02.05.1997 йилдаги 2-сон
Ҳужжат кучини йўқотган 23.05.2014
 LexUZ шарҳи
 LexUZ шарҳи
(Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2002 йил 14 июндаги 10-сонли, 2003 йил 19 декабрдаги 20-сонли ва 2006 йил 3 февралдаги 5-сонли қарорларига асосан киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар билан)
Суднинг ҳукмда ёритилган хулосалари ҳамма вақт ҳам етарли даражада асослантирилмайди. Қатор ишлар бўйича ҳукмлар ЖПК 26 ва 455-моддаларининг талабига зид ҳолда дастлабки терговда тўпланган, лекин суд мажлисида текширилмаган ёки ўз тасдиғини топмаган далилларга асослантирилган Конституция ва жиноят-процессуал қонун нормаларига зид ҳолда айбдорликни асослантириш учун қонунни бузиш йўли билан олинган далилларни келтириш ҳоллари учрайди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасига мувофиқ жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахс ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлар билан таъминланган ҳолда ошкора суд муҳокамасида қонуний тартибда аниқланмасдан туриб айбдор ҳисобланмайди.
3. Судларнинг эътибори ЖПК 22-моддасига биноан иш бўйича ҳақиқатни аниқлаш учун фақат қонунда назарда тутилган тартибда тўпланган, текширилган ва баҳоланган маълумотлардан фойдаланиш мумкинлигига қаратилсин. Бунда ЖПК 26 ва 455-моддалари талабига биноан ҳукм фақат суд мажлисида текширилган ва суд мажлиси баённомасида ўз аксини топган далилларга асослантирилган бўлиши лозим.
Жиноят-процессуал кодексининг 117-моддасига биноан гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг яқин қариндошлари кўрсатув беришдан бош тортганлик учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилмайдилар, шунинг учун ҳам улар судда илгариги кўрсатувларидан бош тортганларида, суд уларнинг кўрсатувларига, дастлабки тергов босқичида қонуннинг қайд этилган талаблари уларга тушунтирилган тақдирдагина, асосланиши мумкин.
6. Қонунга зид равишда олинган барча далиллар юридик кучга эга бўлмасдан ҳукмга асос қилиб олиниши мумкин эмаслиги судларга тушунтирилсин. Қонунга зид равишда олинган далилларга тергов олиб боришнинг ноқонуний, руҳий ва жисмоний куч ишлатиш усулларини кўллаб олинган далиллар, шунингдек жиноят-процессуал қонун бошқа нормаларининг бузилиши (масалан, ҳимоя ҳуқуқининг бузилиши) натижасида олинган далиллар киради. Далил қонунга зид равишда олинган деб топилган тақдирда, суд ишдаги далиллар йиғиндисидан уни чиқариш тўғрисидаги ўзининг қарорини, қонуннинг бузилиши нимадан иборат эканлигини кўрсатган ҳолда, асослантириши лозим.
7. Жиноят-процессуал кодексининг 17-моддаси талабига биноан суд инсоннинг шаъни ва қадр қимматини камситадиган, унинг шахсий ҳаётига тааллуқли маълумотлар тарқалиб кетишига олиб келадиган, унга маънавий азоб-уқубат етказадиган маълумотларни, агарда бундай маълумотлар ишдаги далилларга оид бўлмаса, ҳукмда кўрсатишга ҳақли эмас.
8. Судларга тушунтирилсинки, ЖПК 467-моддаси мазмунига кўра суд ҳукмнинг тавсиф қисмида ушбу ишда муҳокама қилинмаётган шахс (шахслар)нинг жиноятдаги иштирокини кўрсатишга ҳақли эмас. Бундай ҳолларда ҳукмда судланувчи томонидан жиноят бошқа шахс (шахслар) иштирокида, унинг исми, фамилияси ва шахсига оид бошқа маълумотлар кўрсатилмасдан, содир этилганлиги қайд қилиб ўтилиши мумкин.
