31.12.2013 йилдаги -сон
Мазкур тоифадаги ишлар хўжалик судлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Хўжалик процессуал кодекси (бундан буён матнда ХПК деб юритилади), «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонун (бундан буён матнда Қонун деб юритилади), Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Олий хўжалик суди Пленумининг 2009 йил 10 апрелдаги «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини қўллашда суд амалиётида вужудга келадиган айрим масалалар ҳақида»ги № 06/196-сон қарори асосида ҳал этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Олий хўжалик суди Пленумининг 2009 йил 10 апрелдаги «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини қўллашда суд амалиётида вужудга келадиган айрим масалалар ҳақида»ги 06/196-сонли Қарорининг 15-бандида судларнинг эътибори ижро иш юритувига боғлиқ муносабатлардан келиб чиқадиган низоларнинг тааллуқлилиги масаласини ҳал этишда ҳар доим ижро ҳужжати қайси суд томонидан берилганлиги аниқланиши лозимлигига қаратилган.
Пленум қарорининг 15-банди 7-хатбошисида Қонуннинг 861-моддасига кўра, хўжалик суди томонидан берилган ижро ҳужжати бўйича суд ижрочисининг чиқарган қарори устидан ундирувчи ёки қарздор томонидан ижро ҳужжатини берган хўжалик судига ёки бўйсунув тартибида юқори турувчи органга, мансабдор шахсга қарор чиқарилганлиги ҳақида хабар қилинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда шикоят берилиши мумкинлиги, 8-хатбошисида эса ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилмаган ҳолларда суд ижрочисининг қарори устидан қарор чиқарилганлиги ҳақида хабар қилинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда суд ижрочиси жойлашган жойдаги умумий юрисдикция судига ёки бўйсунув тартибида юқори турувчи органга, мансабдор шахсга шикоят берилиши белгиланган.
Биринчи инстанцияси суди даъвонинг кўчмас мулкни рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги талаб бўйича иш юритишни асоссиз тугатган. Чунки, низонинг хўжалик судига тааллуқлилиги масаласини ҳал этишда ХПКнинг 23-моддасининг талабларидан келиб чиқиш лозим: агар низо иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар, юридик шахс тузмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тарзда олган фуқаролар ўртасидаги фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан бўлса, бундай низолар хўжалик судига тааллуқлидир.
Ўзбекистон Республикаси ХПК 24-моддасининг биринчи қисми 9-бандига кўра, давлат органлари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган, ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжатларини (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги низолар ҳал этилиши белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг 23-моддасига кўра, суд ижрочиси ундирувчининг аризасига биноан ёки ўз ташаббуси билан мулкий ундирув бўйича ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор чиқариш билан бир вақтда қарздорнинг мол-мулкини рўйхатга олиб, уларни хатлашга ҳақли бўлиб, бу ҳақда мазкур қарорда кўрсатиб ўтади. Ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилиш ёки протест билдириш мумкинлиги белгиланган.
Қонун 20-моддасининг биринчи қисмига кўра, ижро ҳаракатларини амалга ошираётганда юзага келадиган, махсус билимларни талаб қиладиган масалаларни тушунтириб бериш учун суд ижрочиси ўз ташаббусига ёки тарафларнинг илтимосига биноан ўзининг қарори билан мутахассис тайинлаши мумкин. Шунингдек, мазкур қонун 54-моддасининг иккинчи қисмига биноан суд ижрочиси мол-мулкни баҳолаш учун баҳоловчи ташкилотни жалб этади.
«Баҳолаш фаолияти тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 18-1-моддасида зарур бўлган ҳолда, баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботнинг ишончлилигини текшириш учун мазкур ҳисобот қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бошқа баҳоловчи ташкилот томонидан шартнома асосида экспертизадан ўтказилиши мумкинлиги, баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботнинг ишончлилигини экспертизадан ўтказиш натижалари эксперт хулосаси билан расмийлаштирилиши, буюртмачи баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот ишончлилиги тўғрисида олинган эксперт хулосасига рози бўлмаган тақдирда, низо судда кўриб чиқилиши кераклиги белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Баҳоловчи ташкилотлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва кўрсатилаётган хизматлар сифати учун уларнинг масъулиятини ошириш тўғрисида»ги 2008 йил 24 апрелдаги ПҚ-843-сон қарори билан тасдиқланган «Баҳоловчи ташкилотлар ва баҳоловчилар тўғрисида»ги Низомнинг 38-бандига кўра, зарурат бўлганда, баҳоловчи ташкилотнинг баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботи ҳаққонийлигини текшириш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда баҳолаш тўғрисидаги мазкур ҳисобот шартнома асосида бошқа баҳоловчи ташкилот томонидан экспертизадан ўтказилиши мумкин.
Ушбу Низомнинг 39-бандига асосан баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботни экспертизадан ўтказишнинг буюртмачиси олинган хулосага рози бўлмаган тақдирда ушбу баҳс суд томонидан кўриб чиқилади.
Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 314-моддасига кўра маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор хусусида устидан шу қарор чиқарилган шахс, жабрланувчи, шунингдек уларнинг қонуний вакиллари ва адвокат томонидан шикоят берилиши мумкин.
Ушбу Кодекс 315-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор устидан юқори турувчи органга (мансабдор шахсга) ёки маъмурий ишлар бўйича туман (шаҳар) судьясига шикоят қилинади.
6. Қонун 483-моддасининг иккинчи қисмига биноан тегишли қарздор юридик шахсларга нисбатан ижро ҳаракатларини амалга оширишда ундирувни хусусий корхона мулкдори, муассаса мулкдори, фермер хўжалигининг раҳбари, деҳқон хўжалигининг аъзолари, ишлаб чиқариш кооперативининг аъзолари, қўшимча масъулиятли жамият иштирокчилари, тўлиқ ширкат иштирокчилари, шунингдек коммандит ширкатдаги тўлиқ шериклар пул маблағларига ва бошқа мол-мулкига қаратиш ижро ҳужжатини ижро этиш тартиби ҳамда усулини ўзгартириш орқали амалга оширилади.
Суд ҳал қилув қарорининг ижро усули ҳамда тартибини ўзгартириш тўғрисидаги ажримни чиқаришда Қонун 483-моддасининг иккинчи қисмини асос қилиб кўрсатган. Қонуннинг кўрсатилган нормасига кўра тегишли қарздор юридик шахсларга нисбатан ижро ҳаракатларини амалга оширишда ундирувни хусусий корхона мулкдори, муассаса мулкдори, фермер хўжалигининг раҳбари, деҳқон хўжалигининг аъзолари, ишлаб чиқариш кооперативининг аъзолари, қўшимча масъулиятли жамият иштирокчилари, тўлиқ ширкат иштирокчилари, шунингдек коммандит ширкатдаги тўлиқ шериклар пул маблағларига ва бошқа мол-мулкига қаратиш ижро ҳужжатини ижро этиш тартиби ҳамда усулини ўзгартириш орқали амалга оширилади.
Ваҳоланки, ушбу моддада кўрсатилган хўжалик юритувчи субъектларнинг рўйхатида МЧЖ назарда тутилмаган.
Биринчи инстанцияси судининг ажрими билан иш юритиш ХПК 86-моддасининг 1-бандига асосан, яъни низо хўжалик судида кўриш учун тааллуқли бўлмаганлиги сабабли тугатилган.
Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги «Биринчи инстанция судида ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг қўлланилиши тўғрисида»ги 162-сонли қарори 9-бандининг иккинчи хатбошисига кўра, агар даъво юридик шахснинг ўзига эмас, балки унинг алоҳида бўлинмасига нисбатан тақдим этилган бўлса, у ҳолда юридик шахснинг ўзини ишда иштирок этишга жалб қилиш суд томонидан ХПКнинг 38-моддасига мувофиқ ҳал этилади.
ХПК 38-моддасининг биринчи қисмига асосан хўжалик суди даъво тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан ёки даъво бўйича жавоб бериши лозим бўлмаган шахсга нисбатан тақдим этилганини аниқласа, ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар, даъвогарнинг розилиги билан дастлабки даъвогар ёки жавобгарнинг ишга дахлдор даъвогар ёки жавобгар билан алмаштирилишига йўл қўйиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Олий хўжалик суди Пленумининг 2009 йил 10 апрелдаги «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини қўллашда суд амалиётида вужудга келадиган айрим масалалар ҳақида»ги 06/196-сонли қарорининг 17-банди мазмунига кўра, суд ижрочисининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиниши мумкин, шикоят қилиш ФПК ва ХПКнинг 15-бобларида назарда тутилган талабларга риоя қилинган ҳолда ариза (шикоят) бериш йўли билан амалга оширилади, қайд этилган аризалар (шикоятлар) айрим хусусиятлари инобатга олинган ҳолда, маъмурий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни ҳал қилиш тартибида кўриб чиқилиши керак.
ХПК 6-моддасининг иккинчи қисмига кўра, агар қонунда айрим тоифадаги низолар учун уларни судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартиби белгиланган ёхуд бу тартиб шартномада назарда тутилган бўлса, тарафлар ўзаро муносабатларини ихтиёрий равишда ҳал қилиш чораларини кўрганларидан сўнггина хўжалик судида иш қўзғатиш мумкин. Ижро жараёнида юзага келадиган низолар шартномавий муносабатлардан эмас, балки суд ҳужжатининг ижроси юзасидан вужудга келади. Шу сабабли низони судгача ҳал қилиш тартиби шартномада белгиланган бўлиши мумкин эмас.
Қонун 88-моддасининг биринчи қисмига кўра суд ижрочисининг хатти-ҳаракатлари устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга (мансабдор шахсга) ёки судга шикоят қилиш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди Пленумининг 2009 йил 10 апрелдаги «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини қўллашда суд амалиётида вужудга келадиган айрим масалалар ҳақида»ги 06/196-сон қарорининг 17-банди талабига кўра суд ижрочисининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиниши мумкин. Суд ижрочисининг қонуний кучга кирган суд ҳужжатининг ижроси бўйича чора кўрмаганлиги ёки бошқа ғайриқонуний ҳаракатларни содир этганлиги судга бериладиган шикоятнинг объекти бўлиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди Пленумининг 2009 йил 10 апрелдаги «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини қўллашда суд амалиётида вужудга келaдиган айрим масалалар ҳақида»ги 06/196-сон қарорининг 17-банди талабига кўра суд, шикоятни асосли эканлигини аниқласа, хатти-ҳаракат (ҳаракатсизлик)ни, қарорни ноқонуний деб топади ва бекор қилади. Билдирилган талаб асоссиз бўлса, суд уни рад қилади. Келиб тушган ариза (шикоят) тўлиқ ёки қисман қаноатлантирилганда суднинг қарорида йўл қўйилган ҳуқуқ бузилиш ҳолатини бартараф этиш учун бажарилиши лозим бўлган аниқ харакатлар кўрсатилиши лозим.
Биринчи инстанция суди томонидан «Асака дон маҳсулотлари» ОАЖнинг ижро иши юритишни вақтинчалик тўхтатиб туриш тўғрисидаги аризаси муҳокама қилинмаган ҳамда даъвони таъминлаш чоралари кўрмасдан қолдирилган. Ваҳоланки, Қонуннинг 34-моддаси биринчи қисмининг 5-бандига асосан ижро ҳужжати бўйича ундирув қаратилган мол-мулкни рўйхатдан чиқариш (хатлашдан озод қилиш) тўғрисида судга даъво аризаси берилганда ижро иши юритиш суд томонидан тўхтатиб турилиши шарт.
Шунингдек, ХПКнинг 76-моддасига кўра, даъвони таъминлаш тўғрисидаги ариза тушганидан кейинги кундан кечиктирмасдан низони ҳал этаётган хўжалик суди томонидан кўрилиши, аризани кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилиши белгиланган.
ХПК 77-моддаси биринчи қисмининг 5-бандида мол-мулкни хатлашдан озод қилиш тўғрисида даъво тақдим этилган тақдирда уни реализация қилишни тўхтатиб туриш даъвони таъминлаш чораларидан бири сифатида белгиланган.
Хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво талаблари қаноатлантирилган ва жавобгар Суд департаменти Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси ҳисобидан даъвогар фойдасига асосли равишда 3 585 114 сўм зарар суммаси ундирилган. Чунки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 15-моддасига кўра, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ёки ушбу органлар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги), шу жумладан давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари томонидан қонун хужжатларига мувофиқ бўлмаган хужжат чиқарилиши натижасида фуқарога ёки юридик шахсга етказилган зарар давлат томонидан ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тўланиши керак.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 330-моддасининг 25-бандига кўра юридик ва жисмоний шахслар суд ижрочисининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоятлари бўйича хўжалик судларида давлат божини тўлашдан озод қилинади.
Солиқ кодекси 337-моддасининг ўнинчи қисмига биноан даъвогар давлат божини тўлашдан озод этилган тақдирда даъво қаноатлантирилса, давлат божи жавобгардан (агар у давлат божини тўлашдан озод этилмаган бўлса) давлат даромадига белгиланган даъво суммасига мувофиқ ундирилади.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 330-моддасининг 25-бандига асосан юридик ва жисмоний шахслар суд ижрочисининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоятлари бўйича хўжалик судларида давлат божини тўлашдан озод қилинади.
Солиқ кодекси 337-моддасининг ўнинчи қисмига асосан даъвогар давлат божини тўлашдан озод этилган тақдирда даъво қаноатлантирилса, давлат божи жавобгардан (агар у давлат божини тўлашдан озод этилмаган бўлса) давлат даромадига белгиланган даъво суммасига мувофиқ ундирилади.
Шунингдек, ХПК 95-моддасининг биринчи қисмига асосан суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларга уларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда юкланади.