Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Ҳиндистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Алмашув дастури
Таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
2005 йил 5 апрель, Деҳли
(2005 йил 5 апрелдан кучга кирган)
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Ҳиндистон Республикаси Ҳукумати бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
таълим соҳасида икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида,
таълимнинг инсон ресурсларига, иқтисодиётга ва ижтимоий ривожланишга бўлган чуқур таъсирини эсда тутган ҳолда,
таълим соҳасида икки томон ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланиши ўзаро фойдали бўлишини тан олган ҳолда,
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Ҳиндистон Республикаси Ҳукумати ўртасидаги 1991 йил 17 августда имзоланган Маданият ҳамда таълим соҳасидаги ҳамкорлиги бўйича битимни ёдда тутган ҳолда;
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар, зарур бўлганда, тегишлича ўқув ва таълим эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда таълим вазирликлари ҳамда таълим муассасалари ўртасида алоқалар ва ҳамкорликнинг муайян ривожланишини қўллаб-қувватлайди. Бу қуйидагиларни ёки улардан бир қисмини ўз ичига олиши мумкин:
a) тадқиқотлар натижалари, нашрлар, дарсликлар, дарс бериш воситалари, намойиш материаллари ва маълумотлар билан алмашиш;
b) қўшма конференция, кўргазма ва семинарларни ташкил этиш;
c) қўшма тадқиқотлар, тадқиқот дастурларни тузиш ва мақолаларни нашрга тайёрлаш;
d) ўқитувчилар ва ўқув жараёни ташкилотчиларини тайёрлаш дастурларини ташкил этиш;
e) академик ва бошқа маъмурий таркиблар билан алмашиш;
f) аспирантлар, ўқитувчилар, эксперт ҳамда талабалар билан алмашиш;
q) олий ўқув юртларида ўзаро ўқув курсларини ташкил этиш;
h) ўқув-тайёрлаш муассасаларини ташкил этиш, ҳамда ўрта махсус ва ҳунар ўқув муассасалари ўртасида икки томонлама дастурларни янада ривожлантириш;
i) таълим даражаларининг ўзаро тан олинишининг имкониятларини ўрганиб чиқиш;
j) замонавий тадқиқотлар бўйича кафедраларни ташкил этиш;
k) тан олинган олий таълим муассасаларида ишни давом эттириш учун стипендиялар ажратиш;
l) ахборот технологиялари, компьютер фанлари, математика ва табиий фанлар соҳасида ўзаро ёрдам бериш;
m) мутахассисларнинг тажриба алмашинуви: педагогик ва раҳбар кадрлари аттестацияси, таълим муассасаларининг аттестацияси ва давлат аккредитацияси, кадрларни тайёрлаш сифатини назорат қилиш ва мониторинги, нодавлат таълим муассасаларини лицензиялаштириш ҳамда тестологияга оид масалалар;
Иккала томон билан келишилган ҳолда ҳар қандай бошқа фаолиятни амалга ошириш.
2-модда
Ушбу Таълим соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида алмашув Дастурининг амал қилиш муддати доирасидаги фаолияти ёки ҳамкорлигининг мазмуни, кўлами ва қўлланилиши мана шу таълим соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида алмашув Дастурининг асоси ва шартлари кўлами бўйича иккала давлатдаги таълим муассасалари ўртасида имзоланган янада аниқроқ битимларга асос бўлиши мумкин.
3-модда
Томонларнинг тўла эркинлигини ҳеч нима чекламайди ва томонларнинг ҳеч қайси бири таълим соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида алмашув Дастурини амалга ошириш жараёнида бошқа бир томонни молиявий мажбуриятларни амалга оширишга ундаш ёки буларни уларнинг зиммасига юклаши мумкин эмас.
4-модда
Ушбу Дастурга биноан ўзаро тадбирларга сарфланадиган маблағлар ўзаро аҳдлашувлар бўйича ва мавжуд маблағлар асосида қопланилиши зарур.
5-модда
Томонлар таълим соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида алмашув Дастурининг амалга оширилиши учун ўзаро қўшма ишчи гуруҳ ташкил этадилар. Қўшма ишчи гуруҳни Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг вакили, Ҳиндистон Республикаси Ҳукумати номидан Инсон ресурсларини ривожлантириш вазирлигининг Олий ва ўрта таълим Департаментининг вакили, зарурият бўлган ҳолда иккала томоннинг бошқа тегишли идораларининг вакиллари бошқаради. Ҳиндистон ҳамда Ўзбекистондаги қўшма ишчи гуруҳ камида йилига бир марта, Ҳиндистон ёки Ўзбекистонда томонлар келишилган ҳолда ушбу Дастурнинг амалга оширилиш суръатини кўриб чиқиш учун йиғилиш ўтказадилар.
6-модда
Томонларнинг ёзма равишда Дастурни қайта кўриб чиқиш ёки ўзгартириш киритиш илтимоси билан мурожаат қилиши мумкин. Томонлар ўзаро келишилган ҳар қандай қайта кўриб чиқиш ёки ўзгартириш ёзма равишда қабул қилинади ва ушбу Дастурнинг узвий қисмини ташкил қилади. Бундай қайта кўриб чиқиш ёки ўзгартириш иккала томон белгилаган муддатдан бошлаб кучга киради.
7-модда
Ушбу Дастурни қўллаш ва талқин қилиш билан боғлиқ низо ва келишмовчиликлар юзага келса, Томонлар уларни дипломатик каналлар орқали маслаҳатлашувлар ва музокаралар йўли билан ҳал этадилар.
8-модда
Таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисида алмашув Дастури иккала томон уни имзолаган кундан бошлаб кучга киради ва 5 йил муддат давомида амал қилади. Ҳар бир томон хавфсизлик, ижтимоий тартиб ёки соғлиқни сақлаш заруриятларидан келиб чиқиб вақтинча ушбу таълим соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида алмашув Дастурини қисман ёки бутунлай амалга оширишни тўхтатиб туриш ҳуқуқига эга. Томонларнинг бири мазкур Дастурнинг амал қилиш муддатини тўхтатиш ҳақидаги истагидан камида олти ой олдин ёзма равишда иккинчи томонни хабардор қилмаса, Дастурнинг амал қилиш муддати ўз-ўзидан кейинги 5 йил муддатга узайтирилади.
Деҳли шаҳрида 2005 йил 5 апрелда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, инглиз ва ҳинд тилларида тузилган бўлиб, бунда матнлар бир хил кучга эгадир. Талқин қилиш жараёнида келишмовчиликлар юзага келса, инглиз тилидаги матн ҳал қилувчи ҳисобланади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2005 й., 2-4-сон)