LexUZ шарҳи
Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Якка тартибдаги уй-жой қурилиши тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 2006 йил 30 декабрдаги 272-сонли қарори билан ўз кучини йўқотган.
Якка тартибда уй-жой қураётган кўп болали ва кам даромадли оилаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кучайтириш, бюджет ажратмаларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Якка тартибда иморат қурувчиларга ва уй-жой қурилиши ширкатларига корхоналар томонидан имтиёзли баҳоларда сотилаётган деворбоп материалларнинг ўрта ҳисобда 30 фоиз қиймати амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат бюджетидан қопланаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қўрғонлар, овуллар, қишлоқлар ва маҳаллалар фуқаролар йиғинлари кенгашларига кўп болали ва кам даромадли оилаларнинг уларга якка тартибда уй-жой қуриш учун имтиёзли баҳоларда деворбоп материаллар сотиш ҳақидаги аризаларини биринчи навбатда ва устувор равишда кўриб чиқиш тўғрисида маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органларига илтимоснома киритиш ҳуқуқи берилсин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бош бошқармаси билан биргаликда компенсация қилинадиган маблағларнинг ортиқча сарфланишига йўл қўймаслиги, шунингдек кўп болали ва кам даромадли оилаларнинг якка тартибда уй-жой қуриш учун уларга деворбоп материалларни имтиёзли баҳоларда сотиш ҳақидаги аризалари туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан ўз вақтида ва асосли кўриб чиқилиши устидан мунтазам назоратни таъминласинлар.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2000 йил учун бюджет прогнозларида якка тартибда иморат қурувчилар ва уй-жой қурилиши ширкатларига имтиёзли баҳоларда маҳсулотлар сотаётган деворбоп материаллар ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг компенсация харажатлари учун 85 млн сўм миқдорида маблағларни назарда тутсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.С. Ҳамидов зиммасига юклансин.