Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг
буйруғи
Идоравий ва спорт ўқотар қурол ҳамда унинг ўқ-дорилари сақланадиган хоналарнинг муҳандислик-техник жиҳатдан мустаҳкамлиги ҳамда қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш сигнализацияси воситалари билан жиҳозланишига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2015 й., 29-сон, 392-модда)
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил 23 июлда 2700-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1991 йил 25 октябрдаги 270-сон «Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳақида»ги қарорига мувофиқ ҳамда идоравий ва спорт ўқотар қурол ҳамда унинг ўқ-дориларини ишончли сақланишини ташкил этиш мақсадида буюраман:
1. Идоравий ва спорт ўқотар қурол ҳамда унинг ўқ-дорилари сақланадиган хоналарнинг муҳандислик-техник жиҳатдан мустаҳкамлиги ҳамда қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш сигнализацияси воситалари билан жиҳозланишига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
Вазир А. АХМЕДБАЕВ
Тошкент ш.,
2015 йил 10 июль,
118-сон
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2015 йил 10 июлдаги 118-сон буйруғига
ИЛОВА
Идоравий ва спорт ўқотар қурол ҳамда унинг ўқ-дорилари сақланадиган хоналарнинг муҳандислик-техник жиҳатдан мустаҳкамлиги ҳамда қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш сигнализацияси воситалари билан жиҳозланишига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги
НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1991 йил 25 октябрдаги 270-сон «Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, идоравий ва спорт ўқотар қурол ҳамда унинг ўқ-дорилари сақланадиган хоналарнинг муҳандислик-техник жиҳатдан мустаҳкамлиги ҳамда қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш сигнализацияси воситалари билан жиҳозланишига қўйиладиган талабларни белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низомда қўлланиладиган асосий тушунчалар:
идоравий ўқотар қурол — фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, мол-мулкни, табиатни, табиий бойликларни, қимматбаҳо ва хавфли юкларни, махсус почта жўнатмаларини ҳимоя қилиш вазифаси юклатилган ташкилотлар ходимлари томонидан фойдаланишга мўлжалланган ўқотар қурол;
қурол ва ўқ-дорилар — идоравий ва спорт ўқотар қурол ҳамда унинг ўқ-дорилари;
қуролхона — қурол ва ўқ-дориларни сақлашга мўлжалланган, мазкур Низом талабларига биноан техник жиҳатдан мустаҳкамланган ҳамда қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш сигнализацияси воситалари билан жиҳозланган иншоот (омбор, хона);
ташкилотлар — республика давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларнинг қурол ва ўқ-дориларни сақловчи бўлинмалари.
2. Мазкур низом қоидалари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ва Давлат божхона қўмитаси тузилмасига кирувчи ташкилотларга татбиқ этилмайди.
3. Қурол ва ўқ-дорилар қуролхонанинг ичида жойлаштирилган сейфлар ва металл шкафларда сақланади. Қуролхонада битта кириш жойи (эшик ўрни) бўлиши лозим.
4. Қурол ва ўқ-дориларни сақлашга мўлжалланган сейф ва металл шкафлар деворларининг қалинлиги 3 мм дан кам бўлмаслиги, камида иккита ички (ўйма) қулфлар билан жиҳозланган ҳамда пол ёки деворга қотирилган (пайвандланган) бўлиши лозим, ўртача ва катта габаритли (ўлчамлари 1500х600х500 мм дан кам бўлмаган), оғир (оғирлиги 700 кг дан ортиқ) сейф ва металл шкафлар бундан мустасно. Сейф ва металл шкафларнинг эшиклари металли уст қўймалар (накладка) ёки бурчаклар билан мустаҳкамланади.
Қурол ва ўқ-дориларни сейф типидаги битта ички қулфга эга бўлган оғир сейфларда сақлашга рухсат берилади.
Қуролларни сақлаш учун пўлат шкафлардан фойдаланиш тавсия этилади.
2-боб. Қуролхоналарнинг муҳандислик-техник жиҳатдан мустаҳкамлигига қўйиладиган талаблар
5. Қуролхона бошқа хоналардан алоҳида жойлаштирилган бўлиши, мустаҳкам деворлар, шифт тўсинлари ва полга эга бўлиши лозим.
