Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

ДОҒИСТОН

(Доғистон Республикаси) - 1994 йилнинг 26 июлида Конституциявий Мажлис томонидан қабул қилинган Д. Конституциясига кўра - Д. барча кўп миллатли халқини манфаатларини ва хоҳиш-истакларини ифодаловчи, Россия федерацияси таркибидаги суверен, ягона, демократик давлат. Конституцияга кўра Д. ва Д. Республикаси деб номланиши бир хил маънога эга. Конституцияда ёзилишича Д. Республикаси халқнинг тенг ҳуқуқли бирлигига асосланади. Д. ягона ва бўлинмас бўлиб, барча Д. ликларнинг Ватани бўлиб ҳисобланади. Д. халқларини биргаликдаги тинч ҳаётини бузишга қаратилган ҳаракатлар конституцияга зид бўлиб ҳисобланади. Д. давлат тили рус тили ҳамда Д. халқларининг тили бўлиб ҳисобланади (Д. Конституциянинг 10-моддаси). Пойтахти - Махачқала шаҳри.

Д. даги конституциявий тузум асослари РФ Конституцияси қоидаларидан келиб чиқади. Аммо Д. Конституциясининг баъзи бир жойларида РФ Конституциясидан фарқ қиладиган жойлари бор. Масалан, Д. Конституцияси (11-модда) Д. ҳудудидан четда яшаётган ўз ватандошларига Д. фуқаролигини бериш ҳуқуқини киритган. Д. лик ватандошларнинг Д. фуқаролигини қабул қилиши РФ фуқаролигини қабул қилинишига олиб келмайди, чунки у РФ қонунчилигида кўзда тутилмаган. Демак Д. ўз фуқаролигига чет элликларни қабул қилган бўлиб қолади. Чет элликларни РФ фуқаролигига қабул қилиш РФ ваколатига киради. Д. Республикасини бунга ҳуқуқи йўқ.

Д. Конституциясининг 14-моддасига кўра ер, тупроқ, ички сувлар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, ўрмон, каспий денгизининг континенталь шельфи ресурслари, денгиз иқтисодий зоналари Д. халқининг мулкидир. РФ конституциясига кўра эса юқоридагиларнинг барчасига эгалик қилиш РФ ваколатига киради. Шундай қилиб, Д. Конституцияси РФ нинг ваколатларига қарши чиққан.

Д. Конституциясининг 65-моддасида Д. нинг суверен ҳуқуқ ва манфаатларига зид бўлган федерал қонун ва ҳуқуқий актларнинг амал қилиниши Д. ҳудудида тўхтатиб қўйилади, - деб ёзилган. Бу актларга ўрнатилган қонуний тартибда норозилик билдириш мумкин. Аммо Д. Республикасининг РФ актларига қарши чиқиш ҳуқуқи йўқ.

Д. да Конституциявий Мажлис (КМ) Доғистоннинг янги Конституциясини қабул қилиш учун Давлат Кенгашини (ДК) шакллантириш ва уни таркибига ўзгартириш киритиш учун чиқарилади. Конституциявий Мажлис шунингдек Давлат Кенгаши Раисини лавозимдан тушириши (агар у ўз қасамёдини бузса, Д. Конституцияси ва қонунларига хилоф иш юритса), Халқ Мажлисини (ХМ) тарқатиб юбориши ва янги сайловлар ўтказишни тайинлаш ҳуқуқига эга. Конституциявий Мажлиснинг таркиби Д. парламентининг депутатлари ва маъмурий-ҳудудий тузилмалар вакилларидан иборат. Улар ҳар бир ҳудуддан парламент депутатлари сонига пропорционал равишда маҳаллий ўз ўзини бошқариш органларини вакилларидан иборатдир. Конституциявий Мажлисни фақат Парламент чақиради.

Д. нинг вакиллик ва қонун чиқарувчи олий ҳокимият органи Халқ Мажлиси, яъни Д. парламентидир. Халқ Мажлиси тўғридан-тўғри умумий сайлов асосида 4 йил муддатга сайланади ва 121 депутатдан иборат. Халқ Мажлиси қуйидаги ваколатларга эга: Д. Конституциясининг 1,2,10 бобларидан ташқари бошқа барча бобларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиши; Д. Қонунларини қабул қилиш ва уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш; Давлат Кенгаши билан ҳамкорликда Д. нинг ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаб олиш; Д. чегараларини тасдиқлаш, унинг маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларини ҳал этиш; Д. ҳукумати Раиси лавозимига тайинланиш учун розилик бериш; Конституциявий Суд, Олий суд, Олий ҳакам (Арбитраж) суди шаҳар ва район судларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш; Д. Прокурорини лавозимига тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш; Ҳисоб палатаси раисини, унинг ёрдамчисини ва аудиторларни, Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакилни лавозимига тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш; Давлат Кенгаши Раиси ва аъзоларини лавозимидан тушириш учун уларга қарши айбловларни илгари суриш; Д. Ҳукуматига ишончсизлик билдириш масаласини ҳал этиш; Д. давлат бюджетини тасдиқлаш ва унинг бажарилиши бўйича ҳисобот бериш, Д. республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурини қабул қилиш; Д. халқларини миллий ривожлантириш, миллатлараро муносабатлар масалаларини кўриб чиқиш; Конституциявий судни чақириш ва ҳоказо.

Давлат Кенгаши ижроия ҳокимиятга бошчилик қилади ва Д. давлат ҳокимияти органларини ўзаро бирдамлигини таъминлайди. Давлат Кенгаши 14 кишидан иборат бўлиб, улар Конституциявий Мажлисни шакллантиради. Давлат Кенгаши таркибига, давлат Кенгаши Раиси; Доғистон Ҳукуматининг Раиси эса Давлат Кенгаши Раиси ўринбосари ва республика аҳолисини кўп миллатли эканлиги ҳисобга олиниб, Конституциявий Мажлис таркибидаги бошқа шахслар киради. Давлат Кенгаши таркибига бир миллат вакилидан фақат битта аъзо сайланиши мумкин. Давлат Кенгаши таркибига кирган шахслар, халқ Мажлиси депутатлари, Д. Ҳукумати аъзоси, Д. Олий судининг судьялари бўла олмайдилар. Улар ўз ваколатларини бажариш чоғида, бирон бир партия ёки ташкилот аъзоси бўлишдан сақланиб турадилар.

Давлат Кенгаши 4 йил муддатга сайланади. Бу муддат тугашига 30 кун қолганда, Конституциявий Мажлис чақирилади. Агар бу даврда Халқ Мажлис ваколати тугашига уч ой муддатдан кам қолган бўлса, янги Халқ Мажлисини шакллантиришга 30 кун қолганда сайловлар бўлиб ўтади. Бу даврда Давлат Кенгаши ваколатлари сақланиб қолади.

Давлат Кенгаши Конституцияга риоя қилинишининг, республика ҳудудининг ягоналигини, қонунийлик ва тартиботнинг, халқларнинг тенглигининг, инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг, Д. номидан тузилган шартнома ва келишувларга риоя қилинишининг кафолати бўлиб ҳисобланади. Давлат Кенгаши Халқ Мажлиси билан ҳамкорликда Д. нинг ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаб беради, Халқ Мажлиси билан келишган ҳолда Д. Ҳукуматининг Раисини тайинлайди; Ҳукумат Раисининг таклифига кўра Доғистон Ҳукуматини шакллантиради, уларнинг таркибига ўзгартиришлар киритади; Халқ Мажлисига республика судларига судьяларни тайинлаш бўйича ўз номзодларини тақдим этади, Д. Прокурори лавозимига номзодни таклиф қилади; Д. Ҳукуматини ва ҳукумат аъзоларини истеъфосини қабул қилади; Ҳукумат Раисини таклифига кўра республика ижроия ҳокимият органларини тизими ва тузилишини тасдиқлайди; Д. ҳудудининг барчасида ёки унинг маълум бир қисмида фавқулодда ҳолат эълон қилиши ва фармоннинг Халқ Мажлисига тақдим қилиши, у эса бу фармонни тасдиқлаши лозим; референдумларни тайинлайди; миллий, ҳудудий, давлатлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солишни таъминлайди ва ҳоказо.

Давлат Кенгаши Раиси республика бошлиғи бўлиб ҳисобланади. Давлат Кенгашининг Раиси бўлиб, 35 ёшдан кам бўлмаган ва Доғистонда 10 йилдан кам яшамаган Д. фуқароси сайланиши мумкин.

Давлат Кенгаши Раиси Давлат Кенгаши фаолиятига раҳбарлик қилади, Доғистонни мамлакат ичида ва халқаро муносабатларда тақдим қилади, шартномаларни имзолайди, Д. нинг қонунларини имзолайди ва эълон қилади, Давлат Кенгашини қарорлари ва фармонларини имзолайди, фармойишлар чиқаради, Халқ Мажлисига ҳар йил республикадаги аҳвол тўғрисида маълумот беради, халқаро ва ташқи, ички сиёсатнинг энг муҳимлари ҳақида парламентга ахборот беради ва бошқа шу каби ваколатларни амалга оширади.

Д. ҳукумати давлат ҳокимиятини ижро ва фармойиш берувчи органи бўлиб ҳисобланади. Д. ҳукумати Халқ Мажлиси ва Давлат Кенгаши олдида масъулдирлар. Янги тузилган Ҳукумат Давлат Кенгашида кўриб чиқилиши учун ўз ваколати тугашигача бўлган муддатгача фаолият олиб бориш дастурини тақдим этади.

Д. Конституциясининг 112 моддасига кўра Д. да суд тизимини Конституциявий Суд, Олий Суд, Олий Ҳакам (Арбитраж) Суди, район, шаҳар судлари ташкил этади.

Конституциявий Суд конституциявий тузумни ҳимоя қилиш бўйича Олий суд органи бўлиб ҳисобланади. Уларнинг аъзоси 5 кишидан иборат. Уларнинг ваколатига қуйидагилар киради: республика қонунларининг, Давлат Кенгаши, Халқ Мажлиси ва Д. Ҳукумати чиқарган норматив-ҳуқуқий актларнинг, Д. нинг кучга киритилмаган шартномаларини, маъмурий-ҳудудий бирлашмаларни низомларини, шаҳар ва район маъмурияти ва вакиллик ҳокимият органларини норматив актларини қонуний эканлигини кўриб чиқиш; Д. давлат ҳокимияти органлари ўртасидаги ваколатларни тақсимланиши бўйича келиб чиққан низоларни кўриб чиқиш; Д. қонунларини қонунийлигини текшириш; Д. Конституциясини шарҳлаш; Д. Конституцияси ва қонунларини РФ Конституцияси ва қонунларига мос келиши тўғрисида хулосалар бериш; Д. Давлат Кенгаши Раисининг лавозимига лойиқлиги тўғрисида хулосалар бериш ва ҳоказо.

Д. да маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органлари–маҳаллий маъмуриятларга маҳаллий миқёсда референдумлар ўтказиш ва шу каби бевосита демократия шаклларидан фойдаланиш ваколати берилади.