А | Б | В | Г | Д | Е | Ё | Ж | З | И | К | Л | М | Н | О | П | Р | С | Т | У | Ф | Х | Ц | Ч | Ш | Щ | Ы | Э | Ю | Я | Ў | Қ | Ғ | Ҳ | #
A | B | C | D | E | F | G | H | I | J | K | L | M | N | O | P | Q | R | S | T | U | V | W | X | Y | Z | #

(Ўзбекистон Республикаси) - ЎзР Олий Кенгаши томонидан 1992 й. 8 декабрда қабул қилинган Конституцияга мувофиқ, суверен демократик республика. Давлатнинг “Ўзбекистон Республикаси” ва “Ўзбекистон” деган номлари бир маънони англатади. ЎзР нинг давлат тили ўзбек тилидир. Конституцияга биноан, ЎзР ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади. Пойтахти - Тошкент шаҳри.

Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир. ЎзР давлат ҳокимиятининг тизими ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади. Конституцияга биноан, ЎзР да ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланади. Ҳеч қандай мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас.

ЎзР Конституциясида илғор давлатларга хос бўлган демократик ҳуқуқ ва эркинликлар мажмуи белгиланган. Шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолатлари ЎзР Конституциясининг алоҳида бобларида мустаҳкамланган. ЎзР Конституциясининг “Жамият ва шахс” деб номланган учинчи бўлими жамиятнинг иқтисодий негизлари, жамоат бирлашмалари, оила, оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги боблардан ташкил топган.

ЎзР Конституциясига биноан, бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган ЎзР иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди. Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин.

ЎзР Олий Мажлиси (ОМ) олий давлат вакиллик органи бўлиб, қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширади. ОМ икки палатадан - Қонунчилик палатаси (қуйи палата) ва Сенатдан (юқори палата) иборат. ОМ Қонунчилик палатаси ва Сенати ваколат муддати - беш йил. Қонунчилик палатаси ҳудудий сайлов округлари бўйича кўппартиявийлик асосида сайланадиган 120 депутатдан иборат. ОМ Сенати ҳудудий вакиллик палатаси бўлиб, Сенат аъзоларидан (сенаторлардан) иборат. Сенат аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида мазкур депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда - олти кишидан сайланади. Сенатнинг ўн олти нафар аъзоси фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли фуқаролар орасидан ЎзР Президенти томонидан тайинланади. Сайлов куни 25 ёшга тўлган ҳамда камида 5 йил ЎзР ҳудудида муқим яшаётган ЎзР фуқароси Қонунчилик палатаси депутати, шунингдек Сенат аъзоси бўлиши мумкин. Айни бир шахс бир пайтнинг ўзида Қонунчилик палатаси депутати ва Сенат аъзоси бўлиши мумкин эмас.

ЎзР Конституциясида Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг биргаликдаги ҳамда мутлақ ваколатлари белгиланган. Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг биргаликдаги ваколатлари қуйидагилардан иборат: ЎзР Конституциясини қабул қилиш, унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш; ЎзР нинг конституциявий қонунларини, қонунларини қабул қилиш, уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш; ЎзР референдумини ўтказиш тўғрисида ва уни ўтказиш санасини тайинлаш ҳақида қарор қабул қилиш; ЎзР ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаш ҳамда давлат стратегик дастурларини қабул қилиш; ЎзР қонун чиқарувчи, ижро этувчи ҳамда суд ҳокимияти органларининг тизимини ва ваколатларини белгилаш; ЎзР таркибига янги давлат тузилмаларини қабул қилиш ва уларнинг ЎзР таркибидан чиқиши ҳақидаги қарорларини тасдиқлаш; бож, валюта ва кредит ишларини қонун йўли билан тартибга солиш; ЎзР Вазирлар Маҳкамасининг тақдимига биноан ЎзР нинг Давлат бюджетини қабул қилиш ва унинг ижросини назорат этиш; солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни жорий қилиш; ЎзР нинг маъмурий-ҳудудий тузилиши масалаларини қонун йўли билан тартибга солиш, чегараларини ўзгартириш; туманлар, шаҳарлар, вилоятларни ташкил этиш, тугатиш, уларнинг номини ҳамда чегараларини ўзгартириш; давлат мукофотлари ва унвонларини таъсис этиш; ЎзР Президентининг вазирликлар, давлат қўмиталари ва давлат бошқарувининг бошқа органларини тузиш ҳамда тугатиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш; ЎзР Марказий сайлов комиссиясини тузиш; ЎзР Президентининг тақдимига биноан ЎзР Бош вазири номзодини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш; ЎзР ОМ нинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ва унинг ўринбосарини сайлаш; ЎзР Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш; ЎзР Президентининг ЎзР га ҳужум қилинганда ёки тажовуздан бир-бирини мудофаа қилиш юзасидан тузилган шартнома мажбуриятларини бажариш зарурияти туғилганда уруш ҳолати эълон қилиш тўғрисидаги фармонини тасдиқлаш; ЎзР Президентининг умумий ёки қисман сафарбарлик эълон қилиш, фавқулодда ҳолат жорий этиш, унинг амал қилишини узайтириш ёки тугатиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш; халқаро шартномаларни ратификация ва денонсация қилиш ва б.

Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатларига: Қонунчилик палатаси Спикери ва унинг ўринбосарларини, қўмиталарнинг раислари ва уларнинг ўринбосарларини сайлаш; ЎзР Бош прокурорининг тақдимига биноан Қонунчилик палатаси депутатини дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисидаги масалаларни ҳал этиш; ўз фаолиятини ташкил этиш ва палатанинг ички тартиб-қоидалари билан боғлиқ масалалар юзасидан қарорлар қабул қилиш; сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаёт соҳасидаги у ёки бу масалалар юзасидан, шунингдек давлат ички ва ташқи сиёсати масалалари юзасидан қарорлар қабул қилиш киради.

Сенатнинг мутлақ ваколатларига: Сенат Раиси ва унинг ўринбосарларини, қўмиталарнинг раислари ва уларнинг ўринбосарларини сайлаш; ЎзР Президентининг тақдимига биноан ЎзР Конституциявий суди, Олий суди, Олий хўжалик судини сайлаш; ЎзР Президентининг тақдимига биноан ЎзР Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг раисини тайинлаш ҳамда уни лавозимидан озод этиш; ЎзР Президентининг ЎзР Бош прокурори ва унинг ўринбосарларини тайинлаш ҳамда уларни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш; ЎзР Президентининг ЎзР Миллий хавфсизлик хизмати раисини тайинлаш ҳамда уни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш; ЎзР Президентининг тақдимига биноан ЎзР нинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа вакилларини тайинлаш ҳамда уларни лавозимидан озод этиш; ЎзР Президентининг тақдимига биноан ЎзР Марказий банки бошқарувининг раисини тайинлаш ҳамда уни лавозимидан озод этиш; ЎзР Президентининг тақдимига биноан амнистия тўғрисидаги ҳужжатларни қабул қилиш; ЎзР Бош прокурорининг тақдимига биноан Сенат аъзосини дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисидаги масалаларни ҳал этиш; ЎзР Бош прокурори, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси, Марказий банк бошқаруви раисининг ҳисоботларини эшитиш; ўз фаолиятини ташкил этиш ва палатанинг ички тартиб-қоидалари билан боғлиқ масалалар юзасидан қарорлар қабул қилиш; сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаёт соҳасидаги у ёки бу масалалар юзасидан, шунингдек давлат ички ва ташқи сиёсати масалалари юзасидан қарорлар қабул қилиш киради.

ЎзР Президенти ЎзР да давлат ва ижро этувчи ҳокимият бошлиғи ҳисобланади. ЎзР Президенти лавозимига 35 ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил ЎзР ҳудудида муқим яшаётган ЎзР фуқароси сайланиши мумкин. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ ЎзР Президенти бўлиши мумкин эмас. ЎзР Президенти ЎзР фуқаролари томонидан умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан етти йил муддатга сайланади.

