Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Тожикистон Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
2018 йил 9 мартда имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўртасида олий таълим ва фан соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Битимга асосланиб,
таълим соҳасидаги давлатлараро муносабатларни янада ривожлантириш ва чуқурлаштиришга кўмаклашишни истаб,
Мазкур Битим Томонлар давлатлари таълим муассасалари тарафидан берилган таълим олганлик тўғрисидаги давлат намунасидаги ҳужжатларни тан олиш тартибини белгилайди.
Тожикистон Республикасида бериладиган умумий асосий таълим тўғрисида гувоҳнома ва Ўзбекистон Республикасида бериладиган умумий ўрта таълим тўғрисида шаҳодатнома Томонлар тарафидан ушбу ҳужжат эгалари имтиҳонлар (ёки синовлар) топширганларидан сўнг кейинги босқичдаги таълим дастурлари бўйича Томонлар давлатларининг таълим муассасаларида таҳсил олишни давом эттириш ҳуқуқини берувчи ҳужжат сифатида тан олинади.
Тожикистон Республикасида бериладиган умумий ўрта таълим тўғрисидаги гувоҳнома ва бошланғич касб-ҳунар таълими тўғрисидаги (умумий ўрта таълим олган ҳолда) диплом ва Ўзбекистон Республикасида бериладиган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тўғрисидаги (ўрта (тўлиқ) умумий таълим олган ҳолда) диплом ҳар икки давлатларда тан олинади ҳамда уларнинг эгаларига имтиҳонлар (ёки синовлар) топширганларидан сўнг, Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси таълим муассасаларида олий касб-ҳунар таълим дастурлари асосида таълимни давом эттириш ҳуқуқини беради.
Тожикистон Республикасида бериладиган ўрта касб-ҳунар таълими тўғрисидаги диплом ва Ўзбекистон Республикаси коллежида бериладиган касб-ҳунар таълими тўғрисидаги диплом ҳар икки давлатларда тан олинади ва уларнинг эгаларига имтиҳонлар (ёки синовлар) топширганларидан сўнг Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси таълим муассасаларида биринчи босқичдан бошлаб олий таълим дастурлари асосида таълим олишни давом эттириш ҳуқуқини беради.
Ўзбекистон Республикасида бериладиган олий касбий таълим тўғрисидаги диплом, бунда мазкур таълим даражасида ўқитишнинг норматив давомийлиги 4 йилдан кам бўлмаса ва Тожикистон Республикасида бериладиган бакалавр дипломи уларнинг эгаларига тайёргарлик кўрган даражасини инобатга олган ҳолда имтиҳонлар (ёки синовлар) топширганларидан сўнг, бошқа Томон давлатининг олий таълим муассасаларида олий таълим дастурлари асосида таълим олишни давом эттириш ҳуқуқини беради.
Ўзбекистон Республикасида бериладиган олий касбий таълим тўғрисидаги диплом, бунда мазкур таълим даражасида ўқитишнинг норматив давомийлиги 5 йилдан кам бўлмаса, олий таълим тўғрисидаги диплом ва Тожикистон Республикасида бериладиган олий касбий таълим мутахассиси дипломи уларнинг эгаларига имтиҳонлар (ёки синовлар) топширганларидан сўнг, бошқа Томон давлати таълим муассасаларида олий ўқув юртидан кейинги касбий таълим дастурлари асосида таълим олишни давом эттириш ҳуқуқини беради.
Тожикистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикасида тегишинча бериладиган олий касбий таълим мутахассиси дипломи ва олий таълим тўғрисидаги диплом ҳамда олий касбий таълим дастурининг кундузги таълим олиш шаклида таълим дастурларини ўзлаштирганлигини тасдиқловчи норматив таълим муддати тиббиёт мутахассисликлари бўйича 6 йилдан кам бўлмаган, стоматология ва фармацевтика мутахассисликлари бўйича 5 йилдан кам бўлмаган диплом эгаларига имтиҳонлар (ёки синовлар) топширганларидан сўнг, олий таълимдан кейинги касбий таълим дастурлари асосида бошқа Томон давлатининг таълим ёки илмий муассасаларида таълим олишни давом эттириш ҳуқуқини беради.
Тожикистон Республикасида ва Ўзбекистон Республикасида берилган магистрлик дипломи, унинг эгасига имтиҳонлар (ёки синовлар) топширилгандан сўнг, олий таълимдан кейинги касбий таълим дастурлари асосида бошқа Томон давлатининг таълим ёки илмий муассасаларида таълим олишни давом эттириш ҳуқуқини беради.
Томонлар давлатларининг олий касбий таълим муассасалари тарафидан бериладиган академик маълумотнома, тайёргарлик кўрган даражаси ҳамда қабул қилувчи таълим муассаса Томон давлатининг қонунчилигини инобатга олган ҳолда Томонлар давлати олий касбий таълим муассасаларида муайян олий касбий таълим дастурлари асосида таълим олишни давом эттириш ҳуқуқини беради.
Мазкур Битимнинг 2, 3, 4, 5, 6, 7 ва 8-моддаларини қўллаш мақсадида таълим дастурларини ўзлаштириш норматив муддатлари ва мазмунларида сезиларли фарқ бўлмаслиги лозим.
Мазкур Битимни амалга ошириш учун Томонлар таълим тўғрисида давлат намунасидаги ҳужжатлар намуналари ҳамда уларни расмийлаштириш ва беришни тартибга солувчи миллий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир-бирларига тақдим этадилар.
Мазкур Битимга ҳар икки Томоннинг розилиги асосида алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
Мазкур Битимни қўллаш ёки талқин қилишда юзага келадиган Томонлар ўртасидаги низолар Томонлар ўртасида маслаҳатлашувлар ва музокаралар орқали ҳал этилади.
Ҳар бир Томон мазкур Битимни бошқа Томонга дипломатик каналлар орқали тегишли ёзма хабарнома юбориш орқали тугатиши мумкин. Битимнинг амал қилиши бошқа Томон тегишли хабарномани олганидан сўнг ўн икки ой ўтгач тугатилади.
Тошкент шаҳрида 2018 йил 17 августда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, тожик ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.