Ҳужжат кучини йўқотган " " 20.07.2011
 LexUZ шарҳи
 LexUZ шарҳи
(Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2002 йил 14 июндаги 11-сонли, 2006 йил 3 февралдаги 5-сонли ва 2008 йил 15 майдаги 14-сонли қарорларига асосан киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар билан)
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми республика судларининг фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан келиб чиққан ҳолда оилани ҳар томонлама ҳимоялашга, болаларни Ватанга ва оилага садоқат руҳида ижтимоий тарбияга мос ҳолда, оила ва жамият олдида жавобгарлик ҳиссида тарбиялашга қаратилганлигини таъкидлайди.
1998 йил 1 сентябрдан амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси оилани мустаҳкамлаш, оналик, оталик ва болаликни давлат томонидан муҳофаза қилиш бўйича конституциявий нормаларга асосланган. Оилани мустаҳкамлаш, янги ижтимоий-иқтисодий шароитларда оила аъзоларининг манфаатларини қўриқлаш, вояга етмаган болалар ва меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоларини ҳимоялашнинг устунлигини назарда тутиш унинг асосий мақсадлари ҳисобланади.
Кўпчилик ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари Фуқаролик процессуал кодекси талабларига жавоб бермайди. Уларда тарафларнинг ўзаро муносабатларининг тавсифи ва ажралиш сабаблари ёритилмайди, суднинг у ёки бу далилларни эътиборга олмаслиги учун асос бўлган ҳолатлар, суд қўллаган қонунлар кўрсатилмайди. Хулоса қисмида никоҳдан ажралишни фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш органларида рўйхатдан ўтказиш учун зарур бўлган маълумотлар келтирилмайди.
2. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 40-моддаси талабига кўра, никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар судда эр ёки хотиннинг аризасига биноан даъво ишларини ҳал қилиш учун белгиланган тартибда кўрилади.
Судларга тушунтирилсинки, ФПКнинг 241-моддасидаги даъвогарнинг танлаши бўйича судловга тааллуқлилик тўғрисидаги қоидалардаги истиснолар ҳисобга олинган ҳолда никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар бўйича даъволар қоида тарзида, жавобгар доимий яшаб турган жойидаги туман (шаҳар) судида қўзғатилади (ФПКнинг 145-моддаси).
3. Оила кодексининг 39-моддасига биноан, эр хотинининг ҳомиладорлик вақтида ва бола туғилганидан кейин бир йил мобайнида хотинининг розилигисиз никоҳдан ажратиш тўғрисида иш қўзғатишга ҳақли эмас. Боланинг отаси деб қайд этилмаган ҳолларда ҳам эр бола туғилганидан кейин бир йил мобайнида хотинининг розилигисиз никоҳдан ажралиш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақли эмас. Ушбу қоида бола ўлик туғилган ёки 1 ёшгача яшамай, вафот этган ҳолларга ҳам татбиқ қилиниши лозим. Никоҳдан ажралиш тўғрисидаги ишни қўзғатиш учун хотинининг розилиги бўлмаса, суд эридан даъво аризасини қабул қилишни рад этади, агар қабул қилинган бўлса, иш юргизишни тугатади. Хотин судда иш қўзғатишдан олдин эрининг аризаси бўйича никоҳдан ажралишга розилик бериб, ишни кўришда унга қаршилик билдирса ҳам иш юргизишни тугатиш лозим бўлади. Кўрсатилган ҳолатлар хотиннинг ўзи никоҳдан ажратиш масаласини қўйишига тўсқинлик қилмайди.
4. Вояга етмаган болалари бўлмаган эр-хотин никоҳдан ажралишга ўзаро рози бўлсалар, қоида бўйича улар никоҳдан фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида ажратилади (Оила кодексининг 42-моддаси). Эр-хотин ўртасида муҳтож бўлган меҳнатга лаёқатсиз эр ёки хотинга таъминот тўлаш ҳақида ёки уларнинг биргаликдаги умумий мулкини бўлиш ҳақида низо бўлса, эр-хотин ёхуд улардан бири никоҳдан ажратиш ҳақида даъво билан судга мурожаат қилишга ҳақли.
5. Оила кодексининг 43-моддасида назарда тутилган руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги сабабли қонун билан белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар билан никоҳдан ажратиш тартибини спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик моддалари ёки психотроп моддаларни суиистеъмол қилиш натижасида муомалага лаёқатлилиги чекланган фуқаролар билан никоҳдан ажратиш ҳолатларига татбиқ қилиш мумкин эмас. Қайд этилган шахслар билан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъволар ёки бундайларнинг никоҳдан ажратиш даъволари даъво ишларини ҳал қилиш учун белгиланган тартибда ҳал қилинади.
