А | Б | В | Г | Д | Е | Ё | Ж | З | И | К | Л | М | Н | О | П | Р | С | Т | У | Ф | Х | Ц | Ч | Ш | Щ | Ы | Э | Ю | Я | Ў | Қ | Ғ | Ҳ | #
A | B | C | D | E | F | G | H | I | J | K | L | M | N | O | P | Q | R | S | T | U | V | W | X | Y | Z | #

ЎзР Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикасининг ҳукумати ҳисобланади. Ўзбекистон Конституциясининг 98-моддасига ва 2003 йил 29 августда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги (янги таҳрирда) қонунга асосан ЎзР да иқтисодиётнинг, ижтимоий ва маданий соҳанинг самарали фаолиятига раҳбарликни, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, ЎзР Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари ижросини таъминловчи ижро этувчи ҳокимият органидир.

ЎзР Вазирлар Маҳкамаси давлат бошқаруви ва ўзи ташкил этадиган хўжалик бошқаруви органлари тизимига бошчилик қилади, уларнинг ҳамжиҳатлик билан фаолият кўрсатишини таъминлайди.

В.М. ўз фаолиятида ЎзР Президенти ва ЎзР Олий Мажлиси олдида жавобгардир. В.М. нинг таркиби ЎзР Президенти томонидан шакллантирилади. ЎзР Бош вазирининг номзоди ЎзР Президенти тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари томонидан кўриб чиқилади ва тасдиқланади. В.М. нинг аъзолари ЎзР Бош вазири тақдимига биноан ЎзР Президенти томонидан тасдиқланади. ЎзР Бош вазири В.М. фаолиятини ташкил этади ва унга раҳбарлик қилади, унинг самарадорлик билан ишлаши учун шахсан жавобгар бўлади, В.М. нинг мажлисларига раислик қилади, унинг қарорларини имзолайди, ЎзР Президентининг топшириғига биноан халқаро муносабатларда ЎзР В.М. номидан иш кўради, ЎзР қонунларида, Президентнинг фармонлари, қарорлари ва фармойишларида назарда тутилган бошқа вазифаларни бажаради. ЎзР Президенти Конституциянинг 88-модаси ва 93-моддасига асосланган ҳолда В.М. мажлисларида раислик қилишга, В.М. ваколатига кирувчи вазифалар юзасидан қарор қабул қилишга, шунингдек, В.М. қарорлари ва фармонларини, ЎзР Бош вазири фармойишларини бекор қилишга ҳақли. В.М. янги сайланган ЎзР Олий Мажлиси олдида ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилади. 2003 йил 29 августда қабул қилинган янги таҳрирдаги «Ўзбекистон Республикаси В.М. тўғрисида»ги қонуннинг 5 - моддасида В.М. нинг иқтисодий ва ижтимоий - маданий ривожланиш соҳасидаги асосий ваколатлари кўрсатилган. В.М. бу соҳалар бўйича қуйидаги вазифаларни бажаради: иқтисодий, ижтимоий - маданий жараёнларини бошқаради, мулкчиликнинг барча шаклларини уйғунлаштиради, бозор иқтисодиётнинг ҳуқуқий механизмини ишга солади, эркин тадбиркорлик учун шарт - шароитлар яратади, хўжалик юритишнинг янги шакллари - концернлар, консорциумлар, тармоқлараро бирлашмалар, турли уюшмалар ва бошқа шунга ўхшаш ташкилотларни барпо этишга ва мустаҳкамлашга ёрдамлашади, иқтисодиётни ривожлантириш ва аҳоли талаб-эҳтиёжларини қондириш заруриятидан келиб чиққан ҳолда улар фаолиятини йўналтиради ва мувофиқлаштиради;

ЎзР да пул ва кредит тизимини мустаҳкамлаш чора - тадбирларини амалга оширишга кўмаклашиш, ягона нарх сиёсатини ўтказиш, меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорининг белгиланган кафолатларини ҳамда ижтимоий таъминот даражасини таъминлаш чора - тадбирларини ишлаб чиқади ва амалга оширади. ЎзР да Давлат бюджетини, шунингдек, ЎзР ни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш истиқболлари кўрсатгичларини ва энг муҳим дастурларини ишлаб чиқишни ҳамда уларнинг ижросини ташкил этади;

Бошқарув тузилмасини такомиллаштириш тўғрисида, вазирликлар, давлат қўмиталари, нодавлат ҳамда ЎзР давлат ва ҳўжалик бошқарувининг бошқа органларини тузиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тўғрисида таклифлар ишлаб чиқади;

фан ва техникани ривожлантириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш чора - тадбирларини амалга оширади;

фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, уларнинг меҳнат қилишга, ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимояланишга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш чора - тадбирларини кўради, ижтимоий таъминот тизимини ташкиллаштиради;

