А | Б | В | Г | Д | Е | Ё | Ж | З | И | К | Л | М | Н | О | П | Р | С | Т | У | Ф | Х | Ц | Ч | Ш | Щ | Ы | Э | Ю | Я | Ў | Қ | Ғ | Ҳ | #
A | B | C | D | E | F | G | H | I | J | K | L | M | N | O | P | Q | R | S | T | U | V | W | X | Y | Z | #

фуқаролик, жиноий ва маъмурий суд ишларини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг олий органи.

Қонунга мувофиқ, ЎзР Олий суди Қорақалпоғистон Республикаси олий судлари, вилоят, шаҳар, туманлараро, туман судлари ва ҳарбий судларнинг судлов фаолияти устидан назорат олиб бориш ҳуқуқига эга.

ЎзР Олий суди ишларни биринчи инстанция суди сифатида ва назорат тартибида кўради. У ўзи биринчи инстанция сифатида кўрган ишларни апелляция ёки кассация тартибида шикоят бериш (протест билдириш) ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг хоҳишига кўра апелляция ёки кассация тартибида кўриши мумкин. Апелляция тартибида кўрилган иш кассация тартибида кўрилмаслиги керак.

ЎзР Олий суди ЎзР Олий суди Пленумининг тушунтиришлари судлар томонидан бажарилишини назорат қилади.

ЎзР Олий суди раис, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари, судлов ҳайъатлари раислари, ЎзР Олий суди судьяларидан иборат бўлиб, қуйидаги таркибда иш олиб боради: ЎзР Олий суди Пленуми; Ўзбекистон Олий суд Раёсати; Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати; Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати; Ҳарбий ҳайъат.

ЎзР Олий суди Пленуми энг юқори судлов инстанцияси бўлиб, ЎзР Олий суди судьялари ва Қорақалпоғистон Республикаси олий судларининг раисларидан иборат таркибда иш олиб боради.

ЎзР Олий суди Пленумининг мажлисларида ЎзР Бош прокурори қатнашади. ЎзР Олий суди Пленумининг мажлисларида ЎзР Конституциявий суди раиси, Олий хўжалик суди раиси, адлия вазири, судьялар, ЎзР Олий суди ҳузуридаги илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари иштирок этиши мумкин.

ЎзР Олий суди Пленуми тўрт ойда камида бир марта чақирилади. Муҳокама қилинадиган умумий масалаларга доир ҳужжатлар лойиҳалари ЎзР Олий суди Пленумининг аъзоларига, ЎзР Бош прокурорига мажлисдан йигирма кун илгари юборилади.

ЎзР Олий суди Пленуми Пленум аъзоларининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлган тақдирда ваколатли ҳисобланади. ЎзР Олий суди Пленуми: суд амалиётини умумлаштириш масалаларини кўриб чиқади ва қонун ҳужжатларини қўллаш масалалари бўйича тушунтиришлар беради; ЎзР Олий суди раисининг тақдимномасига биноан ЎзР Олий суди ҳузуридаги илмий-маслаҳат кенгаши таркибини тасдиқлайди; ЎзР Олий суди раисининг тақдимномаларига биноан ЎзР Олий суди Раёсатининг таркибини, судлов ҳайъатларининг таркиби ва раисларини, шунингдек ЎзР Олий суди Пленумининг котибини тасдиқлайди; ЎзР Олий суди Раёсатининг иши тўғрисидаги ахборотни, шунингдек судлов ҳайъатларининг фаолияти ҳақидаги маърузаларни тинглайди; Қорақалпоғистон Республикаси олий судлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, ЎзР Ҳарбий суди раисларининг қонун ҳужжатларини қўллаш амалиёти тўғрисидаги, шунингдек ЎзР Олий суди Пленумининг қонун ҳужжатларини қўллаш масалалари бўйича тушунтиришларини бажариш тўғрисидаги маърузаларини тинглайди; ЎзР Олий суди матбуот органининг таҳрир ҳайъати таркибини тасдиқлайди; ЎзР Олий суди Пленуми ва Раёсати регламентини тасдиқлайди; қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

ЎзР Олий суди Пленумининг муайян суд ишлари бўйича қарори қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради ва қонунда назарда тутилган тартибда ижро этилади.

ЎзР Олий суди Пленумининг қарори ЎзР Олий суди раиси ва ЎзР Олий суди Пленумининг котиби томонидан имзоланади.

