22.04.2014 йилдаги -сон
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раис ўринбосари Б. Мирбобоев, судьялар У. Бозоров, Г. Пиржанов ва Ф. Хусановадан иборат таркибда, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 109-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига ва «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 1-моддасига амал қилган ҳолда «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 21-моддаси биринчи қисмининг 2-бандини шарҳлаш ҳақидаги ишни очиқ суд мажлисида кўриб чиқди.
Конституциявий суд маърузачи судья У. Бозоровнинг нутқини, Ташқи ишлар вазирлиги консуллик бошқармасининг биринчи котиби М. Исмаилов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари У. Вафоев, Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори Р. Қодиров, Ўзбекистон Республикаси адвокатлар палатасининг раиси Р. Ахмедов, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси кафедрасининг бошлиғи, Конституциявий суд ҳузуридаги Илмий-маслаҳатлашув кенгаш аъзоси Ҳ. Одилқориев, Адлия вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Н. Жўраев, Ички ишлар вазирлиги бошқарма бошлиғининг ўринбосари У. Ташходжаев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қўмитасининг раиси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, Конституциявий суд ҳузуридаги Илмий-маслаҳатлашув кенгаш аъзоси А. Саидовнинг фикрларини эшитиб, иш бўйича мавжуд материалларни ўрганиб чиқиб қуйидагиларни аниқлади:
«Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 21-моддаси биринчи қисмининг 2-бандида агар чет элда доимий яшовчи шахс беш йил давомида узрли сабабларсиз консуллик ҳисобига турмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги йўқотилиши белгиланган.
Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2011 йил 5 январдаги Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисидаги Низомга мувофиқ Ўзбекистон Республикасидаги доимий яшаш жойидан рўйхатдан чиқиб, хорижга доимий яшашга чиқиш учун белгиланган тартибда рухсатнома расмийлаштирган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари хорижда доимий яшайдиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлиб ҳисобланади.
Шундан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Конституциявий суддан «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 21-моддаси биринчи қисмининг 2-бандини шарҳлашни сўраб, унда доимий яшаш жойидан рўйхатдан чиқаришни, доимий яшаш учун чет элга чиқишга рухсатни тегишли равишда расмийлаштирмасдан ва беш йил давомида узрли сабабларсиз консуллик ҳисобига турмасдан чет элда доимий яшаётган шахсларга нисбатан мазкур норманинг қўлланилиши мумкинлиги масаласини ҳал қилиб беришни сўраган.
1. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 21-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ягона фуқаролик ўрнатилади. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги, унга қандай асосларда эга бўлганликдан қатъи назар, ҳамма учун тенгдир. Фуқароликка эга бўлиш ва уни йўқотиш асослари ҳамда тартиби қонун билан белгиланади.
2. «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 1-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги шахс билан давлатнинг доимий сиёсий-ҳуқуқий алоқасини белгилайди, бу алоқа уларнинг ўзаро ҳуқуқлари ва бурчларида ифодаланади. Ўзбекистон Республикасида ҳар бир киши фуқаро бўлиш ҳуқуқига эгадир. Ҳеч ким фуқароликдан ёки фуқароликни ўзгартириш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин эмас. Ўзбекистон Республикаси ўз идоралари ва мансабдор шахслари орқали Ўзбекистон Республикаси фуқаролари олдида масъулдир, Ўзбекистон Республикасининг фуқароси эса давлат олдида масъулдир. Ўзбекистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ташқарисида ўз фуқароларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилади.
3. «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 1-моддасининг нормалари Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 15-моддасига тўлиқ мос келади. Ушбу моддага мувофиқ ҳар бир киши фуқаро бўлиш ҳуқуқига эгадир. Ҳеч ким фуқароликдан ёки фуқароликни ўзгартириш ҳуқуқидан асоссиз маҳрум қилиниши мумкин эмас.
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2011 йил 5 январдаги Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисидаги Низомга мувофиқ хорижда доимий яшайдиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари — Ўзбекистон Республикасидаги доимий яшаш жойидан рўйхатдан чиқиб, хорижга доимий яшашга чиқиш учун белгиланган тартибда рухсатнома расмийлаштирган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари; хорижда вақтинча бўладиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари — Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган, хорижга чиқиб, вақтинча у ерда бўладиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари; доимий консуллик рўйхати — доимий яшаш учун хорижга чиқиш рухсатномаси белгиланган тартибда расмийлаштирилган, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик муассасаси консуллик округи ҳудудида доимий яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини қайддан ўтказиш; вақтинча консуллик рўйхати — Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган, хорижда вақтинча бўладиган, хорижга вақтинча чиқиш рухсатномасини белгиланган тартибда расмийлаштирган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хориждаги Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасалари томонидан қайддан ўтказиш.
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида»ги 1992 йил 20 ноябрдаги Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги Низомнинг IV бўлими 2-бандига мувофиқ агар хорижда доимий яшаётган шахс узрли сабабларсиз беш йил давомида консуллик ҳисобига турмаса, консуллик муассасаси материалларни Ташқи ишлар вазирлигига юборади. Ташқи ишлар вазирлиги иш материалларини ўз хулосаси билан бирга кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик ишлари бўйича комиссияга юборади. Комиссия тақдим этилган материалларни кўриб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан бир қарорга келиниши учун таклиф киритади.
6. «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 43-моддасига мувофиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни расмий шарҳлаш норматив-ҳуқуқий ҳужжатда ноаниқликлар топилган, у амалиётда нотўғри ёки зиддиятли тарзда қўлланилган тақдирда амалга оширилади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни расмий шарҳлаш жараёнида уларга нормаларни аниқлаштиришга қаратилган тузатишлар, ўзгартиришлар, қўшимчалар киритилишига йўл қўйилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг кўрсатилган нормаларини ҳамда иш бўйича бошқа материалларни таҳлил қилиш асосида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, биринчидан, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги ҳамма учун тенгдир ҳамда шахс билан давлатнинг доимий сиёсий-ҳуқуқий алоқасини белгилайди, бу алоқа уларнинг ўзаро ҳуқуқлари ва бурчларида ифодаланади ва иккинчидан, Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисидаги Низомда тушунчаларга мазкур Низом нормаларини қўллаш мақсадида таъриф берилган деб ҳисоблайди.