Тизимнинг ушбу имкониятидан фойдаланиш учун Сиз авторизация қилинишингиз керак!
Рўйхатдан ўтишни хоҳлайсизми? Ёки тизимга ўз логинингиз билан кирасизми?

Авторизация қилиш Рўйхатдан ўтиш

Ҳужжат 25.07.2017 03 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Текст акта по состоянию на 25.07.2017 г. 00 ч.
* 1 — 6-илова рус тилидаги матнда берилган.
Кейинги таҳрирга қаранг.
 LexUZ шарҳи

Кўп хонадонли уй-жой фондининг техник ҳолатини тубдан яхшилаш ва ундан самарали фойдаланиш, таъмирлаш-тиклаш ишларини ўз вақтида амалга ошириш, шунингдек, кўп хонадонли уйларга туташ ҳудудларда тозаликни сақлаш ва уларни ободонлаштириш бундай уйларда яшайдиган аҳоли учун қулай шарт-шароитлар яратишда муҳим ҳаётий омиллардан бири саналади.

Бугунги кунда мамлакатимизда таркибий ислоҳотларнинг мустаҳкам меъёрий-ҳуқуқий базага таянган ҳолда изчил амалга оширилаётгани уй-жой фондини бошқариш ва ундан фойдаланишнинг мутлақо янги тизимини ташкил этиш имконини бермоқда.

Кейинги 5 йилда хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини такомиллаштириш, кўп хонадонли уй-жой фондини капитал ва жорий таъмирлаш бўйича қабул қилинган қарорлар асосида кўп хонадонли уйларнинг томи, подвал иншоотлари, фасад, подъезд, лифт ва ирригация тармоқлари, шунингдек, йўлакларни бетонлаштириш ҳамда уй-жойлар атрофидаги ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш масалаларини ўз ичига олган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

Ҳозирги пайтда мамлакатимизда 4 мингдан зиёд хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати томонидан 32,4 мингдан ортиқ кўп хонадонли уйга хизмат кўрсатилмоқда.

Шу билан бирга, ушбу тармоқда олиб борилаётган ишлар таҳлили хусусий уй-жой мулкдорларининг кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш, ундан фойдаланиш ва таъмирлаш борасидаги фаолиятида ҳал этилмаган қатор муаммолар борлигини кўрсатмоқда.

Бу ҳақда сўз юритганда, аввало, кўп хонадонли уй-жой фондини бошқариш ва ундан фойдаланишда жойлардаги ижро ҳокимияти органлари ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ўртасида комплекс ёндашув ҳамда ўзаро ҳамкорлик механизми шаклланмаганини қайд этиш зарур.

Кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш борасида таъсирчан назорат ўрнатилмаган, кўп ҳолларда ундан техник фойдаланиш ва аҳолининг хавфсиз яшашини таъминлаш борасидаги меъёр ва талаблар бузилишига йўл қўйилмоқда. Кўп хонадонли уйларда таъмирлаш-тиклаш ишларини ўтказишнинг қоида ва муддатларига риоя этилмаяпти, бу эса, табиийки, аҳолининг ҳақли норозилигига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017 — 2021 йилларда кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори кўп хонадонли уй-жой фондининг техник ҳолатини тубдан яхшилаш ва ундан оқилона фойдаланиш, таъмирлаш-тиклаш ишларини белгиланган муддатларда олиб бориш, шунингдек, кўп хонадонли уйларга туташ ҳудудларни янада ободонлаштириш учун зарур шарт-шароит яратиш мақсадида қабул қилинди.

Қарорда кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш тизимини ташкил этишнинг асосий йўналишлари белгиланган бўлиб, улар қуйидагиларни назарда тутади:

аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш, кўп хонадонли уйларда жойлашган хонадонлардаги муҳандислик-коммуникация тизими ва умумий тарзда фойдаланиладиган инфратузилмаларни ўз вақтида ва сифатли таъмирлаш, шунингдек, кўп хонадонли уй-жой фондига туташ ҳудудларни ободонлаштириш, у ерларда болалар ва спорт майдончаларини барпо этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;

кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланиш ва унга хизмат кўрсатиш бозорини ривожлантириш имконини берадиган уй-жой коммунал хўжалигини бошқаришнинг таъсирчан вертикал тизимини яратиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

уй-жой коммунал соҳа ташкилотлари, хусусан, таъмирлаш-тиклаш хизматларининг моддий-техник базасини яратиш ва мустаҳкамлаш, уларни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ва малакали мутахассислар билан таъминлаш.