Муайян суд ишларини ҳал этиш билан боғлиқ бўлмаган, ЎзР Олий суди раиси ёки ЎзР Бош прокурори томонидан ЎзР Олий суди Пленуми муҳокамасига киритилган масалалар тегишинча уларнинг маърузалари ёки улар ваколат берган шахсларнинг маърузалари бўйича тингланади. Ушбу масалаларнинг муҳокамасида ЎзР Олий суди Пленумининг мажлисига таклиф қилинган шахслар иштирок этиши мумкин.

ЎзР Олий суди Пленумининг қарори мажлисда иштирок этаётган ЎзР Олий суди Пленуми аъзоларининг кўпчилик овози билан очиқ овоз бериш орқали қабул қилинади ва қабул қилинган пайтдан бошлаб кучга киради.

Қонун ҳужжатларини қўллаш масалалари бўйича ЎзР Олий суди Пленумининг тушунтиришлари судлар, ушбу тушунтиришлар берилган қонун ҳужжатларини қўллаётган бошқа органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар учун мажбурийдир.

ЎзР Олий суди Раёсати ЎзР Олий суди судьяларидан ЎзР Олий суди Пленуми томонидан белгиланадиган миқдорда тузилади.

ЎзР Олий суди раиси, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари ЎзР Олий суди Раёсати таркибига лавозим бўйича кирадилар.

ЎзР Олий суди Раёсатининг мажлислари ҳар ойда камида бир марта ўтказилади ва ЎзР Олий суди Раёсати аъзоларининг кўпчилиги ҳозир бўлган тақдирда ваколатли ҳисобланади.

ЎзР Олий суди Раёсати: ишларни назорат тартибида кўради; суд амалиётини умумлаштириш натижаларини кўриб чиқади; Қорақалпоғистон Республикаси олий судлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, ЎзР Ҳарбий суди раисларининг шу судлар фаолияти тўғрисидаги ва қонун ҳужжатларини қўллаш амалиёти тўғрисидаги маърузаларини тинглайди; ЎзР Олий суди судлов ҳайъатлари ва аппаратининг ишини ташкил этиш масалаларини кўриб чиқади; қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

Конституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

Ушбу нашр давлат-ҳуқуқий атамаларининг энциклопедик луғатидир. У Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари билан бойитилган энг замонавий Конституциявий сўз бойлигини ўз ичига олади. Луғатда, шунингдек ўтган йилларда қўлланилиб келинган конституциявий-ҳуқуқий атамалар ҳам ўз аксини топди. Юридик ҳужжатларга кирган атамалар билан бир қаторда конституциявий ҳуқуқ фани ва унга туташ фанларнинг аксари қоидалари ҳамда сиёсатшунослик, жамиятшунослик ва бошқа фанларнинг ҳуқуқда қўлланиладиган атамаларига изоҳлар берилди.

Луғат турли даражадаги депутатлар, марказий ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари девонларининг ходимлари ҳамда ҳуқуқшунослик, сиёсатшунослик, фалсафа ва бошқа ижтимоий соҳалар бўйича ўқув юртларининг талабалари, аспирантлари ва ўқитувчилари ҳамда давлат ва ҳуқуқ муаммолари билан қизиқувчи кенг китобхонлар учун мўлжалланган.

Муаллифлар жамоаси:

Мустафоев Бўритош - Биринчи даражали Давлат Адлия маслаҳатчиси

Халилов Эркин Хамдамович - юридик фанлар доктори, профессор

Абдусаломов Мирзоулуғбек Элчиевич - юридик фанлар номзоди

Бозоров Узоқ - юридик фанлар номзоди

Файзиев Мириной Мирзаахмедович - профессор

Одилқориев Ходжимурод Тўхтамуродович - профессор

Хусанов Озод Тиллабович - профессор

Тўлаганов Абдужаббор - профессор

Мамадалиев Шавкат Олмасбаевич - фалсафа фанлари доктори

Тультеев Ильёс Тавасович - доцент

Муҳамедов Ўткирбек Ҳазратқулович - доцент

Авезов Ҳабибулла Қутлимуродович, сиёсатшунос.

Конституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат. Масъул муҳаррир ва муаллифлар жамоасининг раҳбари Б. Мустафоев - Тошкент: «Ўзбекистон нашриёти», 2006 йил. - 584 бет.

ISВN   978-9943-332-00-3    ББК 67,400(5У) я2

724-2006

© Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, 2006

 

© Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш маркази