LexUZ шарҳи
Мазкур Шартнома Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2000 йил 11 февралдаги 39-II-сонли «Ўзбекистон Республикаси билан Хитой Халқ Республикаси ўртасида экстрадиция тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш ҳақида»ги Қарори билан ратификация қилинган.
Ўзбекистон Республикаси билан Хитой Халқ Республикаси, бундан кейин — Аҳдлашувчи Томонлар деб аталувчилар,
Аҳдлашувчи Томонлар ушбу Шартнома қоидаларига мувофиқ тегишли илтимосномага биноан жиноий жазога тортиш ёки ҳукмни ижро этиш учун уларнинг ҳудудида турган шахсларни бир-бирига бериш мажбуриятини оладилар.
1. Ушбу Шартнома мақсадлари учун беришга олиб келадиган жиноятлар деб Аҳдлашувчи Томонларнинг қонунларига кўра бир йилдан кам бўлмаган ёки янада жиддийроқ жазо бериладиган жиноятлар ҳисобланади.
2. Сўраётган Аҳдлашувчи Томон ушбу модданинг 1-банди шартларига амал қилган ҳолда ҳукмни ижро этиш учун илтимоснома билан мурожаат этса, бериш жазо муддатининг тугашига олти ойдан ортиқ вақт қолган ҳолдагина амалга оширилиши мумкин.
3. Ушбу модда мақсадлари учун, муайян қилмиш ҳар иккала Аҳдлашувчи Томоннинг қонунларига кўра жиноят деб ҳисобланиши аниқланса, унинг юридик квалификацияси ва атамаси аҳамиятсиз.
4. Агар бериш тўғрисидаги илтимоснома бир неча алоҳида жиноий қилмишларга тааллуқли бўлиб, уларнинг бир нечтаси ушбу модданинг 1- ва 2-бандларидаги шартларга тўғри келмаса, лекин ушбу қилмишлардан энг камида биттаси беришга олиб келиши мумкин бўлса, шахсни беришга рухсат этилиши мумкин.
1) бериш тўғрисидаги масала кўриб чиқилаётганда, талаб этилаётган шахс сўралаётган Аҳдлашувчи Томоннинг фуқароси бўлса ёки сўралаётган давлатда унга сиёсий бошпана берилган бўлса;
2) бериш тўғрисидаги илтимоснома олинган пайтда сўраётган Аҳдлашувчи Томоннинг қонунларига биноан, шахс жиноий жавобгарликка тортилиши ёки ҳукм исталган қонуний асосга кўра ижро этилиши мумкин эмас, жавобгарликка тортиш муддатининг ўтганлиги ёки афв этиш ҳам шунга киради;
3) бериш тўғрисида илтимоснома олингунига қадар, сўралаётган Аҳдлашувчи Томон ҳудудида берилиши талаб этилаётган шахснинг ўша жинояти бўйича чиқарилган ҳукм қонуний кучга кирган ёки ушбу иш бўйича жиноий иш ҳаракатдан тўхтатилган бўлса;
4) бериш тўғрисида илтимосномага сабаб бўлган жиноят тўла ёки қисман сўралаётган Аҳдлашувчи Томон ҳудудида амалга оширилган бўлса, бунга унинг байроғи остидаги кема ёки жиноят амалга оширилган чоғда унинг қонунларига мувофиқ равишда рўйхатга олинган ҳаво кемаси ҳам киради.
Сўралаётган Аҳдлашувчи Томон талаб этилаётган шахсни у ўз фуқароси эканлиги сабабли ёки ушбу Шартнома 3-моддасининг 4-бандига мувофиқ беришга рози бўлмаса, шу Аҳдлашувчи Томон сўраётган Аҳдлашувчи Томоннинг илтимосномаси асосида талаб этилаётган шахсни унга нисбатан жиноий иш қўзғаш учун ўз ваколатли органларига топшириши лозим. Бунинг учун сўраётган Аҳдлашувчи Томон сўралаётган Аҳдлашувчи Томонга ушбу ишга алоқадор ҳужжатлар, далиллар ва ўғирланган буюмларни топшириши керак.
