LexUZ шарҳи
Мазкур Битим Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 июндаги ПҚ-3762-сонли «Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Тожикистон Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
2000 йил 15 июнда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида абадий дўстлик тўғрисида Шартномага амал қилиб,
икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни кенг қамровли ривожлантириш заруриятини тан олиб,
ҳамкорликнинг долзарб масалаларини маҳаллий даражада тезкор ҳал қилишда ҳамда тарихан шаклланган алоқаларни чуқурлаштиришда минтақалараро ҳамкорликнинг амалий аҳамияти ва салоҳиятини эътироф этган ҳолда,
икки мамлакат минтақалари ўртасида фаолиятнинг турли соҳаларида ҳамкорликни таъминлаш ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ривожланаётган алоқаларини фаоллаштиришга қодир бўлган минтақалараро ҳамкорлик учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга интилиб,
Томонлар ўз давлатларининг қонунчилигига ҳамда давлатлари иштирокчи бўлган халқаро шартномаларга мувофиқ савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, туризм ва атроф муҳитни ҳимоя қилиш соҳаларида, шунингдек, ўзаро қизиқиш уйғотадиган бошқа йўналишларда ўзаро манфаатли бўлган минтақалараро ҳамкорликни кенгайтириш ва ривожлантиришга кўмаклашадилар.
«минтақалар» — Ўзбекистон томонидан: Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий бирликлари; Тожикистон томонидан: Тожикистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий бирликлари;
«ваколатли органлар» — Томонлар давлатларининг мазкур Битимни амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш бўйича минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш соҳасида ваколат берилган ҳокимият органлари.
мазкур Битимни амалга татбиқ қилишга йўналтирилган қўшма тадбирлар режалари, ҳаракат дастурлари ва «йўл хариталари»ни ишлаб чиқадилар ва амалга оширадилар;
минтақалараро ҳамкорликнинг жорий ҳолати ҳамда уни такомиллаштириш истиқболларини муҳокама қилиш бўйича зарурият бўлганда қўшма ишчи гуруҳлар тузадилар ва мунтазам маслаҳатлашувлар механизмини йўлга қўядилар.
Ваколатли органлар минтақаларнинг корхона ва ташкилотлари ўртасида ўзаро манфаатли савдо ва ишлаб чиқариш алоқаларини ривожлантиришга кўмаклашадилар. Мазкур мақсадларда улар:
корхона ва ташкилотлар ўртасида бевосита алоқаларни ўрнатиш, қўшма корхоналар ташкил этиш, товар ва хизматлар етказиб бериш бўйича ўзаро манфаатли контрактлар тузишда тадбиркорлик тузилмаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ташаббуси билан чиқадилар;
тадбиркор ва ишбилармон доиралар вакиллари иштирокида учрашувлар, бизнес-семинарлар, конференциялар, симпозиумлар, кўргазма ва ярмаркалар ташкил этадилар;
ўз минтақаларини иқтисодий ривожлантиришнинг устувор лойиҳаларини амалга оширишда, шу жумладан, хўжалик юритувчи субъектлари саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш орқали бир-бирларини қўллаб-қувватлайдилар;
ўз давлатлари қонунчилигидаги ўзгаришлар ва амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ҳақида бир-бирларини мунтазам хабардор қиладилар;
ўзаро савдони ташкил этишда вужудга келаётган қийинчиликларни ўз ваколатлари доирасида биргаликда таҳлил қиладилар ва тегишли таклифлар ишлаб чиқадилар;
Ваколатли органлар минтақалар ўртасида бевосита турист алмашинувини ташкил қилиш, минтақалар жозибадорлигини оширишга қаратилган туризм соҳасидаги қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашадилар.
Ваколатли органлар ишбилармонлик фаоллигини ошириш ва минтақага туристик оқимни кўпайтириш мақсадида транспорт қатновини яхшилаш ҳамда инфратузилмани ривожлантиришга кўмаклашадилар.
Ваколатли органлар маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органлари ўртасида касб алоқаларининг ривожланишига ҳамда уларнинг олдиларида турган вазифаларни ҳал қилиш учун минтақаларда тажриба алмашиш ва тарқатишга кўмаклашадилар.
Ваколатли органлар шаҳарсозлик ҳамда улкан шаҳарсозлик лойиҳаларини режалаштириш ва молиялаштириш амалиёти бўйича ахборот алмашиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантирадилар.
Ваколатли органлар атроф-муҳитни ҳимоя қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалаларида ҳамкорлик қиладилар ва табиатни муҳофаза қилиш фаолиятини бошқариш соҳасида илғор тажрибани жорий этишга кўмаклашадилар.
Ваколатли органлар сув ва энергия таъминоти, оқинди сувларни тозалаш, хўжалик ва саноат чиқиндиларини утилизация қилиш, чегарабўйи ҳудудлардаги каналлар ва гидротехник иншоотларни тозалаш ҳамда таъмирлаш соҳаларида ҳамкорликни ривожлантирадилар.
Ваколатли органлар ўзаро яхшироқ тушуниш, ҳамкорлик ва дўстликни мустаҳкамлашга эришиш учун тарих ва маданият билан ўзаро танишиш мақсадида турли даражаларда мунтазам алоқаларни таъминлайдилар.
Ваколатли органлар минтақаларнинг ижтимоий-маданий ва хўжалик-иқтисодий ҳаётини оммавий ахборот воситаларида холисона ёритишга кўмаклашадилар.
Ваколатли органлар миллатлараро муомала, динлараро ва маданиятлараро мулоқот, шунингдек, этник-маданий ривожланиш маданиятини мустаҳкамлаш соҳасида минтақалар ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар ва бошқа тадбирларни амалга оширишга кўмаклашадилар.
Томонларнинг ваколатли органлари тарафидан мазкур Битимни амалга ошириш бўйича ўтказиладиган тадбирлар, тегишли ваколатли орган вазифаларини бажариш учун Томонлар давлатлари бюджетида кўзда тутилган маблағлар доирасида молиялаштирилади.
Томонлар мазкур Битим қоидаларини талқин қилиш ва қўллашда вужудга келиши мумкин бўлган ҳар қандай низо ва келишмовчиликларни музокаралар ва маслаҳатлашувлар орқали ҳал этадилар.
Томонларнинг ўзаро келишувга мувофиқ мазкур Битимга алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ҳамда мазкур Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланадиган ва унинг 12-моддасида белгиланган тартибда кучга кирадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритишлари мумкин.
Мазкур Битим Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарганликлари ҳақида сўнгги ёзма хабарнома дипломатик каналлар орқали олинган санадан бошлаб кучга киради.
Мазкур Битим номуайян муддатга тузилади ва Битимнинг амал қилиши Томонлардан бири бошқа Томоннинг Битим амал қилишини тугатиш нияти тўғрисидаги тегишли ёзма хабарномасини дипломатик каналлар орқали олган санадан бошлаб олти ойдан сўнг тугатилади.
Мазкур Битим амал қилишининг тугатилиши у амал қилган пайтда бажарилиши бошланган ва унинг амал қилиши тугатилгунга қадар бажарилмаган лойиҳалар бўйича Томонларнинг мажбуриятларига дахл қилмайди.