Жиноят-процессуал кодексининг 466-моддасига биноан ҳукмнинг кириш қисмида кўрсатилиши зарур бўлган судланувчи хусусидаги бошқа маълумотлар деб — хусусан жазо тайинлашда, жазони ўташ турини аниқлашда, маҳкумни ўта хавфли рецидивист деб топишда инобатга олиниши мумкин бўлган маълумотлар ҳисобланиши лозимлиги судларга тушунтирилсин. Булар қаторида судланувчи саломатлигининг аҳволи тўғрисидаги (масалан, ногиронлик), унда давлат мукофотлари, махсус унвонларнинг борлиги ҳақидаги маълумотлар ҳам бўлиши мумкин. Шахснинг муқаддам судланганлиги тўғрисидаги маълумотлар, агар қонунда белгиланган тартибда судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки олиб ташланмаган бўлса, ҳукмнинг кириш қисмида кўрсатилиши керак. ЖКнинг 77-моддасига мувофиқ судланганлик муддатининг ўтиб кетганлиги ёки судланганликнинг олиб ташланиши муносабати билан унинг барча ҳуқуқий оқибатлари бекор бўлади. Шунинг учун у ҳукмнинг кириш ва тавсиф қисмларида кўрсатилмайди.
Шунинг билан бирга айблов ҳукмининг тавсиф қисми мазмуни тартибга солинган ЖПК 467-моддаси талабига кўра, агар жиноят бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ёки уюшган гуруҳ томонидан содир этилган бўлса, ҳукмда жиноятнинг ҳар бир иштирокчиси томонидан айнан қандай жиноий ҳаракатлар содир этилганлиги аниқ кўрсатилиши керак.
Жиноят-процессуал кодексининг 467-моддасига биноан айбловнинг ўзгартирилиши суд томонидан ҳукмнинг тавсиф қисмида асослантирилган бўлиши керак.
Суд ЖПК 415-моддасига биноан айбловни ўзгартиришга ва судланувчининг ҳаракатини қонуннинг бошқа моддасига ёки қонун моддасининг бошқа қисми, бандига қайта тавсифлашга, шунингдек жиноятнинг айрим эпизодларини, агар судланувчи қонуннинг янги моддаси билан тавсифланаётган ҳаракатлари унинг айбига кирган бўлиб, эълон қилинган айбловга нисбатан фактик ҳолатлари билан жиддий фарқ қилмаган ва оғирроқ жиноят белгилари бўлмаган тақдирдагина, судланувчига айб эълон қилинмаган қонун моддаси билан тавсифлашга ҳақли.
Бундан келиб чиқиб, масалан, суд айбдорнинг ЖК 97-моддаси 2-қисмининг бир бандидан иккинчи бандига, агарда бу қасддан одам ўлдириш сабабларини ҳисобга олган ҳолда айблов мазмунининг бузилишига олиб келса, жиноят ишини қайта терговга юбормасдан туриб ўзгартиришга ҳақли эмас.
Жазо тайинлашнинг умумий асослари тўғрисидаги қонунни қўллаётиб, судлар Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги «Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида»ги 1-сонли қароридаги тушунтиришларга амал қилишлари ва ҳукмнинг тавсиф қисмида суд томонидан у ёки бу жазони тайинлаш ҳақидаги хулосага келганлик асосларини кўрсатишлари, шунингдек, ушбу жиноят учун жиноят қонунида кўрсатилган жазодан ҳам камроқ жазо тайинлаш, қўшимча жазони татбиқ этиш, ҳарбий ҳамда махсус унвондан маҳрум қилиш асосларини кўрсатишлари зарур.
Жиноят кодексининг 56-моддасида санаб ўтилган жазони оғирлаштирадиган ҳолатлар рўйхати қатъий бўлиб, кенгайтирилган талқинга йўл қўйилмайди, жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар эса суд томонидан аниқ иш ҳолатларидан келиб чиқиб ҳукмнинг тавсиф қисмида асослар келтирилган ҳолда кенгайтирилиши мумкин. Жиноятни тавсифлаш белгилари, шунингдек, шахснинг судланганлик ҳолатини қонунда кўрсатилган тартибда тугалланиши ёки олиб ташланиши жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар сифатида келтирилмаслиги керак. Ҳукмда айбдорнинг биргина шахсини инобатга олган ҳолда жазо тайинланганлиги тўғрисида қайд этиш етарли бўлмайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
15. Агарда Жиноят кодекси моддаси (моддалари)нинг санкцияси мажбурий қўшимча жазони кўзда тутган бўлса, суд томонидан у фақат ЖКнинг 57-моддасида кўрсатилган асослар бўйича қўлланмаслиги мумкин. Агарда қўшимча жазо муқобил тарзда кўзда тутилган бўлиб, суд уни қўллашни рад қилиш тўғрисида хулосага келган бўлса, ҳукмнинг тавсиф қисмида буни асослантиришга мажбур. Бу ҳолат алкоголик ва гиёҳванд деб топилган айбдорларга нисбатан суд томонидан мажбурий даволаш чорасини қўллашни рад этган ҳолатларга ҳам тааллуқлидир.