Ушбу Шартномани амалга оширишда Аҳдлашувчи Томонлар, агар ушбу Шартномада бошқача тартиб кўзда тутилмаган бўлса, ўзлари тайинлаган ваколатли органлар орқали алоқа боғлайдилар. Алоқа дипломатик каналлар орқали олиб борилиши ҳам мумкин.
Ушбу Шартномани бажаришда Аҳдлашувчи Томонлар ўз давлат тиллари ҳамда бошқа Аҳдлашувчи Томон давлат тилига ёки инглиз ёхуд рус тилига қилинган таржимадан фойдаланадилар.
1. Бериш тўғрисида илтимоснома ёзма равишда юборилади. Унда бериш талаб этилаётган шахснинг фамилияси, исми, фуқаролиги ҳамда турар жойи ёки бўлиб турган жойи кўрсатилади. Илтимосномага, шунингдек қуйидагилар ҳам илова этилиши керак:
1) ушбу шахснинг ким эканлигини аниқлашда асқотадиган маълумотлар, шунингдек иложи бўлса, унинг қиёфаси, бармоқ излари тасвири;
3) ушбу жиноят тоифасига баҳо берадиган қонун ва унинг учун бериладиган жазони кўзда тутадиган, ёки жиноий жавобгарликка тортишнинг муддатларига оид тегишли модда матни.
2. Бериш талаб этилаётган шахсни жиноий таъқиб этиш юзасидан илтимосномага ушбу модданинг 1-бандида кўрсатилган ҳужжатлардан ташқари сўраётган Аҳдлашувчи Томоннинг ваколатли органи томонидан берилган ҳибсда сақлаш тўғрисидаги қарорнинг нусхаси ёки ҳибсга олиш тўғрисидаги ордернинг нусхаси ҳам илова этилиши керак.
3. Ҳукм ижросини амалга ошириш учун бериш тўғрисидаги илтимосномага ушбу модданинг 1-бандида кўрсатилган ҳужжатлардан ташқари, қуйидагилар ҳам илова этилиши керак:
4. Бериш тўғрисидаги илтимоснома ва унинг иловалари имзоланган ва муҳр босиб тасдиқланган бўлиши, шунингдек сўралаётган Аҳдлашувчи Томон тилига қилинган таржимаси ёки инглиз тилидаги ёхуд русча таржимаси илова этилиши керак.
1. Сўралаётган Аҳдлашувчи Томон ушбу Шартнома қоидаларига мувофиқ, бериш тўғрисидаги илтимосномага илова этилган материаллар етарли эмас деб ҳисобласа, ушбу Аҳдлашувчи Томон сўраётган Аҳдлашувчи Томондан қўшимча маълумотларни мақбул бир муддат ичида тақдим этишни талаб қилиши мумкин.
2. Бундай илтимоснома олинганидан кейин сўралаётган Аҳдлашувчи Томон икки ой муддат ичида қўшимча маълумотларни етказиб бериши керак. Узрли сабабларга кўра ушбу муҳлат сўраётган Аҳдлашувчи Томоннинг илтимосига биноан яна 15 кунга узайтирилиши мумкин.
3. Шу муддат ичида сўраётган Аҳдлашувчи Томон қўшимча маълумотларни тақдим этмаса, бу унинг илтимосномадан ихтиёрий равишда воз кечганлигини билдиради. Аммо бу ҳол сўраётган Аҳдлашувчи Томоннинг муайян шахсни ўша жинояти туфайли бериш тўғрисида такрор мурожаат қилишига халақит бермайди.
1. Кечиктириб бўлмайдиган вазиятларда сўраётган Аҳдлашувчи Томон сўралаётган Аҳдлашувчи Томондан бериши талаб қилинаётган шахсни вақтинча ҳибсда ушлаб туришни сўраши мумкин. Бундай тавсия Халқаро жиноят полицияси ташкилоти орқали ёки бевосита равишда, телеграф, телекс, телефакс сингари техникавий воситалардан фойдаланиб ҳам берилиши мумкин.
