«Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 39-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси қарор қилади:
1. Қўзғатилган жиноят ишлари бўйича тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишларда адвокатларнинг мажбурий иштирокини таъминлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитасининг 2016 йил 13 январдаги 1, 4, 2-ққ, 1, 2016-02, 01-02/20-1-сонли қарорига ИЛОВА
Мазкур Низом «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ қўзғатилган жиноят ишлари бўйича тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширишларда адвокатларнинг мажбурий иштирокини таъминлаш тартибини белгилайди.
1. «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 39-моддасига мувофиқ қўзғатилган жиноят ишлари бўйича текширишлар уларни ўтказишнинг барча босқичларида тадбиркорлик субъектларининг ваколатли вакиллари томонидан жалб этилган адвокатлар албатта иштирок этган ҳолда (тадбиркорлик субъектлари томонидан ушбу ҳуқуқнинг рад этилиши ҳоллари бундан мустасно) амалга оширилади.
2. Текшириш бошланишидан олдин, текширувни амалга оширувчи мансабдор шахс томонидан тадбиркорлик субъектининг ваколатли вакилига унинг текширишда иштирок этиш учун адвокатни жалб этиш ёки унинг иштирокини рад этиш ҳуқуқи ёзма шаклда тушунтирилади, бу ҳақда баённома тузилади. Бунда адвокат хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқининг рад этилиши тадбиркорлик субъекти томонидан адвокатни текширишнинг кейинги босқичларига жалб этиш учун монелик қилмайди.
3. Агар тадбиркорлик субъекти томонидан адвокатни жалб этиш истаги билдирилган бўлса, текширишни бошлаш адвокат етиб келгунга қадар йигирма тўрт соатга тўхтатиб турилади. Адвокат йигирма тўрт соат ўтгандан кейин тадбиркорлик субъектини ҳимоя қилишга киришмаган тақдирда, текшириш унинг иштирокисиз бошланади.
Тадбиркорлик субъекти жиноят иши бўйича гумон қилинувчи ёки айбланувчи тариқасида ишга жалб этилган тақдирда, уни адвокат билан таъминлаш Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси асосида амалга оширилади.
2-боб. Тадбиркорлик субъектининг текширишда иштирок этиш учун адвокатни жалб этиш ҳуқуқини таъминлаш
4. Суриштирув ва тергов органлари томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш учун қўзғатилган жиноят ишининг мавжудлиги асос бўлади. Бунда текшириш тадбиркорлик субъектининг фақат қўзғатилган жиноят иши билан боғлиқ фаолиятини қамраб олиши мумкин бўлиб, бу ҳақда текширишни тайинлаш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган бўлиши лозим.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширишлар, ўтказилишидан олдин, тадбиркорлик субъектининг ваколатли вакилига текширишни тайинлаш тўғрисидаги қарор тақдим қилинади ва унинг нусхаси унга имзоси қўйилган ҳолда топширилади.
(4-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Миллий хавсизлик хизмати, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитасининг 2017 йил 8 июндаги 4, 68, 13-ҚҚ, 22, 2017-28, 01-02/4-23-сонли қарори (рўйхат рақами 2757-1, 08.06.2017 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ,2017 й., 23-сон, 485-модда)
5. Текширишни тайинлаш тўғрисидаги қарор жиноят иши юритуви учун масъул бўлган шахс томонидан имзоланган ва суриштирув ёки тергов органининг гербли муҳри қўйилган бўлиши лозим.
6. Тадбиркорлик субъектининг ваколатли вакили текширишни тайинлаш тўғрисидаги қарор билан таништирилгандан сўнг, унга адвокат жалб этиш ҳуқуқи тушунтирилади, бу ҳақда баённома тузилади.
тадбиркорлик субъектининг фаолиятини текшириш ким томонидан, қайси жиноят иши юзасидан, қачон ва қандай ҳужжат асосида тайинланганлиги;
тадбиркорлик субъектининг ваколатли вакилининг фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими, шунингдек вакилнинг шахсини ва ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар;
тадбиркорлик субъектининг ваколатли вакилига текширишда иштирок этиш учун адвокатни жалб этиш ҳуқуқи тушунтирилганлиги тўғрисидаги маълумотлар;
жалб этилган адвокатнинг фамилияси, исми, отасининг исми, адвокатлик тузилмасининг номи ва ишни олиб боришга ордер реквизитлари;
тадбиркорлик субъектининг ваколатли вакилининг текширишда иштирок этиш учун адвокат жалб этиш ёки унинг иштирокини рад этиш масаласи бўйича фикри.
7. Баённома уч нусхада тузилиб, жалб этилган мансабдор шахслар, тадбиркорлик субъектининг ваколатли вакили ва адвокат томонидан имзоланади. Баённоманинг биринчи нусхаси жиноят ишига қўшилади, иккинчи ва учинчи нусхалари тадбиркорлик субъектининг ваколатли вакили ҳамда адвокатга тақдим этилади.
8. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишда ушбу субъектнинг бирор-бир ходимининг адвокати жиноят ишида иштирок этаётганлигидан қатъи назар, текширишда иштирок этиш учун адвокатни жалб этиш ҳуқуқи таъминланиши лозим.
9. Адвокат муайян иш бўйича юридик ёрдам кўрсатаётган ёки илгари юридик ёрдам кўрсатган шахсларнинг манфаатлари ишни олиб боришни сўраб мурожаат этган тадбиркорлик субъектининг манфаатларига зид келган ёки у судья, прокурор, терговчи, суриштирув ўтказувчи шахс, жамоат айбловчиси, суд мажлиси котиби, эксперт, мутахассис, жабрланувчининг, фуқаровий даъвогарнинг, фуқаровий жавобгарнинг вакили, гувоҳ, холис, таржимон сифатида иштирок этган ҳолларда, шунингдек агар ишни дастлабки тергов қилишда ёхуд судда адвокатнинг қариндоши бўлган мансабдор шахс иштирок этган ёки иштирок этаётган бўлса, худди шунингдек агар адвокат бевосита ёки билвосита шу ишдан шахсан манфаатдор бўлса бу ҳол унга тадбиркорлик субъектининг манфаатларига зид келса, юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги топшириқни қабул қилишга ҳақли эмас.
10. Текшириш давомида тадбиркорлик субъектининг ваколатли вакили ёки адвокат, шунингдек текширувни амалга оширувчи мансабдор шахслар Жиноят-процессуал кодексида назарда тутилган ҳуқуқлардан фойдаланадилар, шунингдек тегишли органларга текшириш юзасидан таклифлар ва илтимосномалар киритишлари, фикр ва эътирозлар билдиришлари ва қўшимча маълумотлар тақдим этишлари мумкин. Мазкур ҳужжатлар жиноят иши материалларига қўшиб қўйилади.
11. Тадбиркорлик субъектлари томонидан жалб этилган адвокатларга юридик ёрдам кўрсатганлиги учун ҳақ тўлаш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
12. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
(12-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)