16. Айблов ҳукмининг қарор қисмида ЖПК 468-моддасига биноан судланувчининг фамилияси, исми ва отасининг исми, Жиноят кодексининг уни айбли деб эътироф этишга асос бўлган моддаси (модданинг қисми, банди), судланувчининг ўта хавфли рецидивист деб топилганлиги (башарти суд шундай қарор қабул қилган бўлса), судланувчига ҳар бир жиноят учун тайинланган жазо тури ва меъёри, узил-кесил тайинланган ўталиши лозим бўлган жазо чораси, озодликдан маҳрум этиш жазо тури қўлланилганда жазони ўташ лозим бўлган тегишли тартибли колония тури; судланувчи шартли равишда ҳукм қилинганда, синов муддати ва маҳкумнинг устидан кузатув олиб бориш вазифаси юклатилган жамоа ва шахс; ушлаб турилган ёки қамоқда сақланган вақтни жазо муддати ҳисобига киритиш тўғрисида қарор; ҳукм қонуний кучга киргунига қадар судланувчига нисбатан эҳтиёт чорасига оид қарор; маҳкумнинг зиммасига юклатилган мажбуриятлар, ЖПК 533-моддаси асослари бўйича ҳукмнинг ижросини кечиктириш тўғрисидаги қарор ёритилиши лозим.
Жиноят-процессуал кодексининг 471-моддасига кўра ҳам айблов, ҳам оқлов ҳукмининг қарор қисмида қўзғатилган фуқаровий даъво ёки суднинг ташаббуси билан зиённи қоплаш тўғрисидаги қарор; ашёвий далиллар ҳамда ишга илова қилинган бошқа нарсалар ва ҳужжатлар, процессуал чиқимлар, шунингдек, ҳукм устидан апелляция шикояти бериш ҳамда апелляция протести билдириш тартиби ва муддати тўғрисида қарор бўлиши зарур.
17. Жиноят кодексининг 70 ва 71-моддаларига биноан иш судда кўрилаётган вақтгача шароит ўзгарди ёки шахс намунали хулқи, меҳнатга ёки ўқишга ҳалол муносабати билан ўзини кўрсатиб, ижтимоий хавфлилигини йўқотди деб эътироф этилса, ёки у қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган деб топилса, суд ҳукмнинг тавсиф қисмида қабул қилинган қарорни аниқ ҳолатларни келтирган ҳолда асослантириши, қарор қисмида эса судланувчини айбдор деб топиши ва қонун талабига кўра унга жазо тайинланмаслигини кўрсатиши лозим.
Оқлов ҳукми чиқарилаётганда унинг тавсиф қисмида ЖПКнинг 469-моддасига биноан судланувчига қўйилган айбловнинг моҳияти; суд аниқлаган иш ҳолатлари, судланувчининг айбсизлиги тўғрисидаги суд хулосасини тасдиқловчи далиллар; судланувчининг жиноят содир этишда айби бор деб даъво қилишга асос бўлган далилларни суд нима учун ишончга сазовор эмас ёки етарли эмас деб ҳисоблаши ёки нима учун жиноий ҳодисанинг ўзи юз бермаган ёхуд судланувчи содир этган қилмишни жиноят эмас деб ҳисоблаши; фуқаровий даъвога оид қарорнинг асослари баён қилинади.
Ҳукмнинг қарор қисмида ЖПК 470-моддасида санаб ўтилган барча кўрсатмалар тўлиғича ёритилиши лозим. Бундан ташқари оқланганга қонунга хилоф равишда жиноий жавобгарликка тортиш оқибатида етказилган маънавий ва моддий зарарларни қоплаш бўйича унинг ҳуқуқлари тушунтирилиши керак.
20. Жиноят-процессуал кодексининг 465-моддасига мувофиқ иш қайси тилда кўрилган бўлса, ҳукм шу тилда, аниқ ва тушунарли ибораларда баён қилинади. Ҳукмда ноаниқ ибораларни ишлатиш, расмий ҳужжатларда ишлатиш қабул қилинмаган қисқартириш ва сўзларни қўллашга, шунингдек, ишга оид бўлмаган ҳолатларни ёритиш билан ҳукмни ортиқча тўлдиришга йўл қўйиб бўлмайди.