОВ
2016 йил 13 июль
Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Ш. ТЕШАЕВ
2016 йил 13 июль
Олий ва ўрта махсус таълим вазири А. ВАҲОБОВ
2016 йил 13 июль
Фанлар академияси президенти Ш. САЛИХОВ
2016 йил 13 июль