Тизимнинг ушбу имкониятидан фойдаланиш учун Сиз авторизация қилинишингиз керак!
Рўйхатдан ўтишни хоҳлайсизми? Ёки тизимга ўз логинингиз билан кирасизми?

Авторизация қилиш Рўйхатдан ўтиш

Ҳужжат кучини йўқотган 20.07.2011
 LexUZ шарҳи
 LexUZ шарҳи
(Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2003 йил 19 декабрдаги 20-сонли ва 2006 йил 3 февралдаги 5-сонли қарорларига асосан киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар билан)
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган мамлакатимиз иқтисодиётининг негизини ташкил қилган турли мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлаб берди. Мулк ва мулк ҳуқуқини вужудга келтирувчи объектлардан бири — мерос ҳуқуқи давлат ҳимоясида эканлиги эътироф этилиб, мулкдорларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кенгайтирилди.
Шунингдек, янги қабул қилинган Фуқаролик кодексида мерос қонунчилигига жиддий ўзгаришлар киритилганлиги ҳамда ушбу қонунларни қўллашда суд амалиётида айрим тушунмовчилик ва муаммолар келиб чиқаётганлиги мазкур қонун моҳиятини атрофлича ёритиб беришни тақозо қилмоқда.
1. Судлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган, мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланиши, мулкдорнинг мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиши, ундан фойдаланиши ва уни тасарруф этиши тўғрисидаги ҳуқуқларининг бузилиши юзасидан келиб чиққан низоларни ҳар тарафлама, тўлиқ, холисона ва синчковлик билан кўриб, қонунчиликка қатъий амал қилган ҳолда адолатли қарорлар чиқаришлари лозим.
«Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 30 апрелдаги Қонуни 9-моддасига мувофиқ, томорқа ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи, «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддасига мувофиқ ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи, деҳқон ва фермер хўжалигининг бошлиғи (раҳбари) вафот этган тақдирда — шу хўжалик аъзоларининг ўзаро келишуви асосида деҳқон, фермер хўжалиги фаолиятини давом эттириш истагини билдирган хўжалик аъзоларидан бирига мерос бўлиб ўтади. Деҳқон, фермер хўжаликларига берилган томорқа ер участкалари бўлиниши мумкин эмас.
Омонатни банк муассасаларига қўйган омонатчи ўзининг вафотидан кейин омонатларини бошқа шахсларга бериш ёки давлатга ўтказиш ҳақида васият қолдирган бўлса ва бу омонат ФКнинг 18-бобида ёки Оила кодексининг 23-моддасида белгиланган умумий мулкни ташкил этса, омонатчининг васияти фақатгина ўзининг улушига нисбатан татбиқ қилинади.
3. Фуқаролик кодексининг 1118-моддаси талабига мувофиқ мерос очилган пайтда ҳаёт бўлган фуқаролар, шунингдек, мерос қолдирувчининг ҳаётлик пайтида ҳомила ҳолида бўлган ва мерос очилгандан кейин тирик туғилган болалари васият бўйича меросхўрлар бўлиши мумкин.
Мерос очилган пайтда ҳаёт бўлган мерос қолдирувчи билан қариндошлик муносабатларида бўлган шахслар қонун бўйича меросхўрлар доирасига киради, ҳамда қариндошлик даражасига қараб, Фуқаролик кодексининг 1135—1138-моддалари талабига мувофиқ ворисликка чақириладилар. Олдинги навбатдаги меросхўрларнинг бўлмаслиги, нолойиқ меросхўрларнинг меросдан четлаштирилган бўлиши ёки меросни қабул қилмаган ёхуд ундан воз кечганлиги тасдиқланган тақдирда, мерос олиш ҳуқуқи кейинги навбатдаги меросхўрларга ўтиши судларга тушунтирилсин.
4. Фуқаролик кодексининг 1139, 1141-моддаларида кўрсатилган мерос қолдирувчининг меҳнатга қобилиятсиз боқимларини уч тоифасини бир-биридан ажратиш лозим.
Фуқаролик кодексининг 1141-моддаси 1-қисмида кўрсатилган боқимлар (1-тоифа) бўлиши учун, биринчидан, улар мерос қолдирувчининг вафотига қадар камида бир йил унинг қарамоғида бўлиши, иккинчидан, у билан бирга яшаган бўлиши, учинчидан, меҳнатга қобилиятсиз бўлиши керак.
Фуқаролик кодексининг 1141-моддаси 2-қисмида кўрсатилган боқимлар (2-тоифа) бўлиши учун, биринчидан, Фуқаролик кодексининг 1136—1138-моддаларида кўрсатилган меросхўрлар жумласига мансуб бўлган мерос қолдирувчининг иккинчи, учинчи, тўртинчи навбатдаги меросхўрлари бўлиши, иккинчидан мерос қолдирувчининг вафотига қадар камида бир йил унинг қарамоғида бўлиши, учинчидан, меҳнатга қобилиятсиз бўлиши лозим.
