Шахсларни ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш жиноят ишлари тўғрисидаги қонунлар судлар томонидан асосан тўғри қўлланилмоқда. Шу билан биргаликда ушбу жиноятларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитлар ҳар доим ҳам чуқур ва атрофлича аниқланмайди, ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш тўғрисида жамоатчилик хабардор қилинмайди. Оқибатда жиноятларнинг олдини олиш учун зарурий чоралар кўрилмасдан қолинмоқда.
Суд амалиётида айбдорларнинг ҳаракатларини нотўғри тавсифлаш, далилларга юзаки баҳо бериш ҳоллари учрамоқда.
Келгусида ана шундай камчиликларга барҳам бериш, ҳар бир аниқ ишга процессуал ва моддий қонун меъёрларини тўғри татбиқ қилиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Пленуми қарор қилади:
1. Судларнинг эътибори ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш бўйича ҳар бир жиноят ишини кўришда содир этилган жиноятнинг барча ҳолатларини ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириш тўғрисидаги қонун талабига риоя қилиниши зарурлигига қаратилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Шакл ва мазмуни бўйича қонуний бўлган ҳаракатлар натижасида ўзини ўзи ўлдириш ёки унга суиқасд қилиш содир этилган тақдирда, бу ҳаракатларни содир этган шахсга нисбатан ЖКнинг 103-моддаси татбиқ этилмаслиги судларга тушунтирилсин.
Бу ўринда оддий ҳақоратлаш, шахснинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш бўйича ягона бир арзимас гаплар бу хил ҳаракатларнинг муттасил (бир неча бор) содир этилишини талаб қилувчи ЖКнинг 103-моддасида кўзда тутилган жиноят таркибини ташкил этмайди ва бундай ҳолларда жавобгарлик шахсга қарши жиноятлар учун жавобгарликни тақозо қилувчи Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича келиб чиқади.
3. Раҳмсиз муомала деганда, жабрланувчига нисбатан қўпол ва аёвсиз муносабатда бўлиб, унга жисмоний ёки руҳий азоб етказиш (масалан, муттасил калтаклаш, озиқ-овқатдан, сувдан ва бошқалардан маҳрум этиш) ҳолларини тушуниш лозим.
Шахснинг шаъни ва қадр-қимматини муттасил равишда таҳқирлаш деганда, жабрланувчининг шаъни ва ғурурини бир неча марта таҳқирлашни (масалан, туҳмат қилиш, ҳақоратлаш, таъқиб этиш ва ҳоказоларни) тушуниш керак.
4. Судланганларнинг ҳаракатини Жиноят кодекси 103-моддасининг тегишли қисмлари бўйича тўғри тавсифлаш зарурлиги судларга уқтирилсин, чунки ушбу модданинг 2-қисми жабрланувчининг моддий томондан ёки бошқа жиҳатлардан айбдорга қарамлигининг мавжудлигини талаб қилади, бу эса ушбу шахслар ўртасида ҳақиқатан рўй берган ва мавжуд бўлган муносабатларга баҳо берган ҳолда аниқланиши лозим.
Моддий қарамлик деганда жабрланувчининг айбдордан қонун билан белгиланган моддий ёрдам (пул, озиқ-овқатлар, кийим-кечаклар ва ҳоказолар) олиб келганлигини ёки унинг бевосита қарамоғида бўлганлиги ҳолатлари тушунилиши лозим.
Бошқача қарамлик деганда, хизмат ёки бошқача қарамликни (масалан, бошлиққа, ўқитувчига, раҳбарга, қариндошларга, васийлик ва тарбиялашни амалга ошириш ва бошқалар билан боғлиқ қарамликни) тушуниш зарур.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Судларга тушунтирилсинки, агар ўзини ўзи ўлдириш ва шу даражага етказиш айбдор томонидан жабрланувчига нисбатан бошқа оғирроқ жиноят содир этилганлиги оқибатида юз берган бўлса, лекин ушбу жиноят таркиби бундай ҳаракатларни қамраб олмаса, ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказишдаги айбдорнинг ҳаракатлари қўшимча тавсифлашни талаб қилади.
6. Субъектив томондан ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш келиб чиққан оқибатларга нисбатан эгри қасд ёки эҳтиётсизлик билан содир қилинади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7. Жиноят кодексининг 103-моддаси бўйича айбдорнинг ҳаракатини ўзини ўзи ўлдиришга суиқасд қилган ҳолларда Жиноят кодексининг 25-моддаси билан қўшимча тавсифлаш талаб қилинмайди, чунки Жиноят кодексининг 103-моддаси ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказишни, шунингдек, унга суиқасд қилишни ўз ичига қамраб олади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
8. Судлар дастлабки тергов ҳужжатларига талабни кучайтирсинлар, хусусий ажримлар чиқариш йўли билан ушбу жиноятларнинг келиб чиқишига кўмаклашган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф қилиш чораларини кўрсинлар.