6. Қуролхонанинг асосий (ташқи) деворлари қалинлиги 360 мм дан кам бўлмаган пишиқ ғишт ёки тошдан ёхуд 200 мм дан кам бўлмаган темир-бетонли девор блокларидан кўтарилган бўлиши лозим.
Қуролхонанинг ички деворлари (пардеворлари) қалинлиги 240 мм дан кам бўлмаган пишиқ ғишт ёки тошдан ёхуд 120 мм дан кам бўлмаган темир-бетонли девор блокларидан кўтарилган бўлиши лозим.
7. Қуролхонанинг поли ва шифт тўсинлари қалинлиги 180 мм дан кам бўлмаган темир-бетонли плиталардан ётқизилган бўлиши лозим.
8. Қуролхонанинг деворлари, шифт тўсинлари ва поли ичкари томондан бутун майдон бўйича қўшимча равишда металл панжаралар билан мустаҳкамланади (арматураланади). Металл панжара сим чивиқларининг учлари девор ва плиталардан чиқарилган, оралиғи 500х500 мм бўлган ҳамда диаметри 12 мм дан кам бўлмаган анкерларга (металл штирларга) пайвандланади. Анкерларни деворга мустаҳкамлаш имкони бўлмаган тақдирда, 100х50х6 мм ўлчамли металл тасмалардан тайёрланган тўсиқ деталларини тўртта дюбель михлари ёрдамида темир-бетон ёки бетон сатҳларга отиб қоқишга йўл қўйилади.
9. Қуролхона пухта, эшик кесакисига зич мустаҳкамланган (мослаштирилган), соз бўлган иккита эшик билан жиҳозланади.
Ташқи (асосий) эшик яхлит, қалинлиги 3 мм дан кам бўлмаган металл листдан тайёрланиб, унга камида иккита ички (ўйма) қулф ва махсус рақамланган муҳр билан муҳрлаш ёки пломбалаш мосламаси ўрнатилган бўлиши лозим. Ташқи (асосий) эшик қуролхонадан чиқиш томонга (ташқарига) очилади.
Ички (қўшимча) эшик металл панжаралардан тайёрланиб, ички (уйма) ёки осма қулф билан жиҳозланади. Ички эшик қуролхонага кириш томонга (ичкарига) очилади.
Ташқи ва ички эшиклар секретлари бўйича ҳар хил бўлган қулфлар, ишончли қотиргичлар ва ошиқ-мошиқлар мосламаси билан жиҳозланади. Қулфлар ёки қулфлаш ускуналари ригеллари кўндаланг кесишмасининг майдони бўйича 3 см2 дан кам бўлмаслиги лозим.
10. Эшик ўрнининг (қутисининг) роми қалинлиги 5 мм дан кам бўлмаган металл профилдан (швеллердан, бурчакдан ва шу кабилардан) тайёрланиб, диаметри 2 мм дан ва узунлиги 130 мм дан кам бўлмаган, бир хил оралиқда жойлаштирилган камида ўнта металл штирлар ёрдамида деворга қотирилади.
Эшик ўрнини (қутисини) ромлаш ва қотириш учун пўлат профилдан ва пўлат сим чивиқли штирлардан фойдаланиш тавсия этилади.
11. Қуролхонада дераза ўринларининг бўлишига, қоида тариқасида, йўл қўйилмайди, қурол ва ўқ-дориларни бериш ва қабул қилиш дарчаси бундан мустасно.
Аввал қурилган хоналарда дераза ўринлари бўлган тақдирда, уларга қуролхонанинг ички томонидан ёки ромлар ўртасига металл панжаралар ўрнатилиши, панжаралар симларининг учлари деворга 80 мм дан кам бўлмаган чуқурликда бетон ёрдамида қотирилиши лозим.
Биринчи қаватда жойлашган қуролхоналарда дераза ўринлари бўлган тақдирда, уларга қўшимча равишда қуролхонанинг ички томонидан металл ёки икки томонидан металл листлар билан қопланган ёғоч дераза эшиклари ўрнатилади. Ушбу эшикларда осма қулф ва махсус рақамланган муҳр билан муҳрлаш ёки пломбалаш мосламаси бўлиши лозим.
