Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

ФУҚАРОЛИК

бу шахс билан давлат ўртасидаги барқарор ва доимий сиёсий-ҳуқуқий алоқа бўлиб, бундай алоқалар инсон ва фуқароларнинг қадр-қиммати, асосий ҳуқуқлари ва эркинликларини тан олиш ҳамда ҳурматлашга асосланади, шунингдек уларнинг ўзаро ҳуқуқ, бурч ва мажбуриятларида ўз ифодасини топади. ЎзР нинг бутун ҳудудида ягона фуқаролик ўрнатилади (ЎзР нинг Конституцияси, 21-модда).

Фуқаролик тушунчаси республика бошқарув шакли мавжуд бўлган давлатларга хосдир. Монархия бошқарув шакли мавжуд бўлган давлатлар учун тобъе тушунчаси мавжуд. “Фуқаро” ва “тобъе”лик тушунчаси назарий жиҳатдан инсоннинг икки ҳолатини белгилаб беради. Фуқаролар - озод мамлакат - республика бошқарув шаклидаги давлатлардаги эркин шахслар бўлиб, ўзларини ҳар томонлама озод кишилар деб ҳисоблайдилар. Тобъе шахс - бошқа бир шахсга, монархга тобъе бўлиб, унинг хоҳиш-иродасига қарши чиқа олмайди. Тарихда озодлик учун курашлар, бир шахс хоҳиш-иродасига қарши шоҳлар, қироллар, императорларга қарши кураш билан боғлиқ бўлган ва улар ҳақиқий демократик бошқарув деб, республика бошқарув тузумини яратиш учун кураш олиб борганлар. Шу тариқа улар фуқаролик олиш учун тобъеликдан воз кечганлар. Шундай қилиб, республика бошқарув шаклидаги давлатларда “фуқаролик” тушунчаси монархия бошқарув шаклидаги давлатларда “тобъелик” тушунчаси мавжуд.

ЎзР нинг “Фуқаролиги тўғрисида”ги Қонуни 1992 йилнинг 2 июлида қабул қилинган. Ушбу Қонун фуқароликка қабул қилиш асослари, унга эга бўлиш ва фуқароликни йўқотиш тартибини белгилайди. Қонунга мувофиқ қуйидагилар ЎзР нинг фуқаролари бўладилар:

1) келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий ҳолатидан, ирқи ва миллатидан, жинси, маълумоти, тили, сиёсий қарашлари, диний эътиқоди, машғулотларнинг турлари ва савиясидан қатъий назар, ЎзР да доимий яшаб турган, бошқа давлатларнинг фуқаролари бўлмаган ҳамда ЎзР нинг фуқароси бўлиш истагини билдирган шахслар;

2) давлат йўлланмаси билан ЎзРдан ташқарида ишлаётган, ҳарбий хизматни ўтаётган ёки ўқиётган шахслар;

3) ушбу Қонунга мувофиқ ЎзРнинг фуқаролигини олган шахслар.

ЎзР фуқаролиги тўғрисидаги қонунга асосан (13-модда) ЎзР фуқароларидан туғилган болалар, ЎзР ҳудудида ёки унинг ташқарисида туғилган бўлишидан қатъи назар, ЎзР фуқароси ҳисобланади.

Фуқаролик тўғрисидаги қонунда ЎзР фуқаролигини йўқотиш асослари ҳам белгилаб қўйилган. ЎзР фуқаролигини йўқотишга қуйидагилар сабаб бўлади:

1) шахс чет давлатда ҳарбий хизматга, хавфсизлик хизмати ва бошқарувнинг бошқа идораларига ишга кирганлиги аниқланса;

2) агар чет элда доимимй равишда яшовчи шахс беш йил давомида узрли сабабларсиз консуллик ҳисобида турмаган бўлса;

3) агар ЎзР фуқаролиги ёлғонлиги шак-шубҳасиз маълумотлар ёки сохта ҳужжатларни тақдим этиш натижасида олинган бўлса.

Шу сабабларга биноан, ЎзР Президенти Фармонига асосан ЎзР фуқаролиги йўқотилади.

ЎзР фуқаролигини тасдиқловчи асосий ҳужжат ЎзР фуқаросининг паспорти ва туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномадир.

ЎзР Президентининг 1999 йил 26 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги фармони билан янги таҳрирдаги «Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисидаги Низом тасдиқланди. Унга кўра «Фуқаролик тўғрисида»ги Қонунда белгиланган уни амалга ошириш механизми мамлакат Президентининг 1992 йил 20 ноябрдаги ПФ-500 сонли фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги Низом»га ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

ЎзР фуқаролигининг тугатилиши Қорақалпоғистон фуқаролигининг тугатилишига олиб келади.

ЎзР фуқаролигига қабул қилиш, фуқароликни қайта тиклаш, фуқароликдан чиқиш ва уни йўқотиш масалалари ЎзР Президенти фармони билан расмийлаштирилади.