Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

ДЕПУТАТ

аҳоли томонидан давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи ва бошқа вакиллик органлари ёхуд маҳаллий вакиллик органлари, фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органларига сайланган шахс бўлиб, у ўз сайловчиларини, бутун халқнинг манфаатини ифода этади.

Депутатлар ҳудудий сайлов округи ёки сайлов бирлашмалари рўйхати бўйича сайланиши мумкин. Маҳаллий вакиллик органларига депутат бўлиб 18 ёшга етган фуқаролар сайланиши мумкин. ЎзР Конституциясида таъкидланишича 25 ёшга етган Ўзбекистон фуқаролари Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига депутатлигига сайланиш ҳуқуқига эга.

Депутатлар ўзлари сайланган органлар орқали давлат ҳокимиятини амалга оширишда иштирок этадилар. ЎзР Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ва Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг депутатлари қонун чиқариш ҳокимиятини амалга оширишда, яъни қонун лойиҳаларини тайёрлашда, уларни қўмита ва комиссиялар ҳамда сессия мажлисларида муҳокама қилишда, қонунларни қабул қилишда қатнашадилар.

Ҳар бир депутат ўз депутатлик фаолияти даврида ўзини депутатликка номзод этиб кўрсатган сиёсий партиялар, ҳокимият вакиллик органлари сайловчилар билан доимий равишда алоқа боғлаб турадилар, тегишли ҳокимият вакиллик органида уларнинг манфаатларини ифода этадилар, сайловчилар олдида масъулдирлар.

Депутатлар тегишли ҳокимият вакиллик органини, бу орган тузадиган қўмиталар ва комиссияларнинг ишида фаол иштирок этишни таъминлайдиган барча ҳуқуқларга эга. Ҳокимият вакиллик органи депутатнинг ўз иши тўғрисидаги, қабул қилинган қарорлар ва ўзига берилган топшириқларни қандай бажараётганлиги ҳақидаги ахборотларни тинглашга ҳақли.

«ЎзР Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, депутатлар:

– Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасининг сайлаш ва сайланишга;

– палата мажлисида қараб чиқилиши учун масалалар таклиф этишга;

– мажлисда муҳокама қилинаётган масалаларни кўриб чиқиш тартиби ва уларнинг моҳияти юзасидан таклифлар киритиш ва мулоҳазалар билдиришга;

– қарор лойиҳалари ва уларга тузатиш киритиш учун таклиф билдиришга;

– палата сайлаб қўядиган, тайинланадиган ёки тасдиқлайдиган мансабдор шахсларнинг номзодлари хусусида ўз фикрини билдиришга;

– музокараларда қатнашишга, парламент сўрови билан мурожаат қилишга, маърузачи ва раислик қилувчига саволлар беришга;

– ўз таклифларини асослаб бериш учун сўзга чиқишга ва овоз бериш сабаблари хусусида изоҳ беришга;

– Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ижро этилишини, тегишли вакиллик органи қарорларининг бажарилишини текшириш ҳақида кўриб чиқиш учун масалалар таклиф этишга ҳақлидирлар.

«ЎзР Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақомида депутатларнинг сайлов округидаги фаолияти ва ҳуқуқлари батафсил кўрсатилган. Унга кўра, депутатлар сайлов округида ўз ваколатларини амалга ошириш учун тегишли ҳокимият вакиллик органи назорати остидаги ташкилотларда ўз сайлов округидаги фуқароларнинг муҳим манфаатларига тааллуқли бўлган ҳар қандай масала кўриб чиқилиши чоғида иштирок этиш, округ сайловчилари билан йиғилишлар, меҳнат жамоалари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, сиёсий партияларнинг бошланғич ташкилотлари билан учрашувлар ўтказиш ҳуқуқига эгадирлар. Депутат ўз депутатлик фаолиятига доир масалалар юзасидан матбуот органларида чиқиш, радио ва телевидение орқали сўзлаш борасида имтиёзли ҳуқуққа эга.

Бундан ташқари, депутат ўз сайлов округида аҳолини тегишли ҳокимият вакиллик органининг иши тўғрисида мунтазам хабардор қилиб туриши; қонунларнинг ва ҳокимият вакиллик органларининг қарорларини бажарилишини ташкил этиш ҳамда назорат қилишда иштирок этиши; жамоатчилик фикрини, аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини ўрганиши, булар ҳақида тегишли давлат ҳокимият органларига хабар бериши, тегишли қонунлар ва қарорлар лойиҳаларини тайёрлаш чоғида ўз таклифларини киритиши лозим.

Депутатларнинг ўз сайловчиларидан тушган таклиф, ариза ва шикоятларини кўриб чиқиши, уларни ўз вақтида ҳал этиш чораларини кўриши, фуқароларни мунтазам равишда қабул қилиб туриши, сайловчилар олдида вақти-вақти билан ҳисоб бериб туриши қонунда кўрсатилган.

Давлатлардаги мавжуд тузумдан келиб чиққан ҳолда депутатлар императив (мажбурий) ва умумий (эркин) мандатга эгадирлар. Императив мандатга кўра сайловчилар ўз депутатларига бажарилиши шарт бўлган топшириқлар бера оладилар. Улар ишончни оқламаган депутатларни муддатидан олдин вазифасидан чақириб олишлари мумкин.

Умумий (эркин) мандатга кўра, депутат ўз номидан чиқиш қилар экан, ўзини сайлаган сайловчиларнигина манфаатини ҳимоя қилмасдан, мамлакатнинг барча фуқаролари манфаатларини ифода этади. Эркин мандатга эга депутатлар ўз сайловчиларининг топшириғига боғланиб қолмайдилар, улар олдида ҳисоб бермайдилар, сайловчилар депутатни муддатидан олдин вазифасидан чақириб олиш имкониятига эга бўлмайдилар. Чунки депутат сайловчиларнинг алоҳида гуруҳининг эмас, балки бутун халқнинг, бутун миллатнинг вакили ҳисобланади. Масалан, Италияда «парламентнинг ҳар бир аъзоси бутун миллатнинг вакили ҳисобланади ва ўз вазифаларини мажбурий мандатсиз бажаради» (Конституциянинг 67-моддаси).

Ривожланган демократик мамлакатларнинг Конституциялари эркин мандатни мустаҳкамлаб қўяди, депутатнинг эркинлигини чеклаган ва унинг сайловчилар томонидан чақириб олинишини ҳимоя қилади.

Депутат гувоҳнома ва махсус кўкрак нишонига эга бўлиб, уларнинг намуналари давлатнинг махсус органлари томонидан тасдиқланган бўлади.