соғлиқни сақлаш, халқ таълимини ривожлантириш, ташкиллаштиришнинг асосий йўналишларини белгилайди, маданиятни ривожлантиришга кўмаклашади;

ЎзР нинг давлат хавфсизлиги ва мудофаа қобилиятини, давлат чегаралари қўриқланишини таъминлаш, давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, жамоат тартибини сақлаш, чегара - тадбирларини амалга оширишга ёрдамлашади;

Давлат бошқарув органларининг табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини биргаликда ўтказиш ҳамда республика ва халқаро аҳамиятга молик йирик экологик дастурларни амалга ошириш борасидаги ишларни мувофиқлаштиради, йирик авариялар ва фалокатларнинг, шунингдек, табиий офатларнинг оқибатларини тугатиш чора- тадбирларини кўради;

ЎзР нинг хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардаги вакиллигини таъминлайди, ҳукуматлараро шартнома ва битимлар тузади, уларни бажариш чора-тадбирларини кўради;

Ташқи иқтисодий фаолият, илмий - техникавий ва маданий ҳамкорлик соҳасида раҳбарликни амалга оширади.

Янги шакллантирилган В.М. Республика Президенти билан келишилган ҳолда ЎзР Олий Мажлисига кўриб чиқишлари учун ўз ваколатлари давридаги фаолияти дастурини тақдим этади.

В.М. ЎзР нинг иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришнинг асосий йўналишларини, ЎзР Давлат бюджетининг асосий кўрсатгичлари ва унга киритиладиган ўзгартиришларни ишлаб чиқади ҳамда уларни ЎзР да Олий Мажлиси кўриб чиқиши учун тақдим этади. В.М. ЎзР Олий Мажлиси палаталари қўмиталарининг ҳуқуқий фаолияти масалаларига доир тавсиялари ва таклифларини кўриб чиқади ҳамда улар юзасидан чора-тадбирлар кўради. Тавсиялар ва таклифларни кўриб чиқиш натижалари ҳақида ҳамда кўрилган чора-тадбирлар тўғрисида В.М. ЎзР Олий Мажлис палаталарининг тегишли қўмиталарига келишилган муддатда маълум қилади.

В.М. ўз ваколатлари доирасида: -ҳудудларнинг иқтисодий ва ижтимоий-маданий ривожлантирилишини таъминлаш билан боғлиқ масалаларда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг В.М. томонидан ҳал этилиши талаб қилинадиган масалаларга доир таклифларни кўриб чиқади, В.М. қарорлари ва фармойишларининг бажарилиш жараёнини назорат қилади.

В.М. ўз ваколатига кирувчи масалалар юзасидан нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик қилади ва қонун ҳужжатларига мувофиқ уларга зарур кўмак кўрсатади.

В.М. ўзини ваколатларига кирадиган масалаларини ўз мажлисларида ҳал қилади. В.М. нинг мажлислари йилнинг ҳар чорагида камида бир марта ўтказилади. Бу мажлисларни Бош Вазир ўтказади. Республика Президенти В.М. нинг мажлисларида раислик қилишга ҳақли.

Бош Вазир В.М. фаолиятини ташкил этади ва унга раҳбарлик қилади ҳамда унинг самарали ишлаши учун шахсан жавоб беради. Бош Вазир: Республика Президенти билан келишилган ҳолда Бош Вазирнинг ўринбосарлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди; В.М. нинг мажлисларида раислик қилади; В.М. нинг қарорларини имзолайди; Республика Президентининг ташрифига биноан халқаро муносабатларда В.М. номидан иш кўради ҳамда ҳукуматлараро шартномалар ва битимларини имзолайди;

Бош Вазир ўз ваколатларига кирувчи масалалар юзасидан фармойишлар чиқаради. У В.М. нинг иши тўғрисида Ўзбекистон Президентига мунтазам равишда ахборот бериб боради. Бош Вазир йўқлигида унинг вазифасини Бош Вазир ўринбосарларидан бири бажаради.

Бош Вазирнинг ўринбосарлари вазифалар тақсимотига мувофиқ ўзлари раҳбарлик қилаётган тармоқлардаги ишларнинг аҳволи учун жавоб берадилар. В.М. нинг аъзолари эса ўзларига топширилган фаолият соҳаси учун жавоб берадилар.

В.М. нинг аъзолари илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланишлари мумкин эмас.

Бош Вазир ва унинг ўринбосарларидан иборат таркибдаги В.М. нинг Раёсати В.М. нинг доимий органи сифатида фаолият кўрсатади. Бош Вазирнинг қарорига биноан В.М. Раёсатининг таркибига ЎзР Ҳукуматининг бошқа аъзолари ҳам киритилиши мумкин.