ЎзР Президенти: фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, ЎзР Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг кафилидир; ЎзР суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини муҳофаза этиш, миллий-давлат тузилиши масалаларига доир қарорларни амалга ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўради; мамлакат ичкарисида ва халқаро муносабатларда ЎзР номидан иш кўради; музокаралар олиб боради ҳамда ЎзР нинг шартнома ва битимларини имзолайди, республика томонидан тузилган шартномаларга, битимларга ва унинг қабул қилинган мажбуриятларига риоя этилишини таъминлайди; ўз ҳузурида аккредитациядан ўтган дипломатик ҳамда бошқа вакилларнинг ишонч ва чақирув ёрлиқларини қабул қилади; ЎзР нинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа вакилларини тайинлаш учун номзодларни ОМ Сенатига тақдим этади; ЎзР ОМ га ҳар йили мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг, ички ва ташқи сиёсатининг энг муҳим масалалари юзасидан маърузалар тақдим этади; ижро этувчи ҳокимият девонини тузади ва унга раҳбарлик қилади; республика олий ҳокимият ва бошқарув органларининг баҳамжиҳат ишлашини таъминлайди; вазирликлар, давлат қўмиталари ҳамда давлат бошқарувининг бошқа органларини тузади ва тугатади, шу масалаларга доир фармонларни кейинчалик ОМ палаталари тасдиғига киритади; Сенат Раиси лавозимига сайлаш учун номзодни ОМ Сенатига тақдим этади; ОМ палаталари кўриб чиқиши ва тасдиқлаши учун ЎзР Бош вазири номзодини тақдим этади ва уни лавозимидан озод қилади; ЎзР Бош вазирининг тақдимига биноан ЎзР Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини тасдиқлайди ва лавозимларидан озод қилади; ЎзР Бош прокурори ва унинг ўринбосарларини тайинлайди ҳамда уларни лавозимидан озод қилади, кейинчалик бу масалаларни ОМ Сенати тасдиғига киритади; ОМ Сенатига Конституциявий суд раиси ва судьялари, Олий суд раиси ва судьялари, Олий хўжалик суди раиси ва судьялари, ЎзР Марказий банки бошқарувининг раиси, ЎзР Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг раиси лавозимларига номзодларни тақдим этади; вилоят, туманлараро, туман, шаҳар, ҳарбий ва хўжалик судларининг судьяларини тайинлайди ва лавозимларидан озод этади; вилоятлар ҳокимларини ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимини тайинлайди ва лавозимидан озод этади, кейинчалик бу масалаларни тегишли халқ депутатлари Кенгашларининг тасдиғига киритади. Конституцияни, қонунларни бузган ёки ўз шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган хатти-ҳаракат содир этган туман ва шаҳар ҳокимларини Президент ўз қарори билан лавозимидан озод этишга ҳақли; республика давлат бошқарув органларининг, шунингдек ҳокимларнинг қабул қилган ҳужжатларини тўхтатади, бекор қилади; ЎзР қонунларини имзолайди ва эълон қилади; қонунга ўз эътирозларини илова этиб, уни такроран муҳокама қилиш ва овозга қўйиш учун ОМ га қайтаришга ҳақли; ЎзР га ҳужум қилинганда ёки тажовуздан бир-бирини мудофаа қилиш юзасидан тузилган шартнома мажбуриятларини бажариш зарурияти туғилганда уруш ҳолати эълон қилади ва қабул қилган қарорини уч кун ичида ОМ палаталарининг тасдиғига киритади; фавқулодда вазиятлар (реал ташқи хавф, оммавий тартибсизликлар, йирик ҳалокат, табиий офат, эпидемиялар) юз берган тақдирда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлашни кўзлаб, ЎзР нинг бутун ҳудудида ёки унинг айрим жойларида фавқулодда ҳолат жорий этади ва қабул қилган қарорини уч кун ичида ОМ палаталари тасдиғига киритади; ЎзР Қуролли Кучларининг Олий Бош қўмондони ҳисобланади, Қуролли Кучларнинг олий қўмондонларини тайинлайди ва вазифасидан озод қилади, олий ҳарбий унвонлар беради; ЎзР нинг орденлари, медаллари ва ёрлиғи билан мукофотлайди, ЎзР нинг малакавий ва фахрий унвонларини беради; ЎзР нинг фуқаролигига ва сиёсий бошпана беришга оид масалаларни ҳал этади; амнистия тўғрисидаги ҳужжатларни қабул қилиш ҳақида ОМ Сенатига тақдимнома киритади ва ЎзР судлари томонидан ҳукм қилинган шахсларни афв этади; ЎзР Миллий хавфсизлик хизматини тузади. Миллий хавфсизлик хизмати раисини тайинлайди ва лавозимидан озод этади, кейинчалик шу масалаларга доир фармонларни ОМ Сенати тасдиғига киритади ва б.

