Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

РАТИФИКАЦИЯ

давлатнинг ўзи учун халқаро шартноманинг мажбуриятига нисбатан розилигини билдиришнинг шаклларидан бири. Р. давлат номидан унинг президенти ёки ҳукумати томонидан тузилган шартномани парламент томонидан маъқулланишини англатади.

ЎзР Конституциясига мувофиқ, (78-модда, 20-банд) ЎзР халқаро шартномаларини ратификация ва денонсациялаш Қонунчилик палатаси ва Сенат томонидан қонун қабул қилиш йўли билан амалга оширилади.

“Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида” ги 1995 йил 22 декабрдаги қонуни халқаро шартноманинг ўзи учун мажбуриятга нисбатан ЎзР розилигининг қуйидаги шаклларини назарда тутади:

Р., тасдиқлаш, халқаро шартномани қабул қилиш ва қўшилиш.

Юқорида қайд этилган қонунга мувофиқ қуйидаги халқаро шартномалар Р. қилиниши лозим: ижро этилиши амалда бўлганларининг ўзгартирилишини ёки янги қонунларнинг қабул қилинишини талаб этувчи, шунингдек, қонунда назарда тутилганидан кўра бошқа тартиб - қоидалар белгилашни талаб этувчи; инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари предмет бўлиб ҳисобланган шартномалар;

ЎзР нинг бошқа давлатлар билан ҳудудий чегараланиши тўғрисидаги; ЎзР нинг мудофаа қудратига тегишли масалалар бўйича давлатлараро муносабатларнинг асослари тўғрисидаги; қуролсизланиш ёки қуролланиш устидан халқаро назорат масалалари бўйича, халқаро тинчлик, хавфсизликни таъминлаш, шунингдек, тинчлик шартномалари ва коллектив хавфсизлик тўғрисидаги масалалар бўйича, ЎзР нинг давлатлараро иттифоқлар, халқаро ташкилотлар ва бошқа халқаро уюшмалардаги иштироки тўғрисидаги; (агарда бундай шартномалар ЎзР ваколатларининг бир қисмини амалга ошириш учун топширилишини ёки ЎзР учун унинг органлари қарорларининг юридик мажбурлигини белгилаб берса).

Бундан ташқари, мазкур қонунга мувофиқ тузилиши пайтида тарафлар келгуси Р. тўғрисида шартлашиб олишган ЎзР нинг халқаро шартномалари Р. қилиниши лозим.

ЎзР Президенти томонидан имзолаш тўғрисида қарор қабул қилинган халқаро шартномалар Сенат томонидан тақдим этилади. Агарда имзолаш тўғрисидаги қарор ЎзР ҳукумати томонидан қабул қилинган бўлса, тегишли тартибда у томонидан Сенатга Р. қилиш учун олиб чиқилади. Аммо зарурат бўлганида ҳукумат қарори билан имзоланган халқаро шартномани Р. қилиш учун киритиш тўғрисидаги таклифни ҳукумат Президентга тақдим этиши мумкин.

Шартномани Р. қилиш тўғрисидаги таклиф уни Р. қилинишининг мақсадга мувофиқлигини шунингдек, Р. қилишнинг эҳтимолли молиявий-иқтисодий ва бошқа оқибатларини баҳолашдан иборат бўлмоғи лозим. Агарда Р. қилиш тўғрисидаги таклиф ҳуқуқнинг бошқа субъекти томонидан киритилган бўлса, у ЎзР Президентига мазкур қонун лойиҳаси бўйича таклиф бериш учун юборилади.

Шартномани Р. қилиш тўғрисидаги масала қонунчилик жараёни қоидалари бўйича аввал Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқилади. Олий Мажлис палаталари томонидан қабул қилинган халқаро шартномани Р. қилиш тўғрисидаги қонун ЎзР Президентига имзолаш ва кенг жамоатчиликка ҳавола этиш учун юборилади. ЎзР халқаро шартномасини Р. қилиш тўғрисидаги қонун асосида ЎзР Президенти томонидан, унинг муҳри ва ЎзР ташқи ишлар вазирининг имзоси билан мустаҳкамланадиган, ратификацион ёрлиқ имзоланади.

РАТИФИКАЦИЯ

давлатнинг олий ҳокимият органи томонидан ваколатли давлат органлари томонидан тузилган халқаро шартномаларни тасдиқлаш шакли, яъни давлат номидан иш олиб борувчи президент ёки ҳукуматнинг тузган шартномасини парламент томонидан тасдиқланиши, шартнома ратификация қилинганлигини билдиради.

ЎзР Конституциясининг 78-моддасига мувофиқ, халқаро шартномаларни ратификация ва денонсация қилиш ЎзР Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биргаликдаги ваколатларига киради.

1995 йилнинг 22 декабрида қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги Қонунига асосан ЎзР нинг ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги шартномалари: давлатлараро муносабатларнинг асослари тўғрисидаги шартномалар; ЎзР нинг мудофаа қобилиятига дахлдор масалалар бўйича шартномалар; куч ишлатишдан ёки куч ишлатиш билан тақдид қилишдан ўзаро воз кечиш тўғрисидаги шартномалар; тинчлик шартномалари ва коллектив хавфсизлик тўғрисидаги шартномалар; ЎзР нинг бошқа давлатлар билан ҳудудий чегараланиши тўғрисидаги шартномалар; ЎзР нинг давлатлараро иттифоқларда, халқаро ташкилотларда ва бошқа бирлашмаларда иштироки тўғрисидаги шартномалар; ижрочи амалдаги қонунларнинг ўзгартирилишини ёки янги қонунлар қабул қилинишининг тақозо этадиган, шунингдек ЎзР нинг қонунларда назарда тутилганидан бошқача қоидаларни белгилайдиган халқаро шартномалар ратификация қилинади.

Тузиш вақтида томонлар келгусида уни ратификация қилиш тўғрисида келишиб олинган ЎзР нинг халқаро шартномалари ҳам худди шундай ратификация қилинади.

Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ва Сенати ЎзР нинг бошқа халқаро шартномаларини ҳам ратификация қилиш мумкин.

Қонуннинг 14 - моддасининг 5-бандига мувофиқ, ЎзР Ҳукумати томонидан ёки у ваколат берган органлар томонидан халқаро молия институтлари билан тузилган ЎзР нинг халқаро заём ва кафолатли шартномалари ратификация қилинмайди ва ЎзР учун имзоланган пайтдан эътиборан кучга киради.

ЎзР Президентининг қарорига мувофиқ имзоланган халқаро шартномаларни ратификация қилиш тўғрисидаги таклифлар парламентга ЎзР Президенти томонидан киритилади. ЎзР нинг халқаро шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги Олий Мажлиснинг тўхтами - қарор шаклида қабул қилинади.

Халқаро шартномалар ратификация қилингандан сўнг томонлар ратификация ёрлиғини чиқарадилар.

ЎзР нинг халқаро шартномалар тўғрисидаги қонуннинг 17-моддасига кўра ратификация ёрлиғи - Олий Мажлис халқаро шартномани кўриб чиққанлигидан гувоҳлик берувчи ва халқаро шартнома ЎзР учун мажбурийлигига рози эканлигини ифодаловчи махсус ҳужжатдир. Ратификация ёрлиғининг шакли Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан ЎзР Президенти томонидан белгиланади. Ратификация ёрлиғи Олий Мажлиснинг халқаро шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги қарорига асосан ЎзР Президенти томонидан имзоланади, унинг муҳри ва Ташқи ишлар вазирининг имзоси билан тасдиқланади. Ратификация ёрлиқларини алмашиш, ЎзР халқаро шартномаларни ратификация қилганлиги тўғрисидаги ёрлиқларни сақлаш учун депозитарийларга топшириш Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ёхуд унинг топшириғига биноан ЎзР дипломатик ваколатхонаси ёки ЎзР нинг халқаро ташкилот ҳузуридаги ваколатхонаси томонидан амалга оширилади.