Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

КИПР

(Кипр Республикаси) - Ўрта ер денгизидаги К. оролларида жойлашган давлат. Пойтахти - Никосия шаҳри. 1960 йил 16 августда Буюк-Британиядан мустақиллик олган, Британия ҳамкорлиги аъзоси. Грек ва турк жамоалари ўртасида тўқнашувни кескинлашуви туфайли декабр 1967 йилда “муваққат турк маъмурияти” тузилган. 1975 йил 13 февралда оролнинг шимолий қисмида, жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинмаган Туркия федератив давлати эълон қилинган, у 1983 йил 15 ноябрда Шимолий К. Турк Республикаси деб аталган.

Маъмурий бўлиниши: 6 округдан иборат. Ўзгартириш ва қўшимчалар билан 1960 йил 16 августда қабул қилинган Конституция амал қилади.

Давлат бошлиғи - Президент. У аҳолини 80% ни ташкил этувчи грек жамоаси томонидан сайланади. Вице-президент турк жамоаси томонидан сайланади. Уларнинг ваколат муддати 5 йил.

Парламенти - Вакиллар палатаси, 80 та депутатдан иборат. Уларнинг 56 таси грек жамоаси, 24 таси турк жамоаси томонидан сайланади. 1963 йил декабрдан бошлаб турк жамоаси сайловда иштирок этмаяпти.

Ижро ҳокимияти Президент ва вице-президент томонидан амалга оширилади. Улар ҳукумат - Министрлар Кенгашини тайинлайди ва уни бошқаради. Турк жамоаси ҳукуматда иштирок этмайди.