Терговга қадар текширувни амалга оширувчи, суриштирув, дастлабки тергов органлари, прокурор, суд ушбу Қонуннинг 4-моддасида кўрсатилган шахсни ўлдириш, унга зўрлик ишлатиш, унинг мол-мулкини йўқ қилиш ёки мол-мулкига шикаст етказиш ёхуд унга нисбатан бошқача ғайриқонуний қилмиш содир этилиши таҳдиди мавжудлиги тўғрисидаги аризани (хабарни) олгач, ушбу аризани (хабарни) текшириб кўриши ва бу шахсга нисбатан хавфсизлик чораларини қўллаш тўғрисида ёхуд уларни қўллашни рад этиш ҳақида уч сутка ичида, кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда эса дарҳол қарор (ажрим) қабул қилиши шарт. Қарор (ажрим) чиқарилган куннинг ўзида хавфсизлик чораларини таъминловчи органга ижро этиш учун, шунингдек ўзига нисбатан мазкур қарор (ажрим) чиқарилган шахсга юборилади.
Хавфсизлик чораларини қўллашнинг ушбу Қонуннинг 16-моддасида кўрсатилган асослари бартараф этилган тақдирда, шунингдек хавфсизлик чораларини таъминловчи орган ҳимоя қилинувчи шахс билан ушбу Қонун 18-моддасининг олтинчи қисмига мувофиқ тузган келишув шартларининг ҳимоя қилинувчи шахс томонидан бузилганлиги оқибатида хавфсизлик чораларини кейинчалик қўллаш имконсиз бўлган тақдирда, хавфсизлик чоралари бекор қилинади.