[
ОКОЗ:
1.
19.00.00.00 Халқаро муносабатлар. Халқаро ҳуқуқ / 19.03.00.00 Ижтимоий-маданий масалалар бўйича ҳамкорлик / 19.03.07.00 Туризм ва спорт соҳасидаги халқаро ҳамкорлик]
[
ТСЗ:
1.
Ташқи сиёсат ва халқаро муносабатлар / Умумий масалалар]
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Миср Араб Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Туризм соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
Тошкент, 5 сентябрь 2018 йил
(Ўзбекистон Республикаси учун 2018 йил 5 сентябрдан кучга кирган)
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Миср Араб Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
туризмни ривожлантириш ва Томонлар давлатлари аҳолисининг маданий ҳаёти билан танишиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида,
Томонлар ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга бўлган ўзаро хоҳиш-истак асосида,
Томонлар давлатларининг иқтисодий, ижтимоий ва маданий ривожланишида туризмнинг муҳимлигини ҳисобга олиб,
икки томонлама асосда туризм соҳасида самарали ҳамкорлик қилишга интилиб,
тенглик, ўзаро ҳурмат ва ўзаро манфаат принципларига асосланган ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар ҳар иккала Томон давлатларининг фуқароларини ўзларининг фан, иқтисодиёт, ижтимоий тараққиёт, маданият, табиат, диққатга сазовор жойлар, тарихий обидалар ва маданий анъаналар соҳасидаги ютуқлари билан яқиндан таништириш мақсадида туризмдаги тенг ҳуқуқли ҳамкорликни мустаҳкамлашга кўмаклашадилар.
2-модда
Томонлар икки давлат ўртасида сайёҳлар алмашинувини кўпайтириш мақсадида ўз давлатларининг туризм соҳасида фаолият кўрсатадиган ташкилотлари ўртасидаги яқин ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашадилар.
3-модда
Томонлар халқаро конференциялар, анжуманлар, семинарлар, кўргазмалар ва оммавий ахборот воситаларида чиқишлар ташкил қилиш орқали қўшма туристик йўналишларни илгари суришни рағбатлантирадилар.
4-модда
Мазкур Битимнинг
1 — 3-моддаларида
назарда тутилган мақсадларга эришиш учун Томонлар қуйидаги соҳаларда ҳамкорлик қилишга келишадилар:
(a) Томонлар давлатларининг оммавий ахборот воситаларидаги реклама кампаниялари;
(b) туризмни ривожлантириш тадбирлари, шу жумладан, В2В форматидаги учрашувлар, конференциялар ва семинарлар;
(c) Томонлар давлатлари ҳудудида ўтказиладиган туристик ярмарка ва кўргазмаларда иштирок этиш;
(d) Томонлар давлатлари туризм ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ўқув сафарлари ташкил этиш;
(e) туризм соҳасидаги ҳамкорлик ва инвестицияларни жалб қилиш;
(f) Томонлар давлатлари тегишли муассасалари мутахассисларининг тажриба алмашинуви орқали туристик саноат вакиллари учун амалиёт имкониятларини тақдим этиш билан ходимларнинг салоҳиятини оширишда ёрдам кўрсатиш;
(g) Томонлар давлатларининг миллий қонунчилигига мувофиқ туризм ва инвестиция соҳасида ахборот ва тажриба алмашиш;
(h) туристик нашрлар ва бошқа материалларни, айниқса, ҳар иккала Томон давлатларининг туристик салоҳиятини рағбатлантирадиган аудио ва видео материалларни уларнинг миллий қонунчилигига мувофиқ тарқатиш.
5-модда
Томонлар мазкур Битимни амалга ошириш учун масъул бўлган қуйидаги ваколатли органларни тайинлайдилар:
Ўзбекистон томонидан — Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси;
Миср томонидан — Миср Араб Республикаси Туризм вазирлиги.
6-модда
Томонлар ўртасида алмашиладиган барча маълумотлар қатъий равишда махфий ҳисобланади ва бошқа Томоннинг олдиндан ёзма розилигисиз учинчи томонга ошкор этилиши мумкин эмас. Шунингдек, улардан мазкур Битимда назарда тутилмаган мақсадларда ҳам фойдаланилмайди.
7-модда
Томонлар ўз давлатлари қонунчилигига мувофиқ сайёҳларнинг манфаатларини ўзаро ҳимоя қилиш, шу жумладан, фавқулодда вазиятларда (табиий офатлар, инқилоб, фуқаролик урушлари ва кенг тарқалган касалликлар) уларни эвакуация қилиш чораларини кўрадилар.
8-модда
Томонлар, зарур ҳолларда, маслаҳатлашувлар ўтказадилар, ишчи гуруҳлар тузадилар ва мазкур Битимни амалга ошириш билан боғлик масалалар бўйича чора-тадбирлар таклиф қиладилар.
9-модда
Мазкур Битимни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар, башарти ҳар бир алоҳида ҳолатда бошқача келишилмаган бўлса, ҳар бир Томон тарафидан Томонлар давлатларининг қонунчилигига мувофиқ тегишли соҳага ажратилган мавжуд молиявий манбалар доирасида қопланади.
10-модда
Томонлар ўз давлатларидаги қонун ва қоидаларга риоя қилиш мажбуриятини ўз зиммаларига оладилар.
11-модда
Мазкур Битимни талқин қилиш ёки қўллаш юзасидан келиб чиқадиган низолар, келишиш учун бирон-бир миллий, халқаро ва учинчи томон судига мурожаат қилинмасдан, Томонлар ўртасида музокаралар ва маслаҳатлашувлар орқали ҳал этилади.
12-модда
Мазкур Битим Томонларнинг давлатлари иштирокчи ҳисобланган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган Томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
13-модда
Мазкур Битимга Томонларнинг ўзаро розилигига кўра унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган алоҳида баённомалар билан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
14-модда
Мазкур Битим имзоланган санадан бошлаб кучга киради ва уч (3) йил давомида амал қилади, Томонлардан бири уч ой олдин унинг амал қилишини тугатиш нияти тўғрисида бошқа Томонни ёзма равишда хабардор қилмаса, унинг амал қилиши ўз-ўзидан кейинги уч йиллик муддатларга узаяверади.
Тошкент шаҳрида 2018 йил 5 сентябрда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, араб ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир.
Мазкур Битим матнини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)