Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

ЭФИОПИЯ

(1995 й.дан - Эфиопия Демократик Республикаси; аввалги номлари: Абиссиния, Эфиопия, Социалистик Эфиопия, Эфиопия Халқ Демократик Республикаси) - Шимоли-Шарқий Африкада жойлашган, XIII асрда ташкил топган давлат. 1974 й.гача - жаҳоннинг энг қадимги монархияларидан бири. Пойтахти - Аддис-Абеба шаҳри.

Маъмурий жиҳатдан 9 штатга бўлинади.

1930 й. тахтга ўтирган Император Хайле Селасие I ҳокимияти 1974 й. 12 сентябрда ағдарилганидан кейин 1955 й. Конституциясининг амал қилиши тўхтатиб қўйилди. Бутун ҳокимият Муваққат ҳарбий маъмурий кенгаш қўлига ўтди. 1977 й. 12 февралда подполковник Менгисту Хайле Мариам мазкур кенгашнинг Раиси этиб тайинланди (кейинчалик у президент деб эълон қилинди). 1991 й. 21 майда М.Х. Мариам истеъфо бериш ва мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди. Ҳокимият Эфиопия халқлари Инқилобий-демократик фронтининг қўлига ўтди. Мазкур фронт мамлакат ички ҳаётини барқарорлаштириш ва ўтиш даврини таъминлаш йўлини танлади.

1995 й. кўп партияли асосда парламент сайлови ўтказилди, янги Конституция маъқулланди.

Конституцияга кўра Э. - республика бошқарув шаклига эга федератив давлат. Давлат бошлиғи - президент - парламент палаталарининг қўшма мажлисида 5 йил муддатга сайланади.

Парламент - Федерал йиғилиш - икки палатадан ташкил топади. Юқори палата - Федерация кенгаши - қонунчилик ваколатларига эга бўлмаган 155 аъзодан иборат. Қуйи палата - Халқ вакиллари кенгаши - умумий сайловда 5 йил муддатга сайланадиган 548 депутатдан таркиб топади.

Ижро этувчи ҳокимиятни Федерал йиғилиш олдида жавобгар бўлган ҳукумат амалга оширади. Ҳукумат бошлиғи - бош вазир - парламент палаталарининг қўшма мажлисида сайланади.