Қарорга мувофиқ, 2017 — 2021 йилларда кўп хонадонли уй-жой фондини таъмирлаш, ободонлаштириш ва ундан фойдаланиш шароитларини яхшилаш дастури тасдиқланди. Ушбу Дастурда кўп хонадонли уй-жой фондининг умумий тарзда фойдаланиладиган инфратузилмаларини капитал ва жорий таъмирлаш, ҳудудларни ободонлаштириш, лифт ускуналарини таъмирлаш ва алмаштириш, шунингдек, кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш, ундан фойдаланиш ва таъмирлаш тизимини такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар белгиланди.

Қайд этилган лойиҳаларни амалга ошириш учун хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг ўз маблағлари, тижорат банклари кредитлари, Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетлари маблағлари, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг Уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари, халқаро молия институтлари кредитлари, шунингдек, лизинг ҳисобидан 1,8 триллион сўм маблағ йўналтириш кўзда тутилмоқда.

Мазкур Дастурни амалга оширишда «Ўзсаноатқурилишбанк» акциядорлик тижорат банки уй-жой коммунал соҳасига қарашли ташкилотларни молиялаштиришни таъминлайдиган ваколатли банк этиб белгиланди.

Дастурни амалга ошириш доирасида тижорат банкларига «Таъмирлаш-тиклаш хизмати» давлат унитар корхонаси ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига имтиёзли кредитлар ажратиш тавсия этилди.

Шунингдек, мазкур қарорда Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузурида хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига шартнома асосида бухгалтерлик ҳисобини юритиш, консалтинг хизматлар кўрсатиш ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларидан мажбурий бадаллар йиғиш хизматларини кўрсатадиган «Ягона ҳисоб-китоб маркази» ва шаҳар ҳамда туманларда унинг филиалларини ташкил этиш назарда тутилган.

Қарор билан шундай тартиб ўрнатилмоқдаки, унга кўра:

кўп хонадонли уй-жой фонди умумий мулки ва унга туташ ҳудудларни сақлаш учун тураржой ва нотураржой бинолар мулкдорларининг мажбурий бадаллари миқдори Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳар йили тасдиқлайдиган энг кам миқдордан кам бўлмаган ҳажмда хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан белгиланади;

хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати бошқарувининг раиси «Коммуналўқув» ўқув-услубий маркази» давлат унитар корхонасида ўқигани тўғрисида тегишли сертификатга эга бўлган тақдирда, туман (шаҳар) уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи билан келишилган ҳолда сайланади, шунингдек, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари аъзоларининг умумий йиғилиши қарори асосида туман (шаҳар) уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғининг тақдимномасига кўра лавозимидан озод этилади.

Қарорнинг амалга оширилиши қуйидаги натижаларга эришиш имконини беради:

биринчидан, бу қарор кўп хонадонли уй-жой фондининг техник ҳолатини ва ундан мақсадга мувофиқ ҳолда фойдаланишни тубдан яхшилаш, таъмирлаш-тиклаш ишларини ўз вақтида ўтказиш;

иккинчидан, аҳолининг ривожланган инфратузилмага эга бўлган кўп хонадонли уй-жой фондида яшаши учун ҳар жиҳатдан қулай шароит яратиш;

учинчидан, кўп хонадонли уй-жой фондини бошқариш ва ундан фойдаланишда жойлардаги ижро ҳокимияти органлари ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг ўзаро ҳамкорликда ишлашини таъминлайди.


Ҳужжатда хато топганингизда, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

© Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги "Адолат" ҳуқуқий ахборот маркази