А | Б | В | Г | Д | Е | Ё | Ж | З | И | К | Л | М | Н | О | П | Р | С | Т | У | Ф | Х | Ц | Ч | Ш | Щ | Ы | Э | Ю | Я | Ў | Қ | Ғ | Ҳ | #
A | B | C | D | E | F | G | H | I | J | K | L | M | N | O | P | Q | R | S | T | U | V | W | X | Y | Z | #

давлатнинг демократик белгиларидан бири сифатида Конституцияда ва 1991 йил 18 ноябрида қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги қонунда ўз ифодасини топган. Мазкур қонун 2001 йил 29 августда янги таҳрирда қабул қилинди. Референдум - жамият ва давлат ишларини бошқаришда халқ иштирокининг олий шакли. ЎзР Конституциясининг 9-моддасида «жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари халқ муҳокамасига тақдим этилади, умумий овозга (референдумга) қўйилади. Референдум ўтказиш тартиби қонун билан белгиланади» - деб ёзиб қўйилган. Р. да иштирок этаётган фуқаро ижтимоий ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан овоз бериш йўли билан ўз эркини ифодалайди.

Демак, жамият ва давлат ривожининг энг муҳим масалаларини ҳал этиш фуқаролар ихтиёрига ҳавола этилади.

ЎзР нинг Референдум тўғрисидаги қонунига кўра, ЎзР фуқаролари референдумда ихтиёрий тарзда ва бевосита иштирок этадилар. (5-модда)

Р. да 18 ёшга етган Ўзбекистон фуқароси тенг ҳуқуқда иштирок этадилар. Ҳар бир фуқаро шахсан овоз беради ва бир овозга эга бўлади.

Р. да овоз бериш яширин ўтказилади, фуқароларнинг ўз хоҳиш - иродаларини иқрор этишларини назорат қилишига йўл қўйилмайди. ЎзР Р. да суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар шунингдек, озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётганлар қатнашиш ҳуқуқига эга эмаслар.

ЎзР Р. га ЎзР Конституциясини қабул қилиш масаласи қўйилиши мумкин.

Р. ни тайёрлаш ва уни ўтказиш давомида кенг ошкоралик, жамоатчиликни кенг иштироки таъминланади.

Р. тўғрисидаги қонуннинг 2 - моддасида Р. предметига кирмайдиган масалалар ҳам кўрсатилган. Жумладан, республиканинг ҳудудий бутунлигини ўзгартириш тўғрисидаги, ЎзР нинг Давлат бюджети ва солиқлар тўғрисидаги, амнистия ва афв этиш тўғрисидаги, жамоат тартибини, аҳолини хавфсизлиги ва сиҳат-саломатлигини таъминлаш бўйича фавқулодда ва шошилинч чора-тадбирлар тўғрисидаги, ЎзР тузган халқаро шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажарилиши тўғрисидаги масалалар, шунингдек мансабдор шахсларни тайинлаш ва озод этиш билан боғлиқ масалалар ЎзР Р. га қўйилиши мумкин эмас.

Р. ни тайёрлаш ва уни ўтказиш чоғида ошкоралик ва очиқлик алоҳида аҳамият касб этади. Қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган сиёсий партиялар, касаба уюшмалари, оммавий ҳаракатлар, Р. ни ташкил қилишда ва уни ўтказишда қатнашаётган давлат ва жамоат идоралари ўз фаолиятларини очиқ ва ошкора амалга оширадилар.

Р. ни ўтказиш бўйича комиссия ўзларининг таркиби, манзилгоҳи ва иш вақтидан, овоз бериш участкаларининг ташкил этилганлигидан ва референдумда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг рўйхатидан аҳолини ўз вақтида воқиф этади.

Р. комиссияларининг мажлисларида, шунингдек овоз бериш вақтида ва овозларни ҳисоблаб чиқиш чоғида, Р. нинг натижаларини аниқлаш пайтида сиёсий ва ўзга жамоат ташкилотлари ва оммавий ҳаракатларнинг, меҳнат жамоаларининг, фуқаролар йиғилишларининг, шунингдек оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ҳозир бўлишга ҳақлидирлар. Комиссияларнинг мажлисларида ёки овоз бериш участкаларида ҳозир бўлган шахслар ўзларини ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатига эга бўлишлари керак. Манфаатдор ташкилотлар ўз вакилларини юбориш ҳақида хабарни Р. ни ўтказувчи округ комиссияларига референдум ўтказилишига ўн беш кун қолгунга қадар юборишлари керак.