ЎзР Президенти Конституцияга ва қонунларга асосланиб ҳамда уларни ижро этиш юзасидан республиканинг бутун ҳудудида мажбурий кучга эга бўлган фармонлар, қарорлар ва фармойишлар чиқаради.

Қонунчилик палатаси ёки Сенат таркибида уларнинг нормал фаолиятига таҳдид солувчи ҳал қилиб бўлмайдиган ихтилофлар юз берганда ёхуд улар бир неча марта ЎзР Конституциясига зид қарорлар қабул қилган тақдирда, шунингдек Қонунчилик палатаси билан Сенат ўртасида ОМ нинг нормал фаолиятига таҳдид солувчи ҳал қилиб бўлмайдиган ихтилофлар юз берганда ЎзР Президентининг ЎзР Конституциявий суди билан бамаслаҳат қабул қилган қарори асосида ОМ нинг Қонунчилик палатаси, Сенати тарқатиб юборилиши мумкин.

ЎзР Президенти бетоблиги сабабли ўз вазифасини бажара олмаслиги ОМ палаталарининг қўшма қарорига кўра тузилган давлат тиббий комиссияси хулосаси билан тасдиқланган тақдирда ўн кун муддат ичида палаталарнинг қўшма фавқулодда йиғилишида депутатлар, сенаторлар орасидан уч ойгача бўлган муддатга ЎзР Президенти вазифасини вақтинча бажарувчи сайланади. Бу ҳолда уч ой муддат ичида ЎзР Президентининг умумхалқ сайлови ўтказилиши шарт. Ваколати тугаши муносабати билан истеъфога чиққан Президент умрбод Сенат аъзоси лавозимини эгаллайди.

ЎзР Вазирлар Маҳкамаси (ВМ)нинг таркиби ЎзР Президенти томонидан шакллантирилади. ЎзР Бош вазири номзоди ЎзР Президентининг тақдимига биноан ОМ палаталари томонидан кўриб чиқилади ва тасдиқланади. ВМ аъзолари ЎзР Бош вазири тақдимига биноан ЎзР Президенти томонидан тасдиқланади.

ВМ иқтисодиётнинг, ижтимоий ва маънавий соҳанинг самарали фаолиятига раҳбарликни, ЎзР қонунлари, ОМ қарорлари, ЎзР Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари ижросини таъминлайди.

ЎзР ички тузилишининг хусусиятлари Конституциянинг “Маъмурий-ҳудудий ва давлат тузилиши” деб номланган тўртинчи бўлимида акс эттирилган. ЎзР вилоятлар, туманлар, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар, шунингдек Қорақалпоғистон Республикасидан иборат. Конституциянинг XVII боби Қорақалпоғистон Республикасига бағишланади. Унга мувофиқ, “Суверен Қорақалпоғистон Республикаси ЎзР таркибига киради” (70-модда). Қорақалпоғистон Республикасининг суверенитети ЎзР томонидан муҳофаза этилади. Қорақалпоғистон Республикаси ўз Конституциясига эга. Қорақалпоғистон Республикасининг ҳудуди ва чегаралари унинг розилигисиз ўзгартирилиши мумкин эмас. Қорақалпоғистон Республикаси ўз маъмурий-ҳудудий тузилиши масалаларини мустақил ҳал қилади. Қорақалпоғистон Республикаси ЎзР таркибидан Қорақалпоғистон халқининг умумий референдуми асосида ажралиб чиқиш ҳуқуқига эга. Қорақалпоғистон Республикаси ўз олий вакиллик органи, ҳукумати, Олий суди, Хўжалик судига эга. Қорақалпоғистон Республикаси ҳукуматининг бошлиғи ВМ таркибига киради.

Вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда (туманга бўйсунадиган шаҳарлардан, шунингдек шаҳар таркибига кирувчи туманлардан ташқари) ҳокимлар бошчилик қиладиган халқ депутатлари Кенгашлари ҳокимиятнинг вакиллик органлари бўлиб, улар давлат ва фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб ўз ваколатларига тааллуқли масалаларни ҳал этадилар. Халқ депутатлари Кенгашлари ва ҳокимларнинг ваколат муддати - 5 йил. Вакиллик ва ижроия ҳокимиятини тегишлилигига қараб вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари бошқаради. Вилоят ҳокимлари ва Тошкент ш. ҳокими ЎзР Президенти томонидан тайинланади ва лавозимидан озод қилинади ҳамда тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланади. Туман ва шаҳарларнинг ҳокимлари тегишли вилоят ҳокими томонидан тайинланади ва лавозимидан озод қилинади ҳамда тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланади. Шаҳарлардаги туманларнинг ҳокимлари тегишли шаҳар ҳокими томонидан тайинланади ва лавозимидан озод қилинади ҳамда халқ депутатлари шаҳар Кенгаши томонидан тасдиқланади. Туманларга бўйсунадиган шаҳарларнинг ҳокимлари туман ҳокими томонидан тайинланади ва лавозимидан озод қилинади ҳамда халқ депутатлари туман Кенгаши томонидан тасдиқланади.

ЎзР да суд тизими 5 йил муддатга сайланадиган ЎзР Конституциявий суди, Олий суди, Олий хўжалик суди, Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича олий судлари, хўжалик судидан, шу муддатга тайинланадиган фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича вилоят ва Тошкент ш. судлари, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари, ҳарбий ва хўжалик судларидан иборат. ЎзР Конституциявий суди қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятларнинг ҳужжатлари Конституцияга қанчалик мослигига доир ишларни кўради, ЎзР Конституцияси ва қонунлари нормаларига шарҳ беради. КС сиёсат ва ҳуқуқ соҳасидаги мутахассислар орасидан раис, унинг ўринбосари ва судьялардан, шу жумладан Қорақалпоғистон Республикасининг вакилидан иборат таркибда сайланади.

ЎзР ҳудудида қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни ЎзР Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар амалга оширади.

Конституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

Ушбу нашр давлат-ҳуқуқий атамаларининг энциклопедик луғатидир. У Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари билан бойитилган энг замонавий Конституциявий сўз бойлигини ўз ичига олади. Луғатда, шунингдек ўтган йилларда қўлланилиб келинган конституциявий-ҳуқуқий атамалар ҳам ўз аксини топди. Юридик ҳужжатларга кирган атамалар билан бир қаторда конституциявий ҳуқуқ фани ва унга туташ фанларнинг аксари қоидалари ҳамда сиёсатшунослик, жамиятшунослик ва бошқа фанларнинг ҳуқуқда қўлланиладиган атамаларига изоҳлар берилди.

Луғат турли даражадаги депутатлар, марказий ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари девонларининг ходимлари ҳамда ҳуқуқшунослик, сиёсатшунослик, фалсафа ва бошқа ижтимоий соҳалар бўйича ўқув юртларининг талабалари, аспирантлари ва ўқитувчилари ҳамда давлат ва ҳуқуқ муаммолари билан қизиқувчи кенг китобхонлар учун мўлжалланган.

Муаллифлар жамоаси:

Мустафоев Бўритош - Биринчи даражали Давлат Адлия маслаҳатчиси

Халилов Эркин Хамдамович - юридик фанлар доктори, профессор

Абдусаломов Мирзоулуғбек Элчиевич - юридик фанлар номзоди

Бозоров Узоқ - юридик фанлар номзоди

Файзиев Мириной Мирзаахмедович - профессор

Одилқориев Ходжимурод Тўхтамуродович - профессор

Хусанов Озод Тиллабович - профессор

Тўлаганов Абдужаббор - профессор

Мамадалиев Шавкат Олмасбаевич - фалсафа фанлари доктори

Тультеев Ильёс Тавасович - доцент

Муҳамедов Ўткирбек Ҳазратқулович - доцент

Авезов Ҳабибулла Қутлимуродович, сиёсатшунос.

Конституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат. Масъул муҳаррир ва муаллифлар жамоасининг раҳбари Б. Мустафоев - Тошкент: «Ўзбекистон нашриёти», 2006 йил. - 584 бет.

ISВN   978-9943-332-00-3    ББК 67,400(5У) я2

724-2006

© Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, 2006

 

© Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш маркази