Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

ТУВАЛУ

Тинч океанининг жануби-ғарбий қисмида, Тувалу архипелагида жойлашган орол давлат. Буюк Британиянинг собиқ мустамлакаси. 1978 й. 1 октябрда мустақил деб эълон қилинган. Буюк Британия Ҳамдўстлигининг аъзоси. Пойтахти - Фунафути шаҳри.

Маъмурий жиҳатдан 8 орол ҳудудий бирлиги - кенгашларга бўлинади.

Амалдаги Конституцияси 1978 й. 1 октябрда қабул қилинган.

Бошқарув шакли - парламент монархияси. Давлат бошлиғи - Буюк Британия қироличаси - генерал-губернаторни тайинлайди. Генерал-губернатор номзодини Тувалу парламенти Бош вазир билан бамаслаҳат таклиф қилади.

Қонунчилик органи - Тувалу парламенти халқ томонидан 4 йил муддатга сайланадиган 12 депутатдан иборат.

Бош вазирни парламент сайлайди. Вазирлар маҳкамасини Бош вазир парламент депутатларидан тузади. Унинг таркиби генерал-губернатор томонидан тасдиқланади. Ҳукумат парламент олдида жавобгар бўлади.