Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

УММОН

(Уммон султонлиги) - Осиёда, Арабистон ярим оролининг жануби-шарқида жойлашган давлат. Пойтахти - Масқат шаҳри.

Маъмурий жиҳатдан 59 вилоятга бўлинади. Улар 8 туманга бирлаштирилган.

Бошқарув шакли - Султон томонидан бошқариладиган мутлақ монархия. Султонликнинг конституцияси йўқ.

Давлат бошлиғи - Султон (1970 й. 20 июлда тахтга Султон Қобус ибн Саид Асид ўтирган). Султон ҳузурида маслаҳат ва қонунчилик органи - Шўро кенгаши фаолият кўрсатади. Унга ҳар бир вилоятдан биттадан вакил киради. Уларни султон ҳар бир вилоятдан сайланадиган уч номзод орасидан тайинлайди. Шўро кенгаши аъзоларининг ваколат муддати - уч йил. Улар кейинги муддатларга ҳам сайланиши мумкин. Бундан ташқари, 1994 й.да султон Шўро таркибига бир қанча ҳокимлар, вазирларни тайинлаб, унинг аъзолари сонини 80 тага етказди.

Ҳукуматни султоннинг ўзи тузади ва бошқаради. У бош вазир, ташқи ишлар вазири, мудофаа ва молия вазири вазифаларини бажаради.

Султонликда сиёсий партиялар ва жамоат ташкилотлари фаолияти тақиқланган.