Буйруқ тартибида иш юритишда йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш ҳамда мазкур тартибда иш юритишни белгиловчи қонунчиликка оғишмай риоя қилинишини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг «Судлар тўғрисида»ги Қонунининг 17-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Олий суди Пленуми қарор қилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Судларнинг эътибори қаратилсинки, суд буйруғи ишни судда муҳокама қилиш билан боғлиқ бўлмаган биринчи инстанция суди қарорининг алоҳида тури бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг (бундан буён матнда ФПК деб юритилади) 171-моддасида кўрсатилган талаблар бўйича чиқарилади ва бевосита ижро ҳужжати кучига эгадир.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2021 йил 20 апрелдаги 17-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Судлар назарда тутишлари лозимки, суд буйруғи чиқариш ҳақидаги талаб ФПК 33-моддасида белгиланган судловга тааллуқлиликнинг умумий қоидаларига амал қилинган ҳолда судга берилади. Шу билан биргаликда вояга етмаган фарзанднинг таъминоти учун алимент ундириш ҳақидаги талаб ундирувчи яшаётган жойдаги судга, ижро қилиш жойи кўрсатилган нотариал тасдиқланган битимга асосланган талаб ушбу талаб бажарилиши лозим бўлган жойдаги судга тақдим қилиниши ҳам мумкин.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2021 йил 20 апрелдаги 17-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Суд буйруғи чиқариш тўғрисидаги ариза ёзма шаклда ва ахборот тизими орқали электрон ҳужжат шаклида берилади. Бунда фуқаролик процессуал қонун талабига кўра суд буйруғи чиқариш ҳақидаги аризанинг шакли ва мазмунига қуйилган талаблар даъво аризага (ФПК 189-моддаси) қуйилган талабларга ўхшаш эканлигини назарда тутиш лозим. Шу билан биргаликда буйруқ тартибида иш юритиш ундирувчининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг соддалаштирилган усули эканлигидан келиб чиқиб, судлар суд буйруғи бериш ҳақида аризани қабул қилишда ундирувчининг вакили томонидан берилган аризада вакилнинг номи ва манзили кўрсатилиши шарт эмаслигини назарда тутишлари лозим. Ундирувчи томонидан вакилга суд буйруғини олиш ва ижрога қаратиш ваколати берилган ҳолатлар бундан мустасно.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2021 йил 20 апрелдаги 17-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2021 йил 20 апрелдаги 17-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган)
Олдинги таҳрирга қаранг.
5. Судларга тушунтирилсинки, буйруқ тартибида иш юритиш суд муҳокамасини истисно қилиши сабабли кўчар мол-мулкни талаб қилиб олиш тўғрисида суд буйруғи бериш ҳақидаги аризада ушбу мол-мулкнинг қиймати кўрсатилиши лозим (ФПК 172-моддаси тўртинчи қисми), шунингдек, қарздорликни ундириш тўғрисидаги суд буйруғи бериш ҳақидаги аризада тегишинча қарздорлик вужудга келган давр кўрсатилиши лозим (ФПК 172-моддаси иккинчи қисми 5-банди).
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2021 йил 20 апрелдаги 17-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2021 йил 20 апрелдаги 17-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган)
Олдинги таҳрирга қаранг.
7. Судлар шуни назарда тутиши лозимки, ФПК 194-моддаси билан даъво аризасини қабул қилишни рад этиш учун белгиланган умумий асослари билан бир қаторда, агар:
аризани ва ундирувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларни ўрганишда ҳуқуқ тўғрисида низо борлиги аниқланган бўлса;
арз қилинган талаб ФПК 171-моддасида назарда тутилмаган бўлса, судья суд буйруғи бериш тўғрисидаги аризани қабул қилишни рад этади.
(7-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2021 йил 20 апрелдаги 17-сонли қарори таҳририда)
8. Суд буйруғи чиқариш ҳақидаги аризада Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 2382-моддасида белгиланган талаб билан биргаликда низоли бошқа талаб қуйилган бўлиб, ушбу талабларни алоҳида кўриш имкони бўлмаса, Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 2385-моддасига мувофиқ суд буйруғи чиқариш тўғрисидаги ариза қабул қилишдан рад қилиниши ва ундирувчига тегишли тартибда даъво ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилиши лозим.
Олдинги таҳрирга қаранг.
9. ФПК 171-моддасида назарда тутилган талаблар бўйича ундирувчи суд буйруғи чиқариш ҳақидаги ариза билан ёки даъво талаби тартибида мурожаат қилишга ҳақли. Мазкур ҳолатда суд даъво талабини қабул қилиш ва ишни даъво тартибида кўришни рад қилишга ҳақли эмас.
