LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Деҳқонобод калий ўғитлари заводи қурилишини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2007 йил 17 декабрдаги ПҚ-748-сон қарорининг бажарилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Белгилаб қўйилсинки, Деҳқонобод калий ўғитлари заводининг ташқи инфратузилма объектлари: электр таъминоти, газ таъминоти, сув таъминоти, ташқи алоқа, автомобиль ва темир йўл объектлари, шунингдек мутахассислар учун уй-жойлар улар тугаллангандан кейин белгиланган тартибда ушбу объектларнинг тегишли буюртмачилари балансига қабул қилинади.
2. «Ўзкимёсаноат» давлат-акциядорлик компаниясига завод фойдаланишга топширилгунгача қурилаётган Деҳқонобод калий ўғитлари заводи дирекцияси харажатларини «Ўзкимёсаноат» давлат-акциядорлик компанияси Кенгаши томонидан тасдиқланадиган смета доирасида Кимё саноати ташкилотларини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобига амалга оширишга рухсат этилсин.
3. «Ўзкимёсаноат» давлат-акциядорлик компанияси ва «Ўзоғирнефтгазкимёлойиҳа» институтининг «ВНИИ Галургии» (Россия) ёпиқ акциядорлик жамиятини лойиҳа ҳужжатларини комплекс экспертизадан ўтказиш ҳамда заводни лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланишга топшириш ишларини техник кузатиш бўйича, хизматлар учун Кимё саноати ташкилотларини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобига ҳақ тўлаган ҳолда, контракт асосида мустақил консультант сифатида жалб этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги тузиладиган контрактни нарх жиҳатидан экспертизадан ўтказсин.
4. Қашқадарё вилояти ҳокимлиги майдонни танлаш далолатномасига мувофиқ Деҳқонобод калий ўғитлари заводи объектлари қурилиши учун икки ҳафта муддатда ерлар ажратсин.
5. «Ўзгидромет» маркази қурилаётган Деҳқонобод калий ўғитлари заводи дирекциясига объектларни лойиҳалаштириш учун қурилиш районининг метеорология шароитлари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этсин.