Фуқаролик кодексининг 1139-моддасида кўрсатилган боқимлар (3-тоифа) бўлиши учун, биринчидан, мерос қолдирувчининг қариндошлари жумласига кирмайдиган, иккинчидан, меросхўр билан бирга яшамаган ёки бир йил муддатдан кам яшаган, учинчидан ҳаёт кечириши учун бирдан бир манба сифатида мерос қолдирувчининг қарамоғида бўлиб, ундан моддий ёрдам олиб турган меҳнатга қобилиятсиз шахс бўлиши керак.
7. ФКнинг 1119-моддаси 4-қисмига мувофиқ, мерос қолдирувчи ёки эҳтимол тутилган меросхўрлардан бирортасини қасддан ўлдирган ёки уларнинг ҳаётига суиқасд қилган мерос олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсга нисбатан чиқарилган суднинг ҳукми ёхуд шахсларнинг ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилгани ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарори мавжудлиги васият бўйича ҳам, қонун бўйича ҳам ворисликка даъво қилишда даъво аризани қабул қилишни рад этиш учун асос бўла олмайди ва суд мажлисида даъвони мазмунан кўришга тўсқинлик қилолмайди. Қайсики, нолойиқ меросхўрларни ворисликдан четлатиш учун асос бўладиган ҳолатлар, фақат, суд томонидан белгиланади.
Ворис томонидан тақдим қилинган васиятнома ҳақиқий эмас, деб топилганда, у васиятнома бўйича меросхўр бўла олмайди, бироқ, ФКнинг 1130-моддаси 4-қисмига мувофиқ. мерос қолдирувчининг охирги хоҳиш-иродасидан келиб чиққан ҳолда, бу шахс, умумий асосларда қонун бўйича мерос олиш ҳуқуқларидан маҳрум этилмайди.
9. Васиятнома бир томонлама битим бўлганлиги сабабли, васиятномаларни ҳақиқий эмас деб, топиш ҳақидаги низолар Фуқаролик кодексининг битимларни ҳақиқий эмаслиги тўғрисидаги қоидаларига риоя қилиб ҳал этилади (ФКнинг 113—128-моддалари). Ушбу турдаги низоларни ҳал этишда, судлар, иш ҳолатларидан келиб чиқиб етарли асослар бўлган тақдирда, тегишли экспертизалар тайинлаш масалаларини муҳокама этишлари лозим.
10. Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома мерос очилган кундан эътиборан олти ой ўтгандан кейин меросни қабул қилиб олган меросхўрларга берилади. Айрим ҳолларда ФКнинг 1146-моддаси учинчи қисми талабига мувофиқ, гувоҳнома олти ойлик муддат тугамасдан ҳам берилиши мумкин. Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани олиш вориснинг ҳуқуқи бўлиб, мажбурият ҳисобланмайди ва шунинг учун гувоҳнома олинмаганлиги ворислик ҳуқуқини йўқотган деган, тушунчани бермайди. Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномалар бўйича келиб чиқадиган барча низолар суд томонидан кўрилиб, умумий тартибда ҳал қилинади.
12. Фуқаролик кодексининг 1132-моддасига мувофиқ, васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчиларнинг турар жойдан умрбод фойдаланиш ҳуқуқи, бу турар жойга мулк ҳуқуқи кейинчалик бошқа шахсга ўтганида ҳам ўз кучида сақланиб қолади. Шу сабабли, бу ҳолат тарафлар ўртасида тузиладиган шартномада қайд этилмоғи лозим бўлади.
Фуқаролик кодексининг 100-моддаси 2-қисмига биноан, ворислар мерос қолдирувчининг вафотидан кейин унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя этишни талаб қилишга ҳақлидирлар. Бундай ҳолда, вафот этган шахсга етказилган маънавий зарар қопланмайди ва бу ҳуқуқ ворисларга ўтмайди. Аммо, суд, мерос қолдирувчининг шаън ва қадр-қиммати орқали бевосита унинг ворисларига етказилган маънавий зарарни қоплаш тўғрисидаги даъво талабларини кўриб чиқиши мумкин.
14. Агар, меросхўр меросни қабул қилмаган ва мерос мулки фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органига, давлатга ёхуд бирор-бир шахснинг эгалигига ўтказилмаган бўлса, меросхўр истаган вақтида меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома олиш учун нотариусга мурожаат қилиши мумкин. Бундай гувоҳномани бериш рад этилган тақдирда, меросхўр нотариуснинг ҳаракати юзасидан ФПКнинг 273-моддасига мувофиқ судга шикоят қилишга ҳақли ва шикоят алоҳида иш юритув тартибида кўрилиши лозим. Мерос мулки фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органига, давлатга ёки бирор-бир шахснинг эгалигига ўтказилганлиги учун меросхўрларга нотариус томонидан меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома бериш рад этилса, меросхўр судга шикоят қилишга ҳақли ва бундай шикоят даъво юритиш тартибида кўриб ҳал этилиши, судларга тушунтирилсин.
