Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

МОРДОВИЯ

(Мордовия Республикаси) - М. Конституциявий Йиғилиши томонидан 1995 йил 21 сентябрда қабул қилинган Конституцияга мувофиқ, РФ таркибидаги демократик ҳуқуқий давлат. Давлатнинг М. Республикаси ва М. деган номлари бир маънони англатади (1-модда). Давлат тили - рус ва мордва (мокша, эрзя) тиллари (мокша ва эрзя - мордов миллатининг икки бўғини). Пойтахти - Саранск ш.

М. давлат ҳокимияти органлари тизимига қуйидагилар киради: М. бошлиғи - М. давлат бошлиғи ва олий мансабдор шахси; М. Давлат Йиғилиши - ҳокимиятнинг олий вакиллик ва қонун чиқарувчи органи; М. ҳукумати - ижро этувчи ҳокимият олий органи; М. судлари.

М. бошлиғи лавозимига ўттиз ёшдан кичик бўлмаган, сайлов ҳуқуқига эга М. фуқароси сайланиши мумкин. М. бошлиғи 5 йил муддатга сайланади. Айни бир шахс М. бошлиғи лавозимини сурункасига икки муддатдан ортиқ эгаллаб туриши мумкин эмас.

М. бошлиғи фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, М. Конституциясига риоя этилишининг кафили бўлади, мамлакат ичкарисида ва халқаро муносабатларда М. номидан иш кўради, М. давлат органлари фаолиятини, уларнинг РФ ва унинг субъектлари давлат органлари билан муносабатларини мувофиқлаштириш чораларини кўради.

М. бошлиғига президент ваколатлари хосдир. Жумладан, у М. Хавфсизлик кенгашини тузади ва уни бошқаради, М. ҳукуматини тузади, ҳукумат мажлисларида раислик қилишга ҳақли, ҳукуматнинг ихтиёрий истеъфосини қабул қилади ёки унга истеъфо беради, ҳукумат қарорлари ва фармойишларини бекор қилади, М. қонунларини имзолайди ва эълон қилади, М. Олий суди раиси ва унинг ўринбосарлари, туман (шаҳар) халқ судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари лавозимига номзодларни Давлат Йиғилишига тақдим этади, М. Давлат Йиғилишига ҳар йили М. даги ҳолат тўғрисида мактуб билан мурожаат этади. Лекин М. бошлиғи бир қатор ваколатларни М. Давлат Йиғилишининг розилиги билангина амалга ошириши мумкин: ҳукумат тузилмасини тасдиқлаш; М. вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларини тузиш ва тугатиш; ҳукумат Раисини тайинлаш; ҳукумат Раисининг ўринбосарлари, вазирлар, давлат қўмиталарининг раислари ва идораларнинг раҳбарларини тайинлаш ҳамда лавозимидан озод этиш.

М. Давлат Йиғилиши М. Конституциясининг 79-моддасига мувофиқ 75 депутатдан таркиб топади. Депутатлар, қоида тариқасида, доимий асосда иш олиб боради. Давлат Йиғилиши 4 йил муддатга сайланади. Давлат Йиғилишининг ваколатларига, жумладан, қуйидагилар киради: М. Конституциясига ўзгартишлар киритиш; М. Конституция ва қонунларининг РФ Конституцияси ва қонунларига мувофиқлигини таъминлаш; РФ ва М. қонун ҳужжатларининг ижроси устидан назорат қилиш; М. ваколатларига киритилган масалаларни ҳуқуқий тартибга солиш; М. Конституцияси ва қонунларини талқин қилиш; М. бюджетини, унга киритилган ўзгартишларни, бюджетнинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлаш; республика солиқлари, йиғимлари, божлари, тарифлари, ставкалари ва тўловларини белгилаш; М. ижтимоий-иқтисодий дастурларини тасдиқлаш; М. референдумларини тайинлаш; М. ҳукумати ёки унинг аъзолари истеъфоси тўғрисидаги масалани ҳал қилиш; М. бошлиғининг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш, уни лавозимидан четлатиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш; РФ Бош прокурори томонидан М. прокурори лавозимига тайинлаш учун тақдим этилган номзодга розилик бериш; М. Олий суди ва туман (шаҳар) халқ судларининг раислари ва уларнинг ўринбосарларини тайинлаш ҳамда лавозимидан озод этиш; Олий суд, шаҳар (туман) халқ судларининг судьяларини, шунингдек М. Олий суди халқ маслаҳатчиларини сайлаш; федерал судларнинг судьялари лавозимига тайинлаш учун тақдим этилган номзодларга розилик бериш; М. нинг маъмурий-ҳудудий тузилишини тартибга солиш ва б.

Давлат Йиғилиши қонунлар ва қарорлар, шунингдек конституциявий қонунлар қабул қилади.

М. Давлат Йиғилишининг ишини Давлат Йиғилиши Кенгаши ташкил этади. Давлат Йиғилишининг сессиялари оралиғидаги даврда Кенгаш, зарур ҳолда, Давлат Йиғилишининг ваколатига кўра унинг айрим вазифаларини амалга ошириши мумкин.

М. Ҳукумати Давлат Йиғилишига ва М. бошлиғига ҳисобдордир. Конституцияга мувофиқ, Ҳукумат М. нинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига раҳбарлик қилувчи орган вазифасини бажаради.

М. таркибига 22 шаҳар ва республика аҳамиятига молик 3 шаҳар киради. Туманларда ва республика аҳамиятига молик шаҳарларда М. давлат ҳокимияти органлари тузилиши мумкин.

Қишлоқ ва шаҳар аҳоли яшайдиган пунктлари доирасида, шунингдек бошқа ҳудудларда фуқароларнинг маҳаллий ўзини ўзи бошқарувни амалга ошириши ҳуқуқи Мордовияда Конституция билан кафолатланади. Маҳаллий ўзини ўзи бошқариш вазифаларини амалга ошириш учун маҳаллий жамоа маҳаллий ўзини ўзи бошқаришнинг сайлаб қўйиладиган ва бошқа органларини тузади, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларининг мансабдор шахсларини сайлайди ва тайинлайди ҳамда уларга тегишли ваколатлар беради. Туман (шаҳар) бошлиғини маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органи М. бошлиғининг таклифига биноан ўз орасидан сайлайди.