Р. ни ўтказиш бўйича тузилган комиссия манфаатдор ташкилотлардан Р. да референдумни ўтишини кузатиш учун ўз вакилларини юбориш тўғрисидаги таклифларини олгандан сўнг беш кун ичида ЎзР Марказий сайлов комиссияси томонидан ўрнатилган намуна бўйича уларга мандат топширадилар.

Бошқа давлатлардан ва халқаро ташкилотлардан келган кузатувчиларга мандат ЎзР Марказий сайлов комиссияси томонидан берилади.

ЎзР нинг референдум тўғрисидаги қонуннинг 9-моддасига мувофиқ кузатувчилар қуйидаги ҳуқуқга эгадирлар: 1) Р. ўтказиш бўйича округ ва участка комиссияларининг мажлисларида қатнашиши, 2) Р. участкасига келиб тайёргарлик ишларини, овоз бериш учун қўйилган яшчикларни жойлашувини, унга қўйилган муҳрни кўздан кечириши, фуқароларга тарқатилаётган бюллетенларни текшириш; 3) Р. ўтказиш бўйича участка комиссияларини овозларини ҳисоблашида ва баённома тузишида иштирок этиши, 4) Р. ўтказиш бўйича комиссия томонидан тасдиқланган овоз бериш натижалари тўғрисидаги баённомани сўраши ва олиши ва ҳакозо.

Кузатувчиларга қуйидагилар тақиқланади. 1) овоз берувчи овоз бериш хонасида бюллетенга ўз қайдини қилаётганда овоз бериш хонасига ёки кабинетига кириши; 2) овоз берувчига ўз таъсирини ўтказиш, тарғибот материаллари ва адабиётларни тарқатиш, 3) овоз берувчилардан қандай овоз берганлиги ёки уларга овоз беришда бюллетенга қайд қилишда ёрдам бериш; 4) Р. ўтказиш бўйича участка комиссияси фаолиятига аралашиш, жумладан, овоз бериш учун қўйилган яшчикларни муҳрлашда, уни муҳрини очишда ва овозларни санаш ва ҳакозо.

ЎзР Р. ни ўтказиш ташаббуси билан ЎзР фуқаролари, ЎзР Олий Мажлиси, ЎзР Президенти чиқиши мумкин. Улар Р. ўтказиш тўғрисидаги ташаббус билан чиқишида тенг ҳуқуққа эгадирлар.

Р. да иштирок этиш ҳуқуқига эга ЎзР нинг ҳар бир фуқароси ёки фуқаролар гуруҳи Р. ўтказиш тўғрисидаги ташаббусни қўллаб-қувватлаш учун юз кишидан кам бўлмаган кишилар иштирокида ташаббускор гуруҳни тузишлари мумкин.

Фуқароларнинг ташаббускор гуруҳининг вакили ЎзР нинг Марказий сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат қилиб, гуруҳни рўйхатдан ўтказишни илтимос қилади. Аризага қуйидагилар қўшимча қилинади:

- паспортининг номери ва серияси, турар жойи, туғилган санаси, фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилган ҳолда фуқароларнинг ташаббускор гуруҳи аъзоларининг рўйхати;

- қонунда ўрнатилган тартибда расмийлаштирилган фуқароларнинг ташаббускор гуруҳини вакилини тайинлаш тўғрисидаги мажлис қарори ва вакилга берилган ишонч қоғози;

- р. ўтказиш ташаббуси илгари сурилганлиги тўғрисида қабул қилинган қарор кўрсатилган фуқаролар ташаббускор гуруҳи мажлисининг баённомаси;

- фуқаролар ташаббускор гуруҳининг р. га киритилган таклифи бўйича масалани кўрсатиш.

Фуқароларнинг ташаббускорлар гуруҳини рўйхатдан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилингандан сўнг унинг вакилига Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома берилади.

ЎзР Марказий сайлов комиссияси томонидан фуқароларнинг ташаббускорлар гуруҳини рўйхатдан ўтказиш, рад қилишга, унинг сабабларини уларга ёзма равишда кўрсатиб берадилар.

Фуқароларнинг ташаббускор гуруҳи р. ни ўтказиш учун ташаббусни қўллаб-қувватлаши учун аъзоларни тўплаш фақат унинг вакили томонидан рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномани олгандан сўнг бошланади. Бунда фуқароларнинг илгари тўпланган имзолари ҳисобга олинмайди. Фуқароларнинг ташаббускор гуруҳини рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги гувоҳнома уч ой мобайнида ҳақиқий ҳисобланади. Имзоларни тўплаш бўйича харажат учун фуқароларнинг ташаббускор гуруҳи масъулдирлар.

Имзо варақаларининг шакли ЎзР Марказий сайлов комиссияси томонидан ўрнатилади. Имзо варақасида р. га киритиладиган масала ўз аксини топган бўлиши керак.

