Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

ИСЛАНДИЯ

(Исландия Республикаси) - Атлантик океанининг шимолий қисмида жойлашган давлат. Пойтахти Рейкьявик шаҳри. 17 июн 1944 йилда мустақиллиги эълон қилинган.

Маъмурий бўлиниши: 23 округга (сисла) бўлинган, округлар обшиналарга бўлинади.

17 июн 1944 йилдан Конституция амал қилади. Давлат бошлиғи - президент, у умумий тўғри сайлов асосида 4 йилга сайланади. Сайловни муҳим хусусияти шундаки, президентликка амалдаги президентдан бошқа номзод бўлмаса сайлов ўтказилмайди. 1992 йилда бошқа номзод бўлмаганлиги учун сайлов ўтказилмаган. Бундай ҳолда амалдаги президент ваколат муддати яна 4 йилга узайтирилади.

Қонунчилик органи дунёдаги энг кўҳна органлардан бўлиб у - Альтинг деб аталади. Альтинг юқори ва қуйи палатадан иборат. Юқори палата 21, қуйи палата 42 депутатдан иборат. Ҳар икки палата депутатлари пропорционал тизимда, умумий ва тўғри сайлов асосида 4 йилга сайланади. Палаталарнинг қўшма мажлиси Бирлашган Альтингни ташкил этади.

Ижро ҳокимияти президент ва у томонидан тайинланадиган ҳукумат томонидан амалга оширилади, ҳукумат Маҳкама деб аталиб парламент олдида жавобгар.

8 судьядан иборат ва президент томонидан тайинланадиган Олий суд - мамлакатда Олий суд инстанцияси ҳисобланади. Мамлакат ҳудуди 34 суд округига бўлинган бўлиб, судьялар жиноят ва фуқаролик ишларини якка бошчилик асосида ҳал қилади. Савдо ва денгиз ишлари, меҳнат низолари бўйича ҳам махсус судлар мавжуд. Олий суд судьяларидан ташқари барча судлар Адлия вазири томонидан тайинланади.