12. Қуролхонанинг ичкарисига чиқувчи вентиляция ва бошқа муҳандислик коммуникацияларининг люклари ва туйнукларига хона ичига ўтиш имконини истисно этадиган диаметри 15 мм дан кам ҳамда катакчаларнинг ўлчами 100х100 мм дан катта бўлмаган металл панжаралар ўрнатилиши лозим.
Қуролхонанинг деворларида, шифт тўсинлари ёки полида муҳандислик тармоқларини ўтказиш учун қолдирилган туйнукларнинг диаметри 200 мм дан катта бўлмаслиги лозим.
13. Қуролхонанинг деворлари, шифт тўсинлари ва полини мустаҳкамлашда (арматуралашда) фойдаланиладиган, шунингдек эшик ва дераза ўринларидаги панжараларнинг металл сим чивиқлари (арматуралари) диаметри 15 мм дан кам бўлмаслиги лозим. Сим чивиқлари 150х150 мм дан катта бўлмаган катакчаларни ҳосил қилган ҳолда ҳар бир кесишмасида пайвандланади.
Панжараларни пўлат сим чивиқларидан (пўлат арматурадан) тайёрлаш тавсия этилади.
14. Қурол ва ўқ-дориларни бевосита бериш ва қабул қилиш учун қуролхонада қуролни ўқлаш-ўқсизлантириш жойи томонидан махсус дарча жиҳозланиши лозим. Махсус дарча пол сатҳидан 110 см баландликда бўлиши, ўлчами 180х240 мм дан катта бўлмаслиги зарур. Махсус дарчанинг роми қалинлиги 5 мм дан ва токчасининг кенглиги 100 мм дан кам бўлмаган металл профилдан тайёрланиб, деворга ҳар иккала томонидан диаметри 12 мм дан ва узунлиги 130 мм дан кам бўлмаган камида иккитадан металл штирлар билан қотирилади ҳамда ички томонидан қалинлиги 3 мм дан кам бўлмаган лўкидон (тамба) ва осма қулф билан қулфланадиган металл эшикча билан жиҳозланади.
Дарча қутисини ромлаш ва қотириш учун пўлат профилдан ва пўлат сим чивиқли штирлардан фойдаланиш тавсия этилади.
Қуролни ўқлаш-ўқсизлантириш учун қуролхонадан ташқарида, унга ёндош бўлган хона ажратилиши зарур.
15. Қуролхонанинг ичи қуруқ бўлиши ҳамда сунъий ёки табиий равишда тортиб олувчи вентиляция билан жиҳозланиши лозим.
3-боб. Қуролхоналарнинг қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш сигнализацияси воситалари билан жиҳозланишига қўйиладиган талаблар
16. Қуролхонада қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш сигнализацияси комплексини лойиҳалаштириш, монтаж қилиш, созлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш ишлари ёнғинга қарши автоматика воситаларини, қўриқлаш сигнализацияларини, ёнғиндан дарак берувчи ва ёнғиндан сақловчи сигнализацияларни лойиҳалаштириш, монтаж қилиш, созлаш, таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган ихтисослаштирилган ташкилот томонидан амалга оширилади. Қуролхона қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш сигнализацияси воситалари билан махсус лойиҳаларга мувофиқ жиҳозланади.
17. Қуролхона ҳудудий ички ишлар органларининг техник қўриқлаш пункти қўриқловига топширилиб, унинг қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш сигнализацияси комплекси техник қўриқлаш пунктининг бошқарув ва кузатув пультига уланиши лозим.
18. Қуролхонани ҳудудий ички ишлар органларининг техник қўриқлаш пункти қўриқловига топширишнинг техник имкони бўлмаган тақдирда, у ташкилот биносининг ташқи томонига жойлаштирилган баланд товуш чиқарувчи ускуна (сирена) ҳамда қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш сигнализациясининг ташвиш сигналини кечаю-кундуз ишловчи энг яқин қўриқлаш постига, шунингдек ташкилотнинг кечаю-кундуз ишловчи қоровуллик, қўриқлаш, навбатчилик ёхуд диспетчерлик хизмати хонасига узатадиган автоном сигнализация билан жиҳозланади.
