Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

АФҒОНИСТОН

(Афғонистон Ислом давлати) - Марказий Осиёдаги давлат. 1913 йил 19 августда мустақилликка эришган. Пойтахти - Қабул шаҳри.

Маъмурий жиҳатдан А. 31 та вилоятга бўлинган.

Бошқарув шаклига кўра А. - ислом республикаси (1964 йилги Конституция бўйича - конституциявий монархия, 1973 йилда ағдариб ташланган). 1992 йил 28 апрелгача Афғонистон Республикасининг 1987 йил 30 ноябрда қабул қилинган Конституцияси амалда бўлган.

А. конституциявий тузуми 1979-1989 йиллардаги уруш ва ўзаро адоватда бўлган сиёсий-этник гуруҳлар ўртасидаги жанговар ҳаракатлар жараёнида амалда тугатилган.

1987 йилги Конституция бўйича икки палатали парламент - Миллий кенгаш қонун чиқарувчи орган бўлиб, у 1988 йил апрель ойида 5 йиллик муддатга сайланган ва 1992 йил май ойида тарқатиб юборилган Вакиллар палатаси ва Сенатдан иборат эди. Янги маъмурлар томонидан 1993 йил январь ойида 205 депутатдан иборат таркибдаги янги парламент чақирилган.

Ижро этувчи ҳокимиятни коалиция ҳукумати амалга оширади.

Мамлакатда ҳарбий қарама-қаршилик давом этаётгани сабабли бутун мамлакат учун умумий бўлган қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият органлари амалда мавжуд эмас.