Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

ВАТИКАН

(Ватикан шаҳар - давлат) - Рим ҳудудида жойлашган давлат, Рим католик черкови бошлиғи - Рим Папасининг қароргоҳи. Суверенитети 1929 йил 11 февралда Италия ва Папа Тахти ўртасида тузилган Латеран шартномасига биноан эътироф этилган.

Теократик монархия бўлиб, унинг бошлиғи Рим Папаси кардиналлар ҳайъати томонидан яширин овоз бериш орқали умрбод тайинланади. Кардиналларни, ўз навбатида, Папа умрбод тайинлайди. Папалар тарихи Авлиё Пётрдан (эрамизнинг I асри, 67 йилда вафот этган) бошланган. Ҳисоб бўйича 1978 й. 16 октябрда сайланган Папа Иоанн - Павел II икки юз олтмиш тўртинчи Папа бўлган эди. У 2005 й. апрелгача, яъни ҳаётининг охирги кунигача раҳбарлик қилди. 2005 йил 23 апрелида Янги икки юз олтмиш бешинчи Рим Папаси Бенедикт XVI Муқаддас Тахтга ўтирди (сайланди). Тантанали интронизация маросимида унга Епископ митраси (тожи) кийдирилди. Шу вақтдан бошлаб у ўз вазифасини бажаришга киришди. Папани сайлаш 80 ёшга тўлмаган кардиналлар ҳайъатининг мажлиси - кардиналлар жумласидан бўлган конклав томонидан амалга оширилади. Сайланиш учун овозларнинг камида учдан икки қисмини олиш зарур. Қоида тариқасида, Папа сайлови бир неча турда ўтади.

Конституция ўрнига В. шаҳар давлатининг 1929 йил 7 июнда қабул қилинган Конституциявий ҳужжатлари ва 1967 йил 15 августда қабул қилинган “Апостоллик конституцияси” ўтади. “Апостоллик конституцияси” Папа ҳокимиятининг марказий органларини ислоҳ қилишни назарда тутган бўлиб, у 1968 йил 1 мартда кучга кирган.

Рим-католик черковининг Бутун Жаҳон йиғини, Кардиналлар ҳайъати ва Епископлар синоди олий маслаҳатлашув органлари ҳисобланади.

Давлат котиби бош вазир вазифаларини бажаради. Маъмурий бошқарувни 9 та конгрегация (диний идора), 3 та трибунал, 12 та папа комиссияси ва бошқа идоралардан иборат Рим курияси амалга оширади.