Ҳудудий ички ишлар органларининг техник қўриқлаш пункти қўриқловига топширилмаган ёки кечаю-кундуз ишловчи қўриқлаш пости ҳамда қоровуллик, қўриқлаш, навбатчилик ёхуд диспетчерлик хизмати хонаси бўлмаган ташкилотда қуролхонанинг жиҳозланишига йўл қўйилмайди.
19. Қуролхона икки (ташқи ва ички) доирали қўриқлаш, шунингдек ёнғиндан дарак берувчи сигнализация билан жиҳозланади.
20. Биринчи (ташқи) доирадаги қўриқлаш сигнализациясининг датчиклари хонага рухсатсиз кириб-чиқишни (очишни, бузишни) аниқлаш мақсадида эшикларга, деразаларга, қурол ва ўқ-дориларни бериш-қабул қилиш дарчасига, вентиляция ва бошқа муҳандислик коммуникациялари люклари ва туйнукларига ўрнатилади.
21. Иккинчи (ички) доирадаги қўриқлаш сигнализацияси датчиклари хона ичида рухсатсиз бегона шахсларнинг борлигини аниқлаш мақсадида қуролхона ичига ўрнатилади.
22. Ёнғиндан дарак берувчи сигнализациянинг датчиклари хона ичига, у ердаги ёнғинга қарши вазият кескин ўзгарганда (ҳарорат кўтарилиши, тутун ҳосил бўлиши ва бошқалар) ёки ёнғин юзага келганда ташвиш сигналини бериш учун ўрнатилади. Ёнғиндан дарак берувчи сигнализация ёнғин чиққанлиги ёки бино ичидаги ёнғин хавфсизлиги ҳолати ўзгарганлигини аниқлаш ва сигнал беришга мўлжалланган тутунли, иссиқлик, ёруғлик ва/ёки комбинацияланган хабар бергичлар билан жиҳозланади.
23. Қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш сигнализациясининг симлари электр узатиш қутисидан (коммутацион ускунадан) датчикларгача яширин тарзда, деворлар ёки шифт ости тўсиқларига чуқур киритилиб ва суваб ёхуд деворлар ва шифт ости панеллари ичига жойлаштирилиб ўтказилиши ҳамда унга шикаст етказилганида ишлаб кетадиган датчиклар билан таъминланган бўлиши лозим.
Қўриқлаш сигнализациясининг шлейфлари темир-бетон ва бетон қурилиш конструкциялари бўйлаб қувурларда фақат қуролхона ичида ётқизилиши керак.
Қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш сигнализациясининг сигнал берувчи ва таъминлаш кабеллари тасодифий равишда ёки қасддан шикастланишлардан юқори даражада ҳимояланган бўлиши керак.
24. Ташвиш сигналини узатишда қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш сигнализацияси комплекси автоматик тарзда ишлаши лозим.
25. Қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш сигнализацияси комплексининг электр таъминоти тармоғи унинг сутка давомида узлуксиз тарзда ишлашини таъминлайдиган бўлиши зарур.
Қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш сигнализацияси комплексининг электр таъминоти тармоғи асосий электр тизими ўчирилганда уни алмаштирувчи, автоматик тарзда ишга тушадиган электр таъминоти манбасига (дизель-генератор ва бошқалар) уланган ва камида 3 соат ишловчи аккумулятор билан таъминланган бўлиши лозим.
26. Қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш сигнализацияси комплекси ташкилот биносининг ташқи томонида баланд товуш чиқарувчи ускуна (сирена) билан жиҳозланиши лозим.
27. Қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш сигнализациясининг ташвиш сигнали ташкилотнинг кечаю-кундуз ишловчи қоровуллик, қўриқлаш, навбатчилик ёхуд диспетчерлик хизмати хонасидаги махсус кўп каналли (кўп нурли) пультга келиб тушиши, ушбу пультдаги махсус таблода бузилиш ёки ёнғин рўй берган жойни нур ёрдамида кўрсатадиган товушли, ёруғлик ёки бошқа индикаторлар бўлиши керак.