В.М. доимий комиссиялар тузади ва уларнинг вазифалари, ваколатлари ҳамда фаолият тартибини белгилайди. Давлат ва хўжалик бошқарувининг айрим масалалари бўйича таклифлар тайёрлайди. В.М. нинг айрим топшириқларини бажариш учун В.М. нинг муваққат комиссиялари ва бошқа ишчи органлари тузилиши мумкин.

В.М. қонун ҳужжатларига мувофиқ ЎзР нинг бошқа ҳудудида барча органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбур бўлган қарорлар ҳамда фармойишлар қабул қилади.

В.М. нинг норматив тусдаги ёки ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳужжатлари В.М. нинг қарорлари шаклида қабул қилинади.

В.М. нинг тезкор ва бошқа жорий масалалар бўйича қарорлари В.М. нинг фармойишлари шаклида қабул қилинади. В.М. нинг қарорлари ва фармойишлари Бош Вазир томонидан имзоланади.

ЎзР нинг Президенти ЎзР Конституциясининг 89-моддаси ва 93-моддасига асосланган ҳолда В.М. ваколатига кирувчи масалалар юзасидан қарорлар қабул қилишга, В.М. қарорлари ва фармойишларини ҳамда Бош Вазир фармойишларини бекор қилишга ҳақли.

В.М. қарорлари ва фармойишлари, агар уларда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлмаса, имзоланган кундан бошлаб кучга киради.

В.М. ўзи қабул қилган қарорларнинг бажарилиши устидан бевосита ёки вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ҳамда давлат ва хўжалик бошқарувининг бошқа органлари орқали назоратни амалга оширади. В.М. нинг норматив тусдаги қарорлари ЎзР ҳукумати қарорлари тўпламида эълон қилади кенг оммага дарҳол етказиш зарур бўлган тақдирда эса оммавий ахборот воситалари орқали маълум қилинади.

В.М. ва унинг Раёсати мажлисларга тайёргарлик кўриш, тегишли қарорлар лойиҳаларини, таҳлилий ахборот ва бошқа материалларни тайёрлаш, В.М. қарорларининг бажарилишини мунтазам равишда текшириб бориш учун В.М. нинг девони фаолият кўрсатади.

В.М. нинг девони, асосий таркибий бўлинмалари раҳбарлари ЎзР Президенти билан келишилган ҳолда Бош Вазир томонидан лавозимга тайинланади.

Конституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

Ушбу нашр давлат-ҳуқуқий атамаларининг энциклопедик луғатидир. У Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари билан бойитилган энг замонавий Конституциявий сўз бойлигини ўз ичига олади. Луғатда, шунингдек ўтган йилларда қўлланилиб келинган конституциявий-ҳуқуқий атамалар ҳам ўз аксини топди. Юридик ҳужжатларга кирган атамалар билан бир қаторда конституциявий ҳуқуқ фани ва унга туташ фанларнинг аксари қоидалари ҳамда сиёсатшунослик, жамиятшунослик ва бошқа фанларнинг ҳуқуқда қўлланиладиган атамаларига изоҳлар берилди.

Луғат турли даражадаги депутатлар, марказий ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари девонларининг ходимлари ҳамда ҳуқуқшунослик, сиёсатшунослик, фалсафа ва бошқа ижтимоий соҳалар бўйича ўқув юртларининг талабалари, аспирантлари ва ўқитувчилари ҳамда давлат ва ҳуқуқ муаммолари билан қизиқувчи кенг китобхонлар учун мўлжалланган.

Муаллифлар жамоаси:

Мустафоев Бўритош - Биринчи даражали Давлат Адлия маслаҳатчиси

Халилов Эркин Хамдамович - юридик фанлар доктори, профессор

Абдусаломов Мирзоулуғбек Элчиевич - юридик фанлар номзоди

Бозоров Узоқ - юридик фанлар номзоди

Файзиев Мириной Мирзаахмедович - профессор

Одилқориев Ходжимурод Тўхтамуродович - профессор

Хусанов Озод Тиллабович - профессор

Тўлаганов Абдужаббор - профессор

Мамадалиев Шавкат Олмасбаевич - фалсафа фанлари доктори

Тультеев Ильёс Тавасович - доцент

Муҳамедов Ўткирбек Ҳазратқулович - доцент

Авезов Ҳабибулла Қутлимуродович, сиёсатшунос.

Конституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат. Масъул муҳаррир ва муаллифлар жамоасининг раҳбари Б. Мустафоев - Тошкент: «Ўзбекистон нашриёти», 2006 йил. - 584 бет.

ISВN   978-9943-332-00-3    ББК 67,400(5У) я2

724-2006

© Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, 2006

 

© Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш маркази