Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

УСТАВ

ҳуқуқда кенг қўлланиладиган норматив ҳужжатлар тури. Жамоат бирлашмаларининг, давлат фаолияти алоҳида турларининг, ҳарбий хизматнинг ва б.нинг мақомини мустаҳкамлаш (тартибга солиш) учун мўлжалланган комплекс (кодификацияланган) ҳужжат.

Ҳар бир маҳаллий тузилма ўз У. га эга бўлиши шарт. У маҳаллий ўзини ўзи бошқариш вакиллик органи ёки бевосита фуқаролар томонидан қабул қилинади. Уставларнинг мазмунига қўйиладиган талаблар қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

ЎзР нинг “Жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги 1991 й. 15 февраль Қонунида жамоат бирлашмаси ўз У. ни тасдиқлаши зарурлиги назарда тутилган, унинг мазмунига қўйиладиган талаблар белгиланган ҳамда юридик шахс ҳуқуқига эга бўлишни истаган жамоат бирлашмаси ўз У. ни давлат рўйхатидан ўтказиши лозимлиги кўрсатилган.

ЎзР нинг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги 1998 й. 1 май Қонуни (янги таҳрири)да диний ташкилотни давлат рўйхатига олиш учун унинг У.ни тақдим этиш зарурлиги назарда тутилган ҳамда мазкур ҳужжатнинг мазмунига қўйиладиган талаблар кўрсатилган.