(9-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2021 йил 20 апрелдаги 17-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
10. ФПК 171-моддасида кўрсатилган талаблар бўйича фақатгина ушбу талаб ҳужжат асосида тасдиқланган ҳамда талаб юзасидан қарздор томонидан эътироз билдирилмаган тақдирда суд буйруғи чиқариш мумкин. Шунга кўра, ундирувчи тарафлар ўртасида даъво тартибида ҳал қилиниши лозим бўлган ҳуқуқ тўғрисида низо мавжуд эмаслиги ҳақидаги ўз талабини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим қилиши шарт.
(10-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2021 йил 20 апрелдаги 17-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(10-банднинг иккинчи — бешинчи хатбошилари Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2021 йил 20 апрелдаги 17-сонли қарорига асосан чиқарилган)
Олдинги таҳрирга қаранг.
11. Судларнинг эътибори қаратилсинки, ФПК 171-моддасининг 4-бандига асосан, вояга етмаган болалар учун алимент ундириш ҳақидаги талаб бўйича суд буйруғи арз қилинган талаб оталикни белгилаш ёки учинчи шахсларни жалб этиш зарурати билан боғлиқ бўлмаса берилади.
(11-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2021 йил 20 апрелдаги 17-сонли қарори таҳририда)
Бунда судлар, биргина оталикни белгилаш ҳақидаги талаб арз қилинган ҳолда эмас, балки шу билан биргаликда иккинчи тараф томонидан оталик (оналик)ка нисбатан эътироз билдирилган ҳолларда ҳам суд буйруғи чиқариш мумкин эмаслигини назарда тутишлари лозим. Ушбу ҳолатларнинг барчаси низо мавжудлигидан далолат бериб, суд буйруғи чиқаришни истисно этади. Шунингдек, Оила кодекси 102-моддасининг 2-қисмига асосан вояга етмаган фарзанд таъминоти учун қатъий суммада алимент ундириш ҳақидаги талаб ҳам суд буйруғи тартибида кўрилиши мумкин эмас.
12. Оила кодекси 136-моддасининг 3-қисми талабига кўра вояга етмаган болалар учун алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб ундирилишини эътиборга олиб, вояга етмаган болалар учун алимент ундириш талабида ўтган давр учун ҳам алимент ундириш талаби қўйилган бўлса, ўтган давр учун алимент ундириш ҳақидаги талаб Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси 136-моддасининг 4-қисмида кўрсатилган ҳолатлар аниқлангандагина қаноатлантирилиши мумкинлигидан келиб чиқиб, суд талаб берилган кундан бошлаб алимент ундириш ҳақида суд буйруғи бериб, ўтган давр учун алимент ундириш қисми бўйича эса ундирувчига даъво тартибида судга мурожаат қилиши ҳуқуқини тушунтиради.
Олдинги таҳрирга қаранг.
13. ФПК 174-моддасига мувофиқ, суд буйруғи чиқариш тўғрисида ариза берилганда қонун ҳужжатларида даъво иш юритиш тартиби учун белгиланган тартиб ва миқдорда давлат божи ундирилади.
(13-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2021 йил 20 апрелдаги 17-сонли қарори таҳририда)
Аризани қабул қилиш рад этилган тақдирда ундирувчи томонидан тўланган давлат божи қайтариб берилади. Суд буйруғи бекор қилинган тақдирда тўланган давлат божи қайтариб берилмайди, балки у ундирувчи қарздорга нисбатан даъво иши юритиш тартибида ариза билан судга мурожаат этган тақдирда тўланиши лозим бўлган бож ҳисобига ўтказилади.
14. Умумий қоида бўйича суд мажлисида иштирок этишга жалб қилинмаган тарафга нисбатан чиқарилган суд қарорлари чет давлатлар томонидан, шунингдек, чет давлатларнинг шу тартибда қабул қилинган суд қарорлари Ўзбекистон Республикаси томонидан тан олинмайди ва ижро қилинмайди. Бир вақтнинг ўзида ижро ҳужжати ҳам бўлган суд буйруғини чиқариш тарафларни суд мажлисига чақириб, уларнинг тушунтиришларини эшитиш имкониятидан маҳрум қилиши сабабли қарздорнинг яшаш жойи ёки жойлашган манзили Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида эканлиги суд буйруғини чиқариш ҳақидаги аризани қабул қилишни рад этиш учун ҳам асос бўлади. Бундай ҳолда, ундирувчининг ҳуқуқлари қарздорга суд мажлиси ўтказилиши вақти ва жойи тўғрисида хабар берилган ҳолда ишни суд муҳокамасида кўриш орқали ҳимоя қилинади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
15. Агар ариза ФПК 172-моддаси талабларига жавоб бермаса ва унга арз қилинган талабни тасдиқловчи ҳужжатлар, шунингдек, белгиланган миқдорда давлат божи ва почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинмаган бўлса, судья суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қайтаради ва бу ҳақда ажрим чиқаради.