6. Уч йилдан кам бўлган муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар билан никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар судловга тегишлилиги бўйича умумий қоидаларга риоя қилган ҳолда кўрилишини судлар назарда тутмоқлари лозим. Озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинган шахслар билан никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво ариза ФПКнинг 145-моддасига кўра суднинг иш юритишига қабул қилинадиган бўлса, бунда унинг ҳукм қилингунига қадар охирги яшаш жойидан келиб чиқиш лозим бўлади. ФПК 241-моддасининг 11-қисмига биноан уч йилдан кам бўлган муддатга озодликдан маҳрум қилинган шахслар билан никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар, даъвогарнинг хоҳишига қараб, у яшайдиган жойда кўрилади. Уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган ва Оила кодексининг 44-моддасида кўрсатилган бошқа низолари бўлмаган шахслар билан никоҳдан ажратиш Оила кодексининг 43-моддасида белгиланган тартибда амалга оширилади.
9. Оила кодексининг 43-моддасига кўра, бедарак йўқолган деб топилган шахслар билан никоҳдан ажратиш фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан амалга оширилади.
10. Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет эл фуқаролари билан тузган никоҳларидан, чет эл фуқароларининг бир-бири билан тузган никоҳларидан ажратиш, шунингдек уларнинг шахсий ва мулкий ҳуқуқий муносабатларига тегишли низоларни ҳал қилиш Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 5-бўлимида қайд этилган нормалар ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига кирган давлатлар ва бошқа давлатлар билан тузилган фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий муносабатлар ва ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги Шартнома (Конвенция)лар асосида расмийлаштирилади.
11. Никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво ариза ФПКнинг 149-моддаси талабига жавоб бериши керак. Шунингдек, унда қачон ва қаерда никоҳ расмийлаштирилганлиги, никоҳларидан фарзандлари бор-йўқлиги, уларнинг ёши, эр-хотин ўртасида фарзандларини таъминлаш ва тарбиялаш ҳақида келишув бўлган-бўлмаганлиги, никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво билан бирга кўрилиши мумкин бўлган бошқа талаблар қўйилаётганлиги ёки йўқлиги, никоҳдан ажралиш сабаблари кўрсатилган бўлиши лозим. Аризага никоҳ ҳақидаги гувоҳнома, болаларнинг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳнома нусхалари, эр-хотиннинг ойлик маоши ва ўзга даромадлари ҳақидаги ҳужжатлар ва бошқа зарур бўлган ҳужжатлар илова қилинади.
13. Ишни судда кўришга пухта тайёрлаш зарурлигига судларнинг эътибори қаратилсин. Судья томонидан ФПКнинг 160-моддасига мувофиқ олиб борилган барча тайёргарлик ҳаракатлари ажримда ўз аксини топиши шарт.
15. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 44-моддаси 2-қисмига мувофиқ, судлар ажралишаётган эр-хотинларнинг вояга етмаган фарзандларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш чораларини кўришлари керак.
16. Вояга етмаган болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш мақсадида, суд ишда аниқланган ҳолатларга мувофиқ ОКнинг 44-моддаси 2-қисмидаги қоидани ҳисобга олган ҳолда даъво қўзғатилган-қўзғатилмаганлигидан қатъи назар болалар тарбияси учун нафақа ундириш масаласини муҳокама қилиши мумкин.
Ишни кўриш бошқа кунга қолдирилган ва эр-хотинга ярашиш учун муҳлат берилганда суд ФПКнинг 263-моддаси ва ОКнинг 112-моддасига кўра иш кўрилгунига қадар болалар таъминоти учун нафақа ундириш масаласини муҳокама қилишга ҳақли.
17. Агар нафақа ундириш ҳақидаги талаб сиртдан ҳал қилув қарори чиқариш тартибида (ФПКнинг 224-моддаси) ҳал қилинган бўлса, нафақа тўлашга мажбур бўлган шахс суднинг қароридан норози бўлган тақдирда ҳал қилув қарорини қайта кўриш ҳақида судга ариза бериши мумкин. Агар қарздор сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорнинг бекор қилинишини талаб қилса, судя нафақа ундириш ҳақидаги ушбу қарорни бекор қилиш ҳақида ажрим чиқаради ва ишни Фуқаролик-процессуал кодексида белгиланган қоидалар бўйича кўради (ОК 235-модда).
Никоҳдан ажралиш процессида қўзғатилган нафақа ундириш ҳақидаги талабни алоҳида иш юритишда кўришда, агар ФПКнинг 263-моддаси тартибида муқаддам нафақа ундирилмаган бўлса, Оила кодексининг 136-моддасига кўра, нафақа судга мурожаат қилинган кундан бошлаб ундирилишини, агар суд томонидан даъвогар алимент ундириш учун барча чораларни кўришига қарамай, жавобгар уни тўлашдан бош тортгани сабабли алимент ундира олмаганини, шунингдек даъвогар оилани сақлаб қолиш мақсадида ёки бошқа узрли сабаблар билан ўз вақтида даъво тақдим қилмаганлиги аниқланса, суд иш ҳолатларига қараб, ўтган вақт учун, аммо уч йилдан ортиқ бўлмаган муддатга алимент ундириш мумкинлигини назарда тутиши лозим.
