Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

ЛАТВИЯ

(Латвия Республикаси) Европанинг шимоли - ғарбида жойлашган давлат. Бой давлатчилик тарихига эга мамлакат. 1991 йил 3 майда ўтказилган Латвия халқининг умумий референдуми натижаларини ҳисобга олиб, СССР Олий Совети 1991 йилнинг 6 сентябрида Латвия Республикасининг давлат мустақиллигини тан олди. 1991 йилнинг 17 сентябридан БМТ аъзоси. Пойтахти - Рига шаҳри.

Маъмурий бўлиниш: 26 та туман, ўз навбатида туманлар волостларга бўлинади.

1922 йил 15 февралда қабул қилинган «Сатверме» конституцияси амал қилади. У 1993 йилнинг 6 июлидан тўлиқ қайта тикланди. Бошқарув шакли - республика.

Давлат бошлиғи Президент бўлиб, парламент томонидан 5 йил муддатга сайланади. У икки марта сурункасига сайланиши мумкин.

Бир палатали парламент - Сейм - 100 та депутатдан иборат бўлиб, Пропорционал асосда 3 йилга сайланади. Пассив ва актив сайлов ҳуқуқи 21 ёшдан бошланади.

Ҳукумат - Бош вазир томонидан бошқарилиб, 13 та аъзодан иборат. Бундан ташқари ҳукумат таркибига кирмайдиган давлат вазирларидан иборат. Бош вазирнинг 3 та ўринбосари мавжуд.

Мамлакатнинг туб аҳолиси латишлар аҳолининг ярмидан кўпини ташкил этади. Мамлакатда фуқаролик ва бошқа миллат вакилларининг ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар мавжуд.