Агар иш берувчи билан муаллиф (ҳаммуаллифлар) ўртасидаги шартномада ушбу модда иккинчи қисмининг қоидалари назарда тутилган бўлса ва иш берувчи яратилган саноат мулки объекти тўғрисида муаллиф (ҳаммуаллифлар) томонидан ёзма равишда хабардор қилинган кундан эътиборан тўрт ой ичида Вазирликка патент бериш ҳақидаги талабномани топширмаса, патент бериш ҳақидаги талабномани топшириш ҳуқуқидан бошқа шахс фойдасига воз кечмаса ва тегишли объектни сир сақлаш тўғрисида муаллифга (ҳаммуаллифларга) маълум қилмаса, у ҳолда муаллиф (ҳаммуаллифлар) талабнома топшириш ва ўз номига патент олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Мазкур модданинг учинчи ва тўртинчи қисмларида кўрсатилган ҳолларда иш берувчи патент эгасига шартномада белгиланадиган миқдорда товон тўлаб, ўз ишлаб чиқаришида тегишли саноат мулки объектидан фойдаланишда устувор ҳуқуққа эга бўлади.
Ушбу модданинг тўртинчи қисмига асосан олинган саноат мулки объектидан фойдаланиш ҳуқуқи бошқа шахсга фақат таркибида ушбу объектдан фойдаланилаётган, патент билан тасдиқланган саноат мулки объектига бўлган ҳуқуқни ўтказиш билан биргаликда берилади.