Суд буйруғи бериш тўғрисидаги аризанинг қайтарилиши йўл қўйилган камчиликлар бартараф этилганидан кейин судга қайтадан мурожаат этишга тўсқинлик қилмайди (ФПК 176-моддаси).
(15-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2021 йил 20 апрелдаги 17-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
16. Суд буйруғи бериш тўғрисидаги аризани қабул қилишни рад этиш ҳақидаги (ФПК 175-моддаси), шунингдек, суд буйруғи бериш тўғрисидаги аризани қайтариш (ФПК 176-моддаси) ҳақидаги ажрим ариза судга келиб тушган кундан бошлаб уч кунда чиқарилиши ва мазмуни бўйича ФПК 194, 195-моддалари талабларига жавоб бериши шарт.
(16-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2021 йил 20 апрелдаги 17-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(17-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2021 йил 20 апрелдаги 17-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган)
Олдинги таҳрирга қаранг.
18. Суд буйруғи бериш тўғрисидаги аризани қабул қилишни рад этиш ундирувчини шу талаб бўйича судга даъво тартибида мурожаат қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилмаслиги сабабли, судлар шуни назарда тутиши лозимки, суд буйруғи бериш тўғрисидаги аризани қабул қилишни рад этиш ҳақидаги ажрим устидан шикоят берилмайди.
(18-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2021 йил 20 апрелдаги 17-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
19. Судлар суд буйруғини беришда ФПК 178-моддасида унинг мазмунига қўйилган талабларга амал қилиши лозим.
Хусусан, суд буйруғида талабни қаноатлантиришга асос бўлган моддий ҳуқуқ нормаси кўрсатилиши шарт. Суд буйруғининг ёзувидаги хатоларни ва очиқ кўриниб турган арифметик хатоларни тузатиш суднинг ташаббуси ёхуд ундирувчининг ёки қарздорнинг аризаси бўйича суднинг ажримига асосан амалга оширилади.
(19-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2021 йил 20 апрелдаги 17-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
20. Тушунтирилсинки, ФПК 179-моддасида назарда тутилган суд буйруғининг нусхасини қарздорга дарҳол юбориш тартиби, шунингдек, ФПК 181-моддасида кўрсатилган суд буйруғини бекор қилиш асослари қарздор ҳуқуқларининг кафолатидир.
(20-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2021 йил 20 апрелдаги 17-сонли қарори таҳририда)
21. Агар ўн кунлик муддатда қарздор томонидан арз қилинган талабга нисбатан эътироз берилса, судья ўз ажрими билан суд буйруғини бекор қилиши шарт. Шу билан бирга, судья буйруқни бекор қилиш тўғрисидаги ажримда ундирувчига арз қилган талаби бўйича даъво ишларини юритиш тартибида мурожаат қилиш ҳуқуқини тушунтиради. Суд буйруғини бекор қилиш тўғрисидаги ажримнинг нусхалари ажрим чиқарилганидан кейин уч кундан кечиктирилмай тарафларга юборилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
22. Судлар, суд буйруғи тартибидаги ишлар бўйича давлат божи миқдорини белгилашда ФПК 129-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2009 йил 24 ноябрдаги «Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисида»ги қарорида баён этилган тушунтиришларга асосланишлари лозим.
(22-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2021 йил 20 апрелдаги 17-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
23. Суд буйруғига нисбатан эътироз билдириш учун қонунда белгиланган ўн кунлик муддатнинг қарздор томонидан ўтказиб юборилганлиги суд томонидан узрли деб топилган тақдирда, суд унинг илтимосномасига асосан ушбу муддатни тиклаши мумкин. Муддатни тиклаш ҳақида илтимоснома билан мурожаат қилинмасдан туриб, муддат ўтказилгандан сўнг берилган эътирозлар суд томонидан кўрилмайди ва муаллифга қайтарилади.
(23-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2021 йил 20 апрелдаги 17-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
24. ФПК 181-моддасида кўрсатилган қарздор томонидан эътирозлар тақдим қилиниши мумкин бўлган ўн кунлик муддат процессуал муддатлар тоифасига киришлиги сабабли ушбу муддатларга нисбатан ФПК 15-бобида кўрсатилган талаблар қўлланилиши, шу жумладан, ўтказилган муддатни тиклаш ҳақидаги аризани рад этиш тўғрисидаги ажримга нисбатан ФПК 155-моддасига мувофиқ хусусий шикоят келтириш мумкинлигига судларнинг эътибори қаратилсин.
(24-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2021 йил 20 апрелдаги 17-сонли қарори таҳририда)