Ташвиш сигнали ташкилотнинг кечаю-кундуз ишловчи қоровуллик, қўриқлаш, навбатчилик ёхуд диспетчерлик хизмати хонасидаги махсус кўп каналли (кўп нурли) пультга келиб тушиши билан бир вақтда симли ёки радио алоқа тизими орқали ҳудудий ички ишлар органига узатилиши лозим. Ташвиш сигнали сабабларини аниқлаш, зудлик билан кечиктириб бўлмайдиган чораларни кўриш ва ёлғон (сабабсиз) чақириқнинг олдини олиш мақсадида, ташкилотнинг кечаю-кундуз ишловчи қоровуллик, қўриқлаш, навбатчилик ёхуд диспетчерлик хизмати ва ички ишлар органи ўртасида икки томонлама алоқа ташкил этилиши лозим.
4-боб. Якуний қоидалар
28. Мазкур Низом талабларига риоя этилиши учун:
қурол ва ўқ-дориларни сақловчи ташкилотлар раҳбарлари;
қурол ва ўқ-дориларни сақловчи ташкилотлар раҳбарларининг буйруқлари ёки бошқа бошқарув ҳужжатлари билан қурол ва ўқ-дориларни тарқатиш, қабул қилиб олиш, ҳисобини юритиш ва сақлашни ташкил этиш вазифалари юклатилган мансабдор шахслар жавобгардир.
29. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, «Ўздавзахира» қўмитаси, Марказий банки, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ, «Ўзкимёсаноат» АЖ, «Ўзбекэнерго» ДАК, «Ўздонмаҳсулот» АК, «Ўзэлтехсаноат» АК, «Ўзбекнефтегаз» МХК, «Ўзвиносаноат-холдинг» ХК, «Навоий кон-металлургия комбинати» ДК, «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Марказий Кенгаши, Ўзбекистон овчи ва балиқчилар спорт бирлашмаси билан келишилган.
Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Ш. ТЕШАЕВ
2015 йил 1 июль
Маданият ва спорт ишлари вазири Б. АХМЕДОВ
2015 йил 1 июль
Мудофаа вазири К. БЕРДИЕВ
2015 йил 1 июль
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Х. МИРЗАХИДОВ
2015 йил 2 июль
Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси Б. ЗАКИРОВ
2015 йил 10 июль
Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раиси И. ТУРАМУРАТОВ
2015 йил 2 июль
Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Б. АБДУСАМАТОВ
2015 йил 2 июль
«Ўздавзахира» қўмитаси раиси Ж. КАДИРОВ
2015 йил 2 июль
Марказий банк бошқаруви раиси Ф. МУЛЛАЖОНОВ
2015 йил 3 июль
«Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК бош директори В. ТЯН
2015 йил 3 июль
«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раиси Ж. РАМАТОВ
2015 йил 3 июль
«Ўзкимёсаноат» АЖ бошқаруви раиси Н. ИБРАГИМОВ
2015 йил 6 июль
«Ўзбекэнерго» ДАК бошқаруви раиси И. БАСИДОВ
2015 йил 6 июль
«Ўздонмаҳсулот» АК бошқаруви раиси Э. КУДРАТОВ
2015 йил 6 июль
«Ўзэлтехсаноат» АК раиси Э. ИМИНОВ
2015 йил 7 июль
«Ўзбекнефтегаз» МХК бошқаруви раиси Ш. ФАЙЗУЛЛАЕВ
2015 йил 7 июль
«Ўзвиносаноат-холдинг» ХК бошқаруви раиси Ш. РАХИМОВ
2015 йил 7 июль
«Навоий кон-металлургия комбинати» ДК бош директори Қ. САНАҚУЛОВ
2015 йил 8 июль
«Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ бош директори А. ФАРМАНОВ
2015 йил 9 июль
Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Марказий Кенгаши раиси Р. НИЯЗОВ
2015 йил 9 июль
Ўзбекистон овчи ва балиқчилар спорт бирлашмаси Раёсати раиси С. АЮПОВ
2015 йил 10 июль