Фуқароларнинг имзосини тўплаш уларнинг иш, хизмат ва турар жойларида, шунингдек имзоларни тўплаш қонун билан тақиқланмаган бошқа жойларда ҳам амалга оширилади. Бунда имзо тўпловчи шахс томонидан фуқароларни имзо қўйишга мажбурлаш ва имзоларни сотиб олиш тақиқланади.

Имзолар тўплаб бўлингандан сўнг имзо варақалари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича алоҳида тикилиб, ҳамда фуқаролар ташаббускор гуруҳининг вакили томонидан ЎзР Марказий сайлов комиссиясига юборилади.

Ҳужжатларни топширган шахсга Марказий сайлов комиссияси ҳужжатларни қабул қилиб олганлиги ҳақидаги маълумотномани беради. Маълумотномада ҳужжатни қабул қилинган вақти ва санаси кўрсатилади.

ЎзР Марказий сайлов комиссияси ҳужжатларни ўрнатилган тартибга мос келишини текшириб, ҳужжатлар келиб тушган кундан бошлаб ўн кун ичида ўз хулосасини ЎзР Олий Мажлисига юборади ва бу ҳақда ЎзР Президентига ахборот беради.

Р. ЎзР Олий Мажлиси томонидан тайинланади.

Агар Р. ни ўтказиш бўйича Президент ташаббус билан чиқса, у ЎзР Олий Мажлисига мурожаат қилади ёки р. ўтказиш тўғрисидаги ўз қарорини қабул қилади.

Олий Мажлиснинг р. ўтказиш тўғрисидаги қарори қабул қилингандан сўнг, бу ҳақда оммавий ахборот воситаларида хабар берилади. Ундан сўнг ўн кун ичида р. га киритилган қонун ёки қарор лойиҳаси матбуотда эълон қилинади.

Р. ни тайёрлаш ва уни ўтказиш харажатлари ЎзР нинг давлат маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва ЎзР фуқаролари р. ўтказиш учун ўз маблағларини кўнгилли равишда беришлари мумкин. Бу маблағлар Марказий сайлов комиссияси томонидан қабул қилиниб, р. ни тайёрлаш ва уни ўтказиш учун сарф қилинади.

ЎзР нинг р. тўғрисидаги қонунни бузган шахслар ўрнатилган тартибда жавобгар бўладилар.

Конституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

Ушбу нашр давлат-ҳуқуқий атамаларининг энциклопедик луғатидир. У Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари билан бойитилган энг замонавий Конституциявий сўз бойлигини ўз ичига олади. Луғатда, шунингдек ўтган йилларда қўлланилиб келинган конституциявий-ҳуқуқий атамалар ҳам ўз аксини топди. Юридик ҳужжатларга кирган атамалар билан бир қаторда конституциявий ҳуқуқ фани ва унга туташ фанларнинг аксари қоидалари ҳамда сиёсатшунослик, жамиятшунослик ва бошқа фанларнинг ҳуқуқда қўлланиладиган атамаларига изоҳлар берилди.

Луғат турли даражадаги депутатлар, марказий ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари девонларининг ходимлари ҳамда ҳуқуқшунослик, сиёсатшунослик, фалсафа ва бошқа ижтимоий соҳалар бўйича ўқув юртларининг талабалари, аспирантлари ва ўқитувчилари ҳамда давлат ва ҳуқуқ муаммолари билан қизиқувчи кенг китобхонлар учун мўлжалланган.

Муаллифлар жамоаси:

Мустафоев Бўритош - Биринчи даражали Давлат Адлия маслаҳатчиси

Халилов Эркин Хамдамович - юридик фанлар доктори, профессор

Абдусаломов Мирзоулуғбек Элчиевич - юридик фанлар номзоди

Бозоров Узоқ - юридик фанлар номзоди

Файзиев Мириной Мирзаахмедович - профессор

Одилқориев Ходжимурод Тўхтамуродович - профессор

Хусанов Озод Тиллабович - профессор

Тўлаганов Абдужаббор - профессор

Мамадалиев Шавкат Олмасбаевич - фалсафа фанлари доктори

Тультеев Ильёс Тавасович - доцент

Муҳамедов Ўткирбек Ҳазратқулович - доцент

Авезов Ҳабибулла Қутлимуродович, сиёсатшунос.

Конституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат. Масъул муҳаррир ва муаллифлар жамоасининг раҳбари Б. Мустафоев - Тошкент: «Ўзбекистон нашриёти», 2006 йил. - 584 бет.

ISВN   978-9943-332-00-3    ББК 67,400(5У) я2

724-2006

© Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, 2006

 

© Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш маркази