Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Қорақалпоғистон Республикасида балиқчилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й., 19-сон, 212-модда)
Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида балиқчилик тармоғини янада ривожлантириш, «Жалтирбас», «Судочье» ва «Рибачье» табиий сув ҳавзаларининг балиқ маҳсулдорлигини ошириш, янги иш ўринларини яратишга, аҳолини юқори сифатли балиқ маҳсулотлари билан таъминлашга доир вазифаларни ҳал этишга комплекс ёндашиш, шунингдек юқорида қайд этилган табиий сув ҳавзаларини балиқлантиришни самарали ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг:
Мўйноқ тумани ҳокимлиги ҳузурида «Мўйноқ аква саноат» давлат унитар корхонасини (кейинги ўринларда «Мўйноқ аква саноат» ДУК деб аталади) ташкил этиш;
Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида жойлашган «Жалтирбас» (17280 га), «Судочье» (19000 га) ва «Рибачье» (3000 га) табиий сув ҳавзаларини (кейинги ўринларда сув ҳавзалари деб аталади) балиқчилик тармоғини ривожлантириш учун белгиланган тартибда «Мўйноқ аква саноат» ДУКга доимий алоҳида фойдаланиш учун бериш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
2. Қуйидагилар «Мўйноқ аква саноат» ДУКнинг асосий вазифалари ҳисоблансин:
сув ҳавзаларини келгусида балиқлантириш учун балиқ чавоқларини етиштириш мақсадида сув ҳавзалари ҳудудида балиқ питомниклари ва инкубация цехларини ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини таъминлаш;
сув ҳавзаларида қафас усулида балиқ етиштириш технологияларини яратиш ва жорий этиш ишларини ташкил қилиш;
сув ҳавзалари ҳудудида ҳаваскорлик ва спорт мақсадидаги балиқ овини, туризмни ривожлантириш:
балиқ овлаш ҳажмини кўпайтириш, рақобатбардош балиқ маҳсулотлари ва ярим тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича технологик жараёнларни босқичма-босқич шакллантириш.
3. Қуйидагилар:
«Мўйноқ аква саноат» ДУКнинг бошқарув ходимларининг чекланган сони 9 нафардан иборат бўлган бошқарув тузилмаси 1-иловага* мувофиқ:
Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманидаги «Жалтирбас», «Судочье» ва «Рибачье» табиий сув ҳавзаларини янада ривожлантириш ва биологик ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари комплекси 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1 ва 2-иловалар рус тилидаги матнда берилган.
4. Белгилансинки:
Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ тумани ҳокимлиги «Мўйноқ аква саноат» ДУКнинг муассиси ҳисобланади:
«Мўйноқ аква саноат» ДУК ўз фаолиятини тўлиқ ўзини ўзи молиялаштириш асосида амалга оширади, ишлаб чиқариш-хўжалик ва молиявий фаолият масалаларини мустақил ҳал қилади.
5. «Ипотека-банк» АТИБка Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманидаги «Жалтирбас», «Судочье» ва «Рибачье» табиий сув ҳавзаларини янада ривожлантириш ва биологик ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича тасдиқланган чора-тадбирлар комплексида назарда тутилган тадбирларнинг бажарилишини молиялаштириш учун «Мўйноқ аква саноат» ДУКга белгиланган тартибда кредитлар ажратиш тавсия этилсин.
6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши бир ой муддатда:
Мўйноқ тумани ҳокимлиги томонидан «Мўйноқ аква саноат» ДУКнинг устави тасдиқланишини ва унинг давлат рўйхатидан ўтказилишини:
«Мўйноқ аква саноат» ДУКнинг ижро этувчи аппарати тасдиқланган тузилма ва штатлар жадвалига мувофиқ пухта танлов асосида юқори малакали мутахассислар билан тўлдирилишини таъминласин.
«Мўйноқ аква саноат» ДУК қуйидаги манзилга жойлаштирилсин:
Қорақалпоғистон Республикаси, Мўйноқ тумани, Ажиниёз кўчаси, 77-уй.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда истеъмол товарлари масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2016 йил 6 май,
145-сон