2. Тавсияда берилиши талаб этилаётган шахс тўғрисидаги маълумотлар ҳамда агар маълум бўлса, турар жойи; ишнинг фактик ҳолатлари ҳақида қисқача маълумот; 7-моддада кўрсатилган ҳибсда сақлаш тўғрисидаги қарор ёки ҳибсга олиш ҳақида ордер ёхуд ҳукм чиқарилганлиги тўғрисида маълумот берилиши ҳамда бериш тўғрисида илтимоснома дарҳол юборилиши кўрсатилиши лозим.
3. Сўралаётган Аҳдлашувчи Томон бундай тавсия юзасидан тезлик билан ўз қонунларига мувофиқ қарор чиқаради ва бу тўғрида сўраётган Аҳдлашувчи Томонга хабар беради.
4. Бундай тавсияга асосланиб қўлга олинган шахс, агар сўраётган Аҳдлашувчи Томондан бериш тўғрисида илтимоснома келиб тушмаса, 45 кундан сўнг озод қилинади. Бу муддат тугагунига қадар сўраётган Аҳдлашувчи Томондан асосланган тавсия берилса у яна 15 кунга узайтирилиши мумкин.
5. Ушбу модданинг 4-бандига мувофиқ шахснинг озод қилиниши кейинчалик бериш тўғрисида илтимоснома ва тасдиқловчи ҳужжатлар олинган тақдирда сўралаётган Аҳдлашувчи Томон тарафидан қайта ҳибсга олинишига монелик қилмайди.
1. Сўралаётган Аҳдлашувчи Томон бериш тўғрисидаги илтимосномани ўз мамлакати қонунларида кўзда тутилган процедурага мувофиқ кўриб чиқиб, дарҳол сўраётган Аҳдлашувчи Томонга ўз қарорини билдиради.
2. Сўраётган Аҳдлашувчи Томон сўралаётган Аҳдлашувчи Томондан бериш тўғрисидаги илтимоснома қондирилгани тўғрисида хабарни олганидан кейин Аҳдлашувчи Томонлар ўтказиш вақти, жойи ва бошқа тегишли масалаларни келишиб оладилар. Талаб этилаётган шахсни ўтказиш процедурасига Аҳдлашувчи Томонлар ваколатли органларининг вакиллари томонидан имзоланган икки нусхадаги баённомани тузиш киради.
3. Бериш тўғрисидаги илтимосномани бажариш буткул ёки қисман рад этилса, тегишли сабаблари кўрсатиб изоҳланади.
4. Ушбу модданинг 5-бандида кўрсатилганидан ташқари ҳолларда, сўраётган Аҳдлашувчи Томон берилиши лозим бўлган шахсни ўтказиш санаси белгиланганидан сўнг 15 кун ичида қабул қилмаса, сўралаётган Аҳдлашувчи Томон ушбу шахсни озод қилиши ва сўраётган Аҳдлашувчи Томоннинг ушбу шахсни айнан ўша жинояти учун бериш юзасидан такрорий илтимосномасини бажаришни рад этиши мумкин.
5. Аҳдлашувчи Томонлардан бири ўзига боғлиқ бўлмаган сабабга кўра берилиши лозим бўлган шахсни беришни амалга ошириш учун тайинланган вақтда бера олмаса ёки қабул қилолмаса, у бу тўғрида иккинчи Аҳдлашувчи Томонни ўз вақтида хабардор қилиши керак. Аҳдлашувчи Томонлар ушбу модданинг 2-бандига мувофиқ, бу ҳолда беришнинг бошқа муддати ва унга алоқадор масалалар тўғрисида келишиб оладилар.