15. Ишни суд мажлисида кўришга тайёрлашда, судья ФПКнинг 158-159-моддалари талабларини тўлиқ бажариши керак, яъни, тарафларнинг ҳуқуқий муносабатларини, ишни кўришда амал қилиши лозим бўлган қонунни, тарафларнинг талаб ва эътирозларини асословчи фактларни аниқлаши, ишга қўшимча жавобгар ва учинчи шахсларни жалб қилиши, далиллар тўплаш доирасини аниқлаши зарур.
Жумладан, мерос мулкка бўлган ҳуқуқ ва уни бўлиш ҳақидаги даъволар қўзғатилган бўлса, судья мерос қолдирувчининг вафот этганлиги тўғрисида гувоҳнома ёки унинг нусхаси, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома, тарафларнинг меросхўр эканлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (никоҳ, туғилиш, фарзандликка олганлик гувоҳномалари, оталикни белгилангани ҳақидаги ҳужжатлар, вафот этганнинг қарамоғида бўлганлиги тўғрисида турар жой органининг маълумоти ва бошқалар), мерос мулкининг рўйхатга олинганлиги ва қиймати кўрсатилган далолатнома, мерос мулкининг вафот этган шахсга тегишлилиги (инвентаризация бюроси маълумоти, олди-сотди, ҳадя, айирбошлаш, алмаштириш шартномалари, омонат дафтарчалари, ҳисобварағидан кўчирмалар ва бошқа) ҳақидаги ҳужжатларни тақдим этишни таклиф қилади. Зарур топилганда, бу ҳужжатлар, судьянинг ўзи томонидан ҳам талаб қилиб олиниши мумкин.
17. Фуқаролик кодексининг 1151-моддаси талабидан келиб чиққан ҳолда, судларга уқтирилсинки, мерос қабул қилиш учун муддат татбиқ қилинмайди.
18. Фуқаролик кодексининг 1147-моддасига мувофиқ, қонун ёки васият бўйича меросхўр ўзининг ворисликка чақирилганини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб олти ой ичида меросхўрлар жумласига кирадиган навбатдаги бошқа шахслар фойдасига меросдан воз кечишга ҳақли. Меросдан воз кечиш, бир неча меросхўрлар фойдасига бўлганда, меросхўр, уларнинг ҳар бирига тегадиган улушни белгилаб бериши шарт. Акс ҳолда, меросдан воз кечган вориснинг мерос мулкидаги улуши барча меросхўрлар фойдасига кечилган ҳисобланиб, уларга тенг тақсимланади. Меросдан воз кечишга қонунда белгиланган муддат ўтганидан сўнг йўл қўйилмайди.
19. ФКнинг 1153-моддасига мувофиқ, мерос очилгунга қадар уч йил ва ундан ортиқ йиллар мобайнида мерос қолдирувчи билан биргаликда яшаган меросхўрлар, мерос тақсимланишида, мерос таркибидан уй-жой, квартира ёки бошқа турар жойни, шунингдек, уй-жой ашёлари ва рўзғор буюмларини натура ҳолида олишга имтиёзли ҳуқуққа эга бўладилар.
20. Мол-мулкни эгасиз қолган деб топиш ҳақидаги ариза, мерос очилган кундан эътиборан, бир йил ўтгандан кейин ФПКнинг 298—300-моддалари асосида алоҳида иш юритиш тартибида кўрилади (ФКнинг 1157-моддаси). Қонун бўйича меросхўрлар ҳозир бўлган тақдирда, улар ФКнинг 1144-моддаси талабига кўра, нотариусдан мерос бошқарувчисини чақириб олинишини талаб қилишлари, шу билан бирга, меросни бошқарувчидан ҳисобот бериш ва мерос мулкини қайтаришни талаб қилишлари, мулк эгасиз қолган деб топилган ҳолларда, бу қарорни бекор қилишни сўраб, судга ариза билан мурожаат қилишлари мумкин.
21. Мерос амалдаги Фуқаролик кодекси ҳаракатга киритилгунга қадар очилган бўлиб, 1997 йилнинг 1 март кунига қадар меросхўрларнинг ҳеч бири томонидан қабул қилиб олинмаган ва мерос ҳуқуқи бўйича фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи ва давлат мулкига ўтказилмаган бўлса, мерос юзасидан келиб чиқадиган низоларга нисбатан амалдаги кодекс татбиқ қилинади. Агар, мерос ворисларнинг бирортаси томонидан қабул қилинган бўлса ёки фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи, давлат мулкига ўтказилган бўлса, у ҳолда 1963 йил таҳриридаги Фуқаролик кодекси қоидалари татбиқ қилинади.

Ҳужжатда хато топганингизда, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

© Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги "Адолат" ҳуқуқий ахборот маркази