Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

СУРИНАМ

(Суринам Республикаси) - Жанубий Американинг шимолий - шарқий қисмида жойлашган давлат. Нидерландиянинг собиқ мулки. 1975 й. 25 ноябрда мустақил деб эълон қилинган. Пойтахти - Парамарибо шаҳри.

Маъмурий жиҳатдан 9 округга бўлинади.

1987 й. 30 сентябрда ўтказилган референдумда қабул қилинган Конституция амал қилади. Бошқарув шакли - республика.

Давлат бошлиғи - Президент, вице-президент сингари, парламент депутатларининг малакали кўпчилиги томонидан (жами овозлар сонининг камида учдан икки қисми билан) 5 йил муддатга сайланади. Бир палатали парламенти - Миллий ассамблея - умумий сайловда тўғридан-тўғри овоз бериш орқали 5 йил муддатга сайланадиган 51 депутатдан таркиб топади.

Ижро этувчи ҳокимиятни вице-президент амалга оширади. У Бош вазир вазифасини бажаради ва ҳукуматни шакллантиради.