Шу мақсадда, суд, қоидага кўра, ишни эр-хотиннинг ҳар иккаласи иштирокида кўриши лозим. Эр-хотиндан бири келмаганида ишни кўришга фақат фавқулодда ҳоллардагина (ФПКнинг 174-моддаси) ва асослантирилган суднинг ажримига кўра йўл қўйилиши мумкин. Эр-хотиндан бири доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикасидан ташқарига кўчиб кетган бўлса, суд ишнинг кўрилиши ҳақида унга хабар қилади ва унинг судга келиш имконияти бўлмайдиган ҳолларда суд тегишли ажрим чиқариб, ишни мазмунан кўради.
20. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 44-моддасида, никоҳдан ажратиш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқариш вақтида суд томонидан ҳал этиладиган масалалар ёритилган. Никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво билан бир вақтда эр-хотиннинг ушбу қонунда кўрсатилгандан ташқари бошқа талабларини кўриб чиқиш қонунда кўзда тутилмаган.
21. Оила кодексининг 29-моддаси эр-хотинга никоҳда бўлган даврларида ва эр-хотин никоҳдан ажратилган тақдирда ўзгаларнинг мулки ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишув тузишларига имкон беришига судларнинг эътибори қаратилсин.
Никоҳ шартномаси эр ва хотиннинг мавжуд мол-мулкига нисбатан ҳам, бўлғуси мол-мулкига нисбатан ҳам тузилиши мумкин. Никоҳ шартномасига Оила кодексининг 31-моддасида кўрсатилган муносабатлардан ташқари, эр ва хотиннинг мулкий муносабатларига оид бошқа қоидалар ҳам киритилиши мумкин.
23. Оила кодексининг 23-моддаси эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулклари эканлигини белгилайди.
24. Оила кодексининг 25-моддасига мувофиқ, эр ва хотиннинг никоҳга қадар ўзига тегишли бўлган мол-мулки, шунингдек улардан ҳар бирининг никоҳ давомида ҳадя, мерос тариқасида ёхуд бошқа бепул битимлар асосида олган мол-мулклари улардан ҳар бирининг ўз мулки ҳисобланади.
29. Оила кодексининг 27-моддасига мувофиқ, эр-хотин ўртасида бўлинадиган мулклар таркибига уларнинг никоҳ давомида орттирган ва мавжуд бўлган ёхуд учинчи шахсларда бўлган, мулклари (шу жумладан, пул маблағлари) киради. Эр-хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишда эр ва хотиннинг умумий қарзлари уларга белгиланган улушларга мутаносиб равишда ҳар иккаласи ўртасида тақсимланади.
33. ФПКнинг 210-моддасига мувофиқ, суд мол-мулкни асл ҳолида ундириш тўғрисида чиқарган ҳал қилув қарорида, агар ҳал қилув қарорини ижро этиш вақтида бўлинган мулк нақд бўлмаса, жавобгардан ундириб олиниши лозим бўлган мулкнинг қийматини ҳам ҳал қилув қарорида кўрсатиши шарт.
40. Тарафларнинг ярашганлиги учун, шунингдек бошқа асосларга кўра иш юритиш тугатилганда, суд ФПКнинг 237-моддасига мувофиқ ажрим чиқариши лозим ва тарафларга никоҳ ҳақидаги гувоҳномани қайтариб беришга мажбур.
43. Оила кодексининг 49-моддасига мувофиқ, қонунда белгиланган никоҳ тузиш шартларини бузиб қайд қилинган никоҳ суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Жумладан, никоҳ тузиш учун никоҳланувчиларнинг ўзаро розиликлари бўлмаса, бошқа бекор қилинмаган никоҳ мавжуд бўлса, насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида тузилган бўлса, лоақал биттаси руҳият бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахс билан, никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳга кирилган бўлса сохта никоҳ, яъни эр-хотин ёки улардан бири оила қуриш мақсадини кўзламай тузган никоҳ ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
47. Никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар бўйича суд мажлиси баёнлари ФПКнинг 21-моддаси талабларига мос келиши лозим. Жумладан, уларда суд муҳокамасининг барча аҳамиятли ҳолатлари: даъвогар ва жавобгар тўғрисидаги, болалар ва уларнинг ёшлари ҳақидаги маълумотлар, даъвонинг моҳияти юзасидан тўлиқ тушунтиришлар, гувоҳлар баёнотлари, суд томонидан бошқа далилларнинг текширилганлиги, шунингдек суднинг тарафларни яраштириш борасида қилган ҳаракатлари кўрсатилиши шарт.