Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

САЙЛОВ

давлат органлари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқаларни ташкил этишнинг уларни аҳоли ёки бошқа орган томонидан сайлашдан иборат усули. Кўпроқ С. тушунчаси давлат органлари ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларининг депутатлари ва мансабдор шахсларини сайлашга нисбатан қўлланилади.

Қуйидаги турдаги сайловлар бўлиши мумкин:

тўғридан-тўғри сайлов - бунда депутатлар ёки сайланадиган мансабдор шахслар бевосита аҳоли томонидан сайланади. Мас., ЎзР Президенти сайлови, Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тўғридан тўғри сайлов ҳисобланади;

билвосита сайлов - бунда аҳоли сайлашга вакил қилинганларни сайлайди, улар эса тегишли шахсларни сайлайди. Масалан, АҚШда сайловчилар сайлашга вакил қилинганларни сайлайди, булар эса АҚШ Президентини сайлайди. Ҳиндистон парламенти Штатлар Кенгаши - юқори палатаси аъзоларининг аксарияти штатлар ва иттифоқдош ҳудудлар қонунчилик мажлисларининг аъзолари томонидан сайланади;

кўп поғонали сайлов - бунда аҳоли фақат қуйи вакиллик органларининг депутатларини сайлайди, булар эса кейинги даражадаги вакиллик органларининг депутатларини (делегатларни) сайлайди. Кўп поғонали сайлов баъзи чет мамлакатларда қўлланилади. Масалан, Хитойда юқори халқ вакиллари мажлислари, шу жумладан Бутунхитой Халқ вакиллари мажлиси қуйи халқ вакиллари мажлислари томонидан сайланади.