10.04.2002 йилдаги -сон
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди Раис Б. Эшонов, судьялар Б. Мирбобоев, У. Бозоров, Г. Пиржанов ва С. Ҳакимовадан иборат таркибда, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 109-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига ва «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Қонуннинг 1-моддасига амал қилган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг «Судлар тўғрисида»ги Қонунининг 62-моддаси тўртинчи қисмини шарҳлаш тўғрисида»ги ишни очиқ суд мажлисида кўриб чиқди.
Конституциявий суд маърузачи судья Б. Мирбобоевнинг ахборотини, Тошкент шаҳар адвокатлар ҳайъати раёсатининг раиси С. Ёқубов, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг раиси С. Мирсафоев, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари С. Қодиров, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди раисининг ўринбосари Ш. Рўзиназаров, Тошкент давлат юридик институти ҳузуридаги ҳуқуқий маориф тарғибот марказининг директори Ғ. Абдумажидов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти директорининг ўринбосари М. Гасанов, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Қонунчилик бош бошқармасининг бошлиғи X. Содиқов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси юридик бўлимининг мудири А. Йўлдошев, Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони қонунчилик ва суд ҳокимияти органлари билан алоқалар бўйича экспертлар гуруҳининг консультанти Ҳ. Исоқов ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари А. Холмаҳматовларнинг фикрларини эшитиб, иш бўйича мавжуд материалларни ўрганиб чиқиб қуйидагиларни аниқлади:
62-модда тўртинчи қисмининг мазмуни қуйидагилардан иборат: «Халқ маслаҳатчилари судлардаги вазифаларини бажариш учун йилига кўпи билан икки ҳафтага навбатма-навбат чақирилади, уларнинг иштирокида бошланган суд ишини кўришни тугаллаш зарурати бу муддатни узайтиришни тақозо этган ҳоллар бундан мустасно. Шу даврда уларнинг иш жойида ўртача иш ҳақи сақланиб қолади».
Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 13-моддасига мувофиқ, жиноят ишлари ҳайъатда кўрилади. Жиноят кодекси 15-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган жиноятлар тўғрисидаги ишлар эса, судья томонидан якка тартибда кўрилади.
Жиноят-процессуал кодексининг 76-моддасига мувофиқ, қуйидаги ҳолларда халқ маслаҳатчиси жиноят ишини юритишда иштирок этишга ҳақли эмас ва уни рад қилиш лозим, башарти:
Шу модданинг иккинчи қисмида белгиланганидек, судья илгари шу ишни юритишда суриштирувчи, терговчи, прокурор, суд мажлисининг котиби сифатида иштирок этган бўлса, ўша ишни келгусида кўришда қатнаша олмайди.
Ўша модданинг учинчи қисмига мувофиқ, биринчи, апелляция ёки кассация инстанцияси судида ёхуд назорат тартибида ишни кўришда иштирок этган судья унинг иштирокида чиқарилган ҳукм, ажрим (қарор) бекор қилинганидан кейин ўша ишни кўришда иштирок эта олмайди.
1) Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 7-моддасининг иккинчи қисмида Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда унинг асосида қабул қилинган қонунлар ваколат берган идоралар томонидангина амалга оширилиши белгилаб қўйилган;
2) Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 107-моддасининг иккинчи қисми судларни ташкил этиш ва уларнинг фаолият кўрсатиш тартиби қонун билан белгиланишини назарда тутади;
3) Жиноят-процессуал кодексининг 30-моддасида жиноят ишини ишда ушбу суд таркибига тайинланган ёки сайланган судьялар халқ маслаҳатчилари қатнашишлари белгилаб қўйилган;
4) Жиноят-процессуал кодекси 13-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ одил судловни амалга оширишда халқ маслаҳатчилари судьянинг барча ҳуқуқларидан фойдаланадилар; улар суд мажлисида ишни кўриш жараёнида келиб чиқадиган ҳамма масалаларни ҳал қилишда ва ҳукм чиқаришда раислик қилувчи билан тенг ҳуқуққа эгадирлар;
5) Жиноят-процессуал кодексининг 76-моддаси судья (халқ маслаҳатчиси), прокурор, терговчи, суриштирувчи ва суд мажлисининг котиби ишда иштирок этишини истисно этадиган бир қатор ҳолатларни белгилайди.
Шу боис Жиноят-процессуал кодекси 80-моддасининг бешинчи қисмида назарда тутилган тартибда судьяни ёки халқ маслаҳатчисини рад қилиш ҳуқуқини шу кодекснинг 76-моддасида кўрсатиб ўтилган ҳолатлардан бирортаси мавжуд бўлгандагина амалга ошириш мумкин.
1. Тушунтириб берилсинки, «Судлар тўғрисида»ги Қонуннинг 62-моддаси биринчи қисмига мувофиқ, халқ маслаҳатчисининг ваколатлари муддати икки ярим йил этиб белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 30-моддасига биноан, жиноят ишини кўришда ушбу суд таркибига тайинланган ёки сайланган судьялар ва халқ маслаҳатчилари қатнашадилар.
2. Таъкидлаб ўтилсинки, Жиноят-процессуал кодекси халқ маслаҳатчисининг судда йилига икки ҳафтадан ортиқ иштирок этишига унинг шу йил бошқа жиноят ишини юритишда иштирок этишига монелик қиладиган ҳолат сифатида назарда тутмаган. Шунинг учун ҳам халқ маслаҳатчисининг судда йилига икки ҳафтадан ортиқ иштирок этиши уни рад қилиш учун асос бўлмайди.