1. Агар сўралаётган Аҳдлашувчи Томон бериш талаб этилаётган шахсга нисбатан бериш тўғрисидаги илтимосномага алоқаси бўлмаган жиноят юзасидан жиноий таъқиб қўзғаган ёки ҳукмни ижро этаётган бўлса, бериш кечиктирилиши мумкин. Сўралаётган Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томонни беришни кечиктириш тўғрисидаги ўз қарори тўғрисида хабардор қилиши керак.
2. Беришнинг кечиктирилиши жавобгарликка тортиш муддатининг ўтишига, ёки бериш талаб этилаётган шахс устидан терговга жиддий зиён етказишга олиб келиши мумкин бўлса, сўралаётган Аҳдлашувчи Томон сўраётган Аҳдлашувчи Томонга талаб этилаётган шахсни Аҳдлашувчи Томонлар тарафидан келишилган шартларга мувофиқ равишда вақтинча бериши мумкин. Вақтинча берилган шахс жиноий ишлар юзасидан процессуал ҳаракатлар тугагач дарҳол қайтарилиши лозим.
Аҳдлашувчи Томонлардан бири бир шахсни бериш тўғрисида иккинчи Аҳдлашувчи Томондан ҳамда яна бошқа бир учинчи давлатдан илтимоснома олса, қайси илтимосномани қаноатлантиришни ўзи ҳал этади.
1. Ушбу Шартномага мувофиқ берилган шахс сўраётган Аҳдлашувчи Томон ҳудудида илтимосномада кўрсатилган жиноятидан бошқа илгари амалга оширган бирон-бир жинояти учун жиноий жавобгарликка тортилиши ёки ҳукмни ўташга жалб этилиши мумкин эмас. Сўралаётган Аҳдлашувчи Томоннинг розилигисиз у учинчи томонга бериб юборилиши мумкин эмас.
1) берилган шахс сўраётган Аҳдлашувчи Томон ҳудудини тарк этиб, ихтиёрий равишда унинг ҳудудига қайтса;
2) берилган шахс қайтиш эркинлигига эга бўлгани ҳолда ғайриихтиёрий сабабларсиз сўраётган Аҳдлашувчи Томон ҳудудини 30 кун мобайнида тарк этмаган бўлса,
Агар берилган шахс жиноий таъқиб ёки ҳукм ижросидан қочиб, сўралаётган Аҳдлашувчи Томон ҳудудига қайтиб келса, сўралаётган Аҳдлашувчи Томон сўраётган Аҳдлашувчи Томоннинг илтимосномасига кўра бу шахсни ушбу Шартноманинг 7-моддасида кўрсатилган ҳужжатларни талаб этмаган ҳолда такроран бериши мумкин.
1. Сўралаётган Аҳдлашувчи Томон ўз қонунлари доирасида, сўраётган Аҳдлашувчи Томоннинг илтимосномасига кўра бериш талаб этилаётган шахс амалга оширган жиноятда қурол бўлиб хизмат қилган нарсаларни, шунингдек жиноят излари қолган ёки жиноят орқасида топилган нарсаларни бериши мумкин.
2. Мазкур нарсалар бериш талаб этилаётган шахснинг ўлими, қочиб кетганлиги ёки уни беришнинг иложи бўлмаган бошқа ҳолларда ҳам тақдим этилиши мумкин.
3. Ушбу модданинг 1-бандида кўрсатилган нарсалар сўралаётган Аҳдлашувчи Томоннинг ўзига жиноий ишда ашёвий далил сифатида зарур бўлса, уларни бериш иш юзасидан ҳаракатлар тугагунича кечиктирилиши мумкин.
4. Агар ушбу нарсалар сўралаётган Аҳдлашувчи Томон ҳудудида ҳибсга олиниши ёки мусодара этилиши лозим бўлса, бу Аҳдлашувчи Томон уларни бермаслиги ёки вақтинча бериб туриши мумкин.
5. Агар сўралаётган Аҳдлашувчи Томоннинг қонунларига мувофиқ ёки учинчи томоннинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун бериб юборилган нарсалар сўралаётган Аҳдлашувчи Томонга қайтарилиши лозим бўлса, сўралаётган Аҳдлашувчи Томоннинг шундай илтимосномасига кўра сўраётган Аҳдлашувчи Томон бу нарсаларни суд жараёни якунланиши биланоқ қайтариб бериши даркор.
1. Агар шахс учинчи давлат тарафидан Аҳдлашувчи Томонлардан бирига бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудуди орқали бериладиган бўлса, бу шахсни олаётган Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томондан ушбу шахсни унинг ҳудудидан транзит тарзида олиб ўтишга рухсат сўраши лозим. Бу қоида ҳаво транспортидан фойдаланилаётганда, бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудига қўниш режалаштирилмаган бўлса, қўлланмайди.
2. Бундай илтимоснома олингач, уни бажариш сўралаётган Аҳдлашувчи Томоннинг асосий манфаатларига зиён етказмайдиган ва қонунларига хилоф келмайдиган бўлса, қондирилиши лозим.
3. Транзит давлати олиб ўтилаётган шахсни кузатиб бораётган бошқа Аҳдлашувчи Томон вакилларига зарур ёрдамни беради.
Аҳдлашувчи Томонлар бир-бирларига уларга берилган шахсларга нисбатан жиноий таъқиб ёки ҳукмнинг ижро этилиши ёхуд ушбу шахсни учинчи давлатга бериш амалга оширилганми-йўқми, шу тўғриларда хабар берадилар.
Беришга алоқадор харажатлар ҳудудида бу ишлар амалга оширилган Аҳдлашувчи Томон зиммасида бўлади. Бироқ беришга алоқадор транспорт ва транспортда ташиш харажатларини сўраётган Аҳдлашувчи Томон кўтаради.
1. Сўраётган Аҳдлашувчи Томон илтимос қилса, сўралаётган Аҳдлашувчи Томон бериш тўғрисида илтимоснома олинганлиги, унинг мазмуни ва тасдиқловчи ҳужжатлар, шунингдек бундай ёрдам берилиши тўғрисидаги маълумотларни сир тутиш чораларини кўради. Башарти, бериш тўғрисидаги илтимосномани бажариш бу илтимосни қондиришга имкон бермайдиган бўлса, сўралаётган Аҳдлашувчи Томон бу тўғрисида сўраётган Аҳдлашувчи Томонга хабар беради, у эса махфий сақлаш тўғрисидаги илтимосни қондириш шартми-йўқми, ҳал қилади.
2. Сўралаётган Аҳдлашувчи Томон ҳам сўраётган Аҳдлашувчи Томондан ўзи берган шоҳидлик ва ахборотни сир тутишни илтимос қилиши мумкин.
Ушбу Шартномани талқин этиш ёки бажариш асносида юзага чиқадиган ҳар қандай баҳс дипломатик каналлар орқали маслаҳатлашиб ҳал қилинади.
Ушбу Шартнома Аҳдлашувчи Томонларнинг бошқа халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятларига дахл қилмайди.
Аҳдлашувчи Томонларнинг ўзаро келишувига кўра ушбу Шартномага ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
1. Ушбу Шартнома ратификация қилиниши керак. Ратификация ёрлиқлари Тошкент шаҳрида алмаштирилади. Ушбу Шартнома ратификация ёрлиқлари алмаштирилганидан кейин ўттизинчи куни кучга киради.
2. Ушбу Шартноманинг амал қилиш муддати чекланмаган. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томонни дипломатик каналлар орқали ёзма равишда ушбу Шартнома фаолиятини тўхтатиш ниятидан хабардор қилиши мумкин. Шундай хабарнома олинганидан олти ой кейин ушбу Шартнома кучдан қолади. Ушбу Шартнома фаолиятининг тўхтатилиши унга қадар шахсларни бериш юзасидан бошланган ишни тугаллашга ҳеч бир халақит бермаслиги керак.
Пекин шаҳрида, 1999 йил 8 ноябрда, икки нусхада, ҳар бири ўзбек, хитой ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.