Ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган нормалардан ташқари, ички тартиб қоидаларида ушлаб турилганлар ва қамоққа олинганларнинг қамоқда сақлаш жойларидаги хулқ-атвор қоидалари, тегишинча ушлаб турилганлар ва қамоққа олинганларнинг ёнида бўлиши, сақлаши, посилкалар, йўқловлар, бандеролларда олиши ҳамда нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича сотиб олиши мумкин бўлган озиқ-овқат маҳсулотларининг, энг зарур нарсаларнинг рўйхати ва миқдори белгиланади.
Ушлаб турилганлар ва қамоққа олинганларга ихтисослаштирилган тиббий ёки психиатрия ёрдами кўрсатилиши зарур бўлган ҳолларда, шунингдек қамоққа олинганларга Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексида назарда тутилган асослар бўйича стационар суд-тиббий ёхуд суд-психиатрия экспертизаси тайинланган тақдирда, улар давлат соғлиқни сақлаш тизимининг тиббий муассасаларига жойлаштирилади. Бунда уларни қўриқлаш ва хулқ-атворини назорат қилиш таъминланади. Ушлаб турилганлар ва қамоққа олинганларни қамоқда сақлаш жойи ҳудудидан ташқарига олиб чиқиш жиноят ишини юритаётган мансабдор шахс ёки орган билан келишилади. Ушлаб турилган ва қамоққа олинганга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш зарур бўлганда уларни давлат соғлиқни сақлаш тизимининг тиббий муассасаларига олиб чиқиш қамоқда сақлаш жойи бошлиғининг ёзма рухсати билан амалга оширилиб, кейинчалик жиноят ишини юритаётган мансабдор шахс ёки орган ёзма равишда хабардор қилинади.
Ушлаб турилган ёки қамоққа олинган вафот этган шахснинг жасади суд-тиббий экспертизасидан ўтказилганидан, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексида назарда тутилган бошқа ҳаракатлар бажарилганидан кейин вафот этган шахснинг эри (хотини), ота-онаси, фарзандлари ва бошқа қариндошларига ёки қонуний вакилларига ёхуд дафн этишни амалга ошириш мажбуриятини ўз зиммасига олган бошқа шахсларга топширилади. Ушлаб турилган ёки қамоққа олинган вафот этган шахснинг эри (хотини), ота-онаси, фарзандлари ва бошқа қариндошлари ёки қонуний вакилларидан ёхуд дафн этишни амалга ошириш мажбуриятини ўз зиммасига олган бошқа шахслардан жасадни бериш тўғрисида ариза тушмаган тақдирда, вафот этган шахсни дафн этиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
Агар қамоққа олинганлар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 15-моддасининг тўртинчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этишда айбланаётган бўлса, прокурорнинг қарорига ёки суднинг ажримига кўра тергов ҳибсхонасининг бир кишилик камерасида қамоқда сақлаб турилиши мумкин. Бу чора вояга етмаганларга, олтмиш ёшдан ошган шахсларга, шифокорнинг ёзма хулосаси билан тасдиқланган оғир касалларга ва руҳий ҳолати бузилган шахсларга нисбатан қўлланилмайди.