Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

БОШҚИРДИСТОН

Россия Федерацияси таркибидаги республика. Конституцияси 1993 йил 24 декабрда қабул қилинган. Пойтахти - Уфа шаҳри.

Конституцияга кўра, Б. республикасининг бутун кўп миллатли халқининг иродаси ва манфаатларини ифодаловчи суверен демократик ҳуқуқий давлат (1-модда). Шу билан бирга Конституциянинг 69-моддасида айтиладики, Б. бошқирд миллатининг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини рўёбга чиқариш натижасида ташкил этилган бўлиб, республиканинг бутун кўп миллатли халқи манфаатларини ҳимоя қилади. Б. давлат суверенитети унинг дахлсиз сифат ҳолатидир ва бу мавжуд чегаралар доирасида унинг бутун ҳудудига нисбатан татбиқ этилади. Давлатнинг «Бошқирдистон Республикаси» ва «Бошқирдистон» деган номлари бир маънони англатади.

Б. Давлат Мажлиси - Қурултойи Б.нинг олий вакиллик ва ягона қонун чиқарувчи органи ҳисобланади. Давлат Мажлиси икки палатадан: Вакиллар палатаси ва Қонун чиқарувчи палатадан иборат. Айни бир шахс иккала палатанинг депутати бўлиши мумкин эмас. Давлат Мажлисининг ваколат муддати - 4 йил.

Давлат Мажлисининг палаталари алоҳида-алоҳида ишлайди. Қонун чиқарувчи палата Б.нинг доимий ишловчи қонунчилик органидир (Конституциянинг 85-моддаси). Қонун чиқарувчи палата депутатлари профессионал доимий асосда ишлайдилар. Вакиллик палатаси мажлислари заруратга қараб, лекин йилига камида тўрт марта ўтказилади. Вакиллар палатаси депутатлари депутатлик ваколатларини амалга ошириш вақтида хизмат ёки ишлаб чиқариш вазифаларини бажаришдан озод қилинадилар.

Б. Президенти давлат бошлиғи ҳисобланади. У инсон ва фуқаро ҳуқуқлари ва эркинликларининг, Б. Конституцияси ва қонунларига, шунингдек халқаро шартномалари ва битимларига риоя этилишининг кафили бўлиб, Б.нинг давлат суверенитетини, иқтисодий ва сиёсий манфаатларини ҳимоя қилади. Президент Бошқирдистон ичида ва халқаро муносабатларда унинг номидан вакиллик қилувчи олий мансабдор шахс ҳисобланади.

Президент умумий сайлов орқали 5 йил муддатга сайланади. Камида 35 ёшга тўлган ва 65 ёшдан ошмаган, сайлов ҳуқуқига эга бўлган, Б. ҳудудида камида 10 йил яшаган ҳамда бошқирд ва рус тилларини биладиган Б. фуқароси Президент этиб сайланиши мумкин.

Б. Президентининг энг муҳим ҳуқуқлари қуйидагилардан иборат: у қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга; Б. қонунларини имзолайди ва эълон қилади; вето ҳуқуқига эга; йилига камида бир марта республикадаги аҳвол ҳақида Давлат Мажлисига маъруза тақдим этади; Б. халқига ва Давлат Мажлисига мактублар билан мурожаат этади; Давлат Мажлисининг розилиги билан Б. бош вазирини, бош вазир тақдимномаси бўйича - Вазирлар Маҳкамасининг қолган аъзоларини тайинлайди, Вазирлар Маҳкамаси фаолиятига раҳбарлик қилади, Давлат Мажлисининг розилиги билан Вазирлар Маҳкамасининг истеъфосини қабул қилади; мустақил равишда ёки Б. Конституциявий судининг хулосаси асосида РФ давлат органлари ҳужжатларининг Б. ҳудудида амал қилишига эътироз билдиради ва амал қилишини тўхтатиб қўяди; Б. судларининг раислари лавозимига номзодларни, Б. Прокурори лавозимига тайинлаш учун номзодни Давлат Мажлисига тақдим этади; Б. Миллий банки раисини тайинлайди; Б. Хавфсизлик кенгашини тузади ва унга бошчилик қилади; туманлар ва шаҳарлар маъмурияти раҳбарларини тайинлайди ва вазифасидан озод қилади, уларнинг қарорлари ва фармойишларини бекор қилади ва ҳ.к.

Б. Вазирлар Маҳкамаси - Ҳукумати ижро этувчи ҳокимият органи бўлиб, Давлат Мажлиси ва Президентга ҳисоб беради. Янги тузилган Вазирлар Маҳкамаси Президент ва Давлат Мажлиси кўриб чиқишига ўз ваколатлари муддати учун бўлғуси фаолият дастурини тақдим этади. Вазирлар Маҳкамаси йилига камида бир марта ўз иши тўғрисида Давлат Мажлиси олдида ҳисоб беради. Давлат Мажлиси Вазирлар Маҳкамасига ишончсизлик билдириш тўғрисида қарор қабул қилгани тақдирда, Президент Вазирлар Маҳкамасининг истеъфоси ҳақида қарор чиқариш орқали Ҳукуматни тарқатиб юборади (Б. Конституциясининг 102-моддаси).

Б. Конституциясида маҳаллий давлат ҳокимияти ва маҳаллий ўзини ўзи бошқаришга татбиқан “маҳаллий ҳокимият” тушунчаси қўлланилади. Маҳаллий давлат бошқаруви тизими туманлар ва республика бўйсунувидаги шаҳарларда маҳаллий ҳокимият вакиллик органи ва маҳаллий маъмурият тимсолида амал қилади. Маҳаллий ўзини ўзи бошқариш фуқаролар томонидан тўғридан-тўғри хоҳиш-иродасини билдириш шакллари (референдумлар, йиғилишлар, йиғинлар) орқали, шунингдек маҳаллий ўзини ўзи бошқаришнинг сайлаб қўйиладиган ва бошқа органлари орқали амалга оширилади.

Б.да Олий суд, Олий Ҳакамлик суди ва маҳаллий судлар мавжуд. Конституцияга мувофиқ Конституциявий суд ташкил этилган. Қонунларга риоя этилиши устидан назоратни Б. прокуратураси амалга оширади. Дастлабки терговни амалга ошириш учун Конституцияга биноан Б. Тергов қўмитаси тузилади (145-модда).