Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

БРАЗИЛИЯ

(Бразилия Федератив Республикаси) - Жанубий Америкадаги давлат. 1500 йилдан эътиборан Португалия мустамлакаси. Мустақиллиги 1822 йилда эълон қилинган. Пойтахти - Бразилиа шаҳри.

Давлат тузилиши шакли - учта собиқ федерал ҳудудни ва битта федерал пойтахт округини қўшган ҳолда 26 штатдан иборат федератив давлат. Конституцияси Иттифоқ ваколатига, Иттифоқ, штатлар ва муниципалитетларнинг биргаликдаги ваколатига кирадиган масалаларни, шунингдек штатларнинг қолган ваколатларини назарда тутади. Ҳар бир штат ўз конституциясига, қонунчилик мажлисига, губернатор бошчилигидаги ҳукуматига, суд тизимига эга. Федерал ҳудудлар маслаҳатлашув вазифаларига эга бўлган ҳудудий палатага, маъмурияти ва суд органларига эга. Уларнинг ваколатлари штатларнинг ваколатларидан камроқ ҳажмда. Муниципал кенгашлар ва префектлар томонидан бошқариладиган муниципалитетлар етарлича мустақилликка эга.

Бошқарув шакли - республика. Амалдаги Конституция Таъсис (Конституциявий) Мажлиси томонидан жамоатчилик ва чет эллик экспертлар иштирокида ишлаб чиқилган ҳамда ҳарбийларнинг 21 йиллик (1964-1985 йиллар) авторитар бошқарувидан кейин 1988 йилда қабул қилинган. Унга 1994 йилда тузатишлар киритилган. Конституция ҳокимиятлар бўлиниши принципини мустаҳкамлайди ва Президентнинг кенг ваколатларини назарда тутади.

Давлат бошлиғи - Президент умумий овоз бериш орқали 4 йил муддатга сайланади. Бир вақтнинг ўзида вице-президент сайланади. Агар биринчи турда ҳеч бир номзод мутлақ кўпчилик овозни ололмаган бўлса, иккинчи тур ўтказилиши мумкин. Президент иккинчи муддатга сайланиши мумкин эмас.

Президент қабул қилинаётган қонунларга вето қўйиш, федерал вазирларни тайинлаш ва уларни вазифасидан озод қилиш, кейинчалик Конгрессни хабардор қилган ҳолда халқаро шартномалар ва битимларни имзолаш, қамал ҳолатини ва федерал аралашувни (штатларда амалда президент бошқарувини) жорий этиш ҳуқуқига эга.

Президент ҳузурида маслаҳатлашув органлари - Республика кенгаши ва Миллий мудофаа кенгаши фаолият кўрсатади. Республика кенгаши таркибига лавозимига кўра вице-президент, иккала палата раислари, парламентдаги кўпчиликнинг ва муҳолифатнинг етакчилари, адлия вазири, шунингдек 35 ёшдан ошган олти нафар Бразилия фуқароси киради. Миллий мудофаа кенгаши таркибига вице-президентдан, Конгресс палаталарининг раисларидан ташқари адлия, режалаштириш, ташқи алоқалар вазирлари, ҳарбий вазирлар кирадилар. Биринчи орган демократик институтларни барқарорлаштириш масалалари бўйича, иккинчиси - миллий хавфсизлик ва мудофаа масалалари бўйича хулосалар беради. Президент мудофаа, қамал ҳолати ёки федерал аралашувни жорий этиш зарур бўлганда иккала кенгашдан хулосалар сўраб олишга ҳақлидир.

Президент Конституцияга мувофиқ ҳокимиятнинг бошқа органларига тегишли бўлган ваколатларни ўзлаштириб олган тақдирда, қонунларни бажармаганлик, фуқароларнинг шахсий ва ижтимоий ҳуқуқларига тажовуз қилганлик учун импичментга дучор этилиши мумкин.

Қонун чиқарувчи ҳокимият - Миллий конгресс икки палатадан иборат. Федерал Сенат 8 йилга сайланадиган 81 сенаторни ўз ичига олади, бунда ҳар бир штатдан ва федерал округдан учтадан сенатор сайланади. Юқори палата ҳар тўрт йилда - аввалига учдан бир қисми, сўнгра учдан икки қисми янгиланади. Депутатлар палатаси умумий овоз бериш орқали 4 йил муддатга сайланадиган 513 депутатдан иборат. Бунда депутатлар ҳар бир штатдан аҳоли сонига мутаносиб равишда, шунингдек ҳар бир федерал ҳудуддан 3 тадан сайланади. Қуйи палата депутатларини сайлаш учун мутаносиб тизим қўлланилади.

Қонун лойиҳаларини депутатлар ёки Президентнинг одатдаги қонунчилик ташаббуси тартибидагина эмас, балки энг камида бешта штат вакиллари бўлган миллий сайлов корпусининг камида юздан бир қисми томонидан Депутатлар палатасига киритиладиган халқ ташаббуси тартибида кўриб чиқиш Миллий конгрессдаги қонунчилик жараёнининг ўзига хос хусусияти ҳисобланади.

Бразилия парламентининг назорат қилишга оид вазифалари Президент томонидан тақдим этиладиган бюджетни муҳокама этиш ва қабул қилишда, ҳокимиятнинг ҳукумат органлари, шунингдек маъмурий-идора қилиш ваколатларига эга бўлган бошқа ҳокимият органларининг қонунийлиги ва самарадорлиги устидан назорат қилишда ифодаланади. Назоратга оид ваколатларни амалга ошириш учун Миллий конгресс ҳузурида Ҳисоб трибунали ташкил этилган бўлиб, у аниқланган бузилишлар ҳақида парламентга хабар қилиб туради ва маъмурий жазо бериш ҳуқуқига эга.

Миллий конгресс Президент ва вице-президентга мамлакатни 15 кундан ортиқ муддат тарк этишга рухсатнома беради. У шунингдек халқаро шартномалар ва битимларни ратификация қилади, референдумлар ва бошқа тарздаги умумхалқ овозга қўйишларини ўтказишга рухсат беради.

Суд федерал тизими конституциявий назорат вазифаларини ҳамда олий мансабдор шахсларнинг жиноятлари тўғрисидаги ишларни кўришда биринчи инстанция суди вазифасини бажарадиган Федерал Олий суддан, шунингдек Олий одил судлов трибуналидан иборат. Шунингдек, бошқа вазифалар қатори апелляция вазифаларини ҳам бажарадиган федерал минтақавий трибуналлар ҳам фаолият кўрсатади. Фуқаролик ва жиноят ишларини федерал судьялар кўриб чиқади. Меҳнат низолари ва бошқа муҳим ишлар бўйича ихтисослаштирилган трибуналлар ва судьялар, шунингдек сайлов трибуналлари бор.