Ҳуқуқий демократик давлат қурилиши, қонунчиликни мустаҳкамлаш ва ижтимоий адолат қарор топишини таъминлаш, маънавий ва маданий ривожланишнинг устувор йўналишларини белгилаш, амалга оширилаётган ислоҳотларни янги мазмун билан бойитиш, аҳолининг ҳуқуқий билими ва онгини юксалтириш, жамиятни сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва жамоатчилик фикрини ўрганиш борасидаги ишларни яхшилаш мақсадида:
1. Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва ҳуқуқий тарбиясини яхшилаш юзасидан олиб борилаётган ишлар — давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири этиб белгилансин.
Республикада ҳуқуқий давлат қурилиши йўлида олиб борилаётган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ислоҳотлар ва бу борада қабул қилинган қонунлар моҳиятини аҳоли томонидан чуқур англаб етишига ҳар томонлама кўмаклашиш — давлат бошқарув, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, ўқув юртлари ҳамда ҳуқуқшунос олимларнинг энг долзарб вазифалари эканлиги кўрсатилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси «Маънавият ва маърифат» жамоатчилик маркази, «Маҳалла» хайрия жамғармаси, Хотин-қизлар қўмитаси, «Камолот» жамғармаси ҳамда Ўзбекистон Республикасидаги инсон ҳуқуқлари бўйича ва бошқа бир қатор манфаатдор ташкилотларнинг «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш Марказини тузиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 9 июлдаги 343-сон «Ижтимоий фикр» жамоатчилик Марказини кўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги қарори.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2.1-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги ПФ-5667-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўкотган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 22.02.2019 й., 06/19/5667/2648-сон)
2.2. Жамоатчилик фикрини ўрганиш Марказига «Ўзбекистонда жамоатчилик фикри» махсус даврий журналини ўзбек, рус ва инглиз тилларида нашр қилишга рухсат берилсин.
2.3. Ташқи ишлар вазирлиги, бошқа вазирликлар ва идоралар «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш Марказига хориждаги шу йўналишда иш юритувчи ташкилотлар билан халқаро алоқаларни амалга ошириш, унинг сўровларига мувофиқ тегишли ахборотларни тақдим қилиш борасида ёрдам кўрсатсинлар.
2.4. «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сессиялари ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, вазирликлар ва идораларнинг меъёрий ҳужжатлари ва статистик тўпламлари мажбурий равишда юборилувчи ташкилотлар рўйхатига киритилсин.
3. Тошкент давлат юридик институти ҳузурида ҳуқуқий маърифат тарғиботи Маркази ва Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари адлия бошқармалари ҳузурида унинг минтақавий бўлимлари тузилсин.
Туман (шаҳар) ҳокимликлари қошида жамоатчилик асосида ҳуқуқий маърифат тарғиботи Марказининг бўлимлари ташкил қилинсин.
3.1. Ҳуқуқий маърифат тарғиботи Марказининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари қуйидагича белгилансин:
— мамлакатда ҳуқуқий таълимни ташкил қилишга ёрдамлашиш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий билимларни тарғибот қилиш, ҳуқуқий соҳадаги таълим ишларини услубий жиҳатдан таъминлаш;
— аҳоли турли ижтимоий гуруҳларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, ҳуқуқий тарбия ва таълимнинг замонавий турларини тадбиқ этиш борасида тавсиялар ишлаб чиқиш;
— аҳолининг ҳуқуқий билимини ошириш мақсадида янги қонунчилик ва меъёрий ҳуқуқий ҳужжатларни даврий умумлаштирилишини амалга ошириш ҳамда уларни Марказнинг минтақавий бўлимларига етказиш;
— ҳуқуқий таълимнинг ҳолатини умумлаштириш ва таҳлил қилиб бориш, уларни яхшилаш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш;
3.2. Вазирликлар ва идоралар ўзларининг таълим борасидаги ишларини ҳуқуқий маърифат тарғиботи Маркази билан мувофиқлаштирсинлар, унинг сўровларига кўра лекциялар ўқиш, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш учун тегишли мутахассисларни ажратиб, ҳар томонлама кўмак берсинлар.
4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошида юристлар малакасини ошириш Маркази тузилсин, мазкур Марказда адлия, суд, прокуратура, адвокатура, давлат бошқаруви идоралари, мулкчилик туридан қатъи назар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ходимларининг ўқитилиши кўзда тутилсин.
б) ҳуқуқ соҳасида илмий тадқиқотларни амалга ошириш, ҳуқуқшунослар орасида кадрлар сиёсатини такомиллаштириш борасида тавсияларни ишлаб чиқиш ва тақдим қилиш;
в) ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш масалалари юзасидан халқаро ташкилотлар билан алоқаларни амалга ошириш.
4.2. Юристлар малакасини ошириш Маркази фаолиятини молиявий таъминлаш республика бюджетининг давлат ҳокимияти ва бошқарувига ажратилаётган маблағлари ҳисобига амалга оширилсин.
4.3. Марказга ўқув ва тадқиқот ишларини амалга ошириш учун республика ва чет эл илмий марказларининг кўзга кўринган олимларини, тажрибали амалиётчиларни ўриндошлик ёки алоҳида шартномалар тузиш йўли билан жалб этиш ҳуқуқи берилсин.
4.4. Юристлар малакасини ошириш Маркази Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, вазирликлар ва идораларнинг меъёрий ҳужжатлари ва статистик тўпламлари мажбурий равишда юборилувчи ташкилотлар рўйхатига киритилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 10 кун муддат ичида Адлия вазирлиги тизимида фуқароларнинг адлия ва суд идоралари ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари устидан шикоят ва аризаларини кўриб чиқадиган алоҳида бошқарма тузиш тўғрисида қарор қабул қилсин.
6. Адлия вазирлиги Давлат матбуот қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг республика аҳолиси учун илмий-оммабоп ҳуқуқий адабиётларни нашр қилишни кенгайтириш борасида фаолияти дастурини ишлаб чиқсин (мавзули дастурлар ҳам шу жумладан).
6.1. Аҳолига сотиладиган ҳуқуқий илмий-оммабоп адабиётлар ва кўргазмали қўлланмалар қийматининг 50 фоизи давлат бюджети ҳисобидан қопланиши белгилансин.
6.2. Ҳуқуқий маърифат тарғиботи Маркази ҳузурида илмий-оммабоп ҳуқуқий адабиётларни чиқариш бўйича идоралараро республика мувофиқлаштирувчи услубий Кенгаши тузилсин.
6.3. Мазкур Кенгашга нашр қилишга тавсия қилинган ҳуқуқий адабиётларни илмий-оммабоп адабиётлар мақомига киритиш ҳуқуқи берилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда ушбу Фармоннинг бажарилиши юзасидан тегишли қарорлар қабул қилсин.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 21 июлдаги 364-сонли «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошида юристлар малакасини ошириш Маркази тузиш тўғрисида»ги ва 1997 йил 22 июлдаги 367-сонли «Ҳуқуқий маърифат тарғиботи ва аҳолини ҳуқуқий адабиётлар билан таъминлаш Маркази тузиш тўғрисида»ги қарорлари.