Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

ТАЙВАНЬ

(Хитой Республикаси) - XIII асрдан Хитой провинцияси. 1949 й.да “мустақил давлат” бўлиб ажралиб чиққан. ХХР мазкур давлат тузилмасини ҳанузгача ўз провинцияси деб ҳисоблайди ва “бир давлат - икки тузум” принципига кўра тинч бирлашиш курсини эълон қилган. Маъмурий маркази - Тайбей шаҳри.

Маъмурий жиҳатдан марказга бўйсунадиган 2 шаҳар, провинцияларга бўйсунадиган 5 шаҳар ва 16 уездга бўлинади.

Гоминьдан тузуми даврида - 1946 й. 25 декабрда қабул қилинган Конституция амал қилади. Т. бошлиғи - Хитой Республикаси Раиси - 1996 й.дан умумий сайловда 6 йил муддатга сайланади. Парламенти - Миллий йиғилиш. 1991 й. ўтказилган сайлов натижасида Миллий йиғилишдаги 326 ўриндан 254 тасини Гоминьдан номзодлари эгаллади. Миллий йиғилиш ваколатига президентни сайлаш ва чақириб олиш (1994 й.гача), Конституцияга тузатишлар киритиш, мазкур масала юзасидан референдумлар ўтказиш киради.

Қонунчилик юани қонун чиқарувчи орган вазифаларини бажаради. У 164 депутатдан иборат бўлиб, шуларнинг 128 таси тўғридан-тўғри овоз бериш йўли билан сайланади, 36 таси эса сайловда 5% дан кўп овоз олган партияларнинг номзодлари орасидан тенг асосда тайинланади.

Ижро этувчи ҳокимиятни Ижроия юани амалга оширади. Унинг аъзоларини президент Назорат юани билан баҳамжиҳат тайинлайди.