Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

КОНФЕДЕРАЦИЯ

давлатларнинг иттифоқи бўлиб, халқаро - ҳуқуқий характерга эга. К. янги давлатнинг вужудга келишига олиб келмайди. Жаҳон тарихида конфедерациялар вужудга келиб, улардан федератив давлатлар ажралиб чиққанлиги билан боғлиқ воқеалар учраб туради. Айрим давлатлар амалда федератив давлатлар бўлсада (Швейцария, Канада), ўз номларида конфедерация қўшимчасини сақлаб қолганлар. Яқин ўтмишга қарайдиган бўлсак, айрим конфедерациялар ташкил этилиб, узоққа чўзилмаганлигига гувоҳ бўламиз (масалан, Сенегамбия - Сенегал ва Гамбиянинг 1981 - 1988 йилдаги иттифоқи).

Федерация ва конфедерациянинг асосий фарқи қуйидагилардан иборат:

Федерациянинг ҳуқуқий асоси дастлаб шартнома, кейинчалик эса конституция бўлади; К. нинг ҳуқуқий асоси бўлиб фақат шартнома майдонга чиқади;

Федерация - давлат-ҳуқуқий мақомдаги ташкилот, бунинг натижасида эса янги давлат вужудга келади; К. эса халқаро - ҳуқуқий иттифоқ бўлиб, давлат сифатида қабул қилинишига ҳали эрта;

Федерация ҳудуди ягона мақомга эга; К. эса ягона ҳудудга эга бўлмайди, унинг ҳудуди мазкур иттифоқ таркибига кирувчи давлатларнинг ҳудудидан ташкил топади;

Федерация ягона фуқаролик ўрнатилган, К. да эса ягона фуқаролик мавжуд эмас, тўғри конфедерация ҳудудида шахс мақомининг бир-бирига яқинлигини таъминлаб берувчи нормалар ўрнатилиши мумкин;

Федерацияда давлат ҳокимияти (қонун чиқарувчи, ижро этувчи, суд ҳокимияти) нинг ягона органлари мавжуд; К. бундай органларга эга эмас, у ерда фақат ягона мақсадларни амалга оширишга кўмаклашувчи мувофиқлаштирувчи органлар шакллантирилиши мумкин;

Федерацияда умумий ҳуқуқий актларнинг федерация субъектлари актларидан устунлиги принципи амал қилади; Федерацияда федерал органлар томонидан федерация субъектининг актини директив йўл ёки низони кўриб чиқувчи конституциявий назорат органлари томонидан бекор қилиниши мумкин бўлган тартиб мавжуд; К. да эса К. нинг мувофиқлаштирувчи органи чиқарган қарор конфедерация аъзоларининг органлари қарорлари орқали қабул қилинади. Бу қарорлар ё ратификация қилинади ёки бошқа йўл билан тан олинади.

Бунда конфедерация аъзолари умумий қарорларни ўзлари учун мажбурий деб тан олмасликлари мумкин;

Федерацияларда ягона қуролли кучлар мавжуд. Фақат айрим ҳолатлардагина федерация аъзоларига айрим қуролли кучларга эга бўлишга рухсат берилар эди. Лекин улар барибир ягона қуролли кучлар таркибига кирар эди (масалан, собиқ Совет Иттифоқининг сиёсий тарихидаги айрим даврларни олсак, иттифоқдош республикаларга ҳарбий қўшинга эга бўлишга рухсат берилар эди). К. да эса унга кирувчи давлатларнинг мустақил армиялари мавжуд, улар умумий қўмондонлик асосида бирлаштирилиши мумкин. Давлатларнинг келишувига биноан турли давлатларнинг ҳарбий контингентларидан ташкил топган ягона армия тузилиши мумкин, лекин давлатлар ўзларининг қуролли кучларини ҳам сақлаб қолиш ҳуқуқига эга;

Федерацияда - ягона солиқлар мавжуд бўлиб уларни федерация тўлиқ равишда ўрнатиши мумкин, бундан ташқари федерация солиқ ва молия сиёсати борасида устувор ва андозавий нормаларни ўрнатиши мумкин. К. га кирувчи ҳар бир давлат ўз солиқлари ва молия тизимига эга бўлиб, К. маблағларининг манбаси сифатида унга кирувчи аъзоларнинг бадаллари ҳисобга олинади;

Федерацияда - ягона пул тизими мавжуд бўлиб, барча ҳудудда амал қилади. К. га кирувчи ҳар бир давлатда ўз валютаси мавжуд, тўғри пул тизимлари бу ҳолатда бир-бирига яқинлаштирилиши мумкин.

Федерация ягона иқтисодий сиёсат ёки уни ягона марказдан бошқариш қоидаларига эга. К. да эса мувофиқлаштириш мавжуд бўлиши мумкин, лекин яна К. аъзоларининг